Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқаролик бахти…

Фуқаролик бахти…

Фото: «Aндижоннома»

Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,

Осмон мактубларин мангу мавзуси.

Азал зулматларин кесиб ўтган нур –

Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Эшқобил Шукур

Онам Тошкентда таваллуд топган. Бувимни (отамнинг онасини) аравада атиги ярим кун йўл юриб Тошкентдан Жанубий Қозоғистоннинг Турбат қишлоғига ёр-ёр айтиб узатиб боришган экан.

Мен аҳолисининг 80 фоизини Тошкентдан қатағон қилинган ўзбек зиёлиларининг фарзандлари яшайдиган, Ўзбекистон пойтахтининг шундоққина биқинида жойлашган, туркигўй шоир Атоий, Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла таваллуд топган кўҳна Турбат қишлоғида туғилганман. Урф-одатларида, шевасида Тошкент нафасини сақлаб қолган ҳамқишлоқларим фарзандларининг ярми Турбатда яшаса, айримлари Тошкентда истиқомат қилади.

Ўзбекистонда муқим 5 йил яшаган инсонга фуқаролик паспорти берилиши «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»даги қонунда белгилаб қўйилган. Тошкентга келганимга 25 йил бўлибди. Чорак аср... Баъзан тушларимда Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларидан қанот қоқиб учиб ўтаман. Баъзан эса Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларидаги дарвозаларнинг шарақлаб очилиб, божхона постидан ўтаётганимни кўраман...

Уйимдан Чилонзорга бир соатда етиб бораман. Агар қўлимда фуқаролик паспорти бўлганида эди, ота юртим – Турбатга 45 дақиқада етиб борар эдим. Шу армон, шу ҳасрат йиллар давомида мени эзиб келди. Юрагим ўртаниб, ота-она, жигарлар соғинчи қалбимни тилка-пора қилди. Бу масаланинг бир томони.

Иккинчиси, ўқитувчиман. Ўқувчиларим турли танловлар, фан олимпиадалари, «Билимлар беллашуви» каби мусобақаларда юқори ўринларни эгаллайди. Ўзим ҳам қандай танлов бўлса, қатнашавераман, ғолибликни қўлга киритавераман. Ҳар йили давлат мукофотларига тавсия қилинаман. Ҳужжатларим юқори ташкилотларга етиб борганида қайтиб келади... «Опа, — дейишади,— ҳаммаси зўр экану, паспортингиз чатоқ экан-да. Фуқаролигингиз йўқ экан», – дейишади жилмайиб. Кейин-кейин худди тавқи лаънатдек эшитиладиган шу гапдан қочиш учун мукофатларга ҳужжат ҳам йиғмай қўйдим.

Инсон учун мукофот нима ўзи? Агар кимдир менга шу саволни берса, ҳеч иккиланмай шундай жавоб берардим: «Мен учун Ўзбекистон паспортини бир бор бағримга босиш, мен Ўзбекистон фуқаросиман деган сўзни баралла айтиш бахт».

Бир куни ўқитувчилар байрами арафасида Халқ таълими вазирлиги томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирландим. Қучоғим тўла гул, уйга қайтаётсам ёмғирдан қолган кўлмакда лойга ботиб ётган маст одамга кўзим тушди. Сал нарида эса мен орзу қилган, тушларимга кириб чиқадиган ям-яшил паспорт ҳам лойга қоришиб ётарди. Бўғзимга бир нарса тиқилди-ю, ўз-ўзимга «Шу одам ҳам мендан бахтлироқ, у шу ётишида ҳам Ўзбекистон фуқароси» дея йиғлаб юбордим. Бу биргина менинг дардиммикан?

Қирғизистоннинг Ўшидан Андижонга келиб қолган, Туркманистоннинг Тошовузидан Хоразмга, Тожикистоннинг 9 та чегара туманидан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига тақдир тақозоси билан келиб қолган ўзбеклар менинг дарддошларим.

Нобел мукофоти соҳиби Албер Камю шундай деган эди: «Ишонаверинг, кутилмаганда ҳамма нарса рўй бериши мумкин». Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фуқаролик паспортини бериш тўғрисидаги фармонини эшитган куним кун бўйи йиғладим. Кўз олдимдан бир соатлик йўлда туриб ҳам паспорти «ЛБГ» (лицо без гражданства — фуқаролиги йўқ шахс) бўлгани учун вақтида ҳужжат топшира олмай ёки виза учун 30 доллар (ҳозир 80 доллар) тўлолмай қолганлиги учун отасининг тобутини кўтаришдан маҳрум бўлган ўғиллар, онасининг совуқ дийдорини кўролмай армонда яшаётган қизлар ўтди.

Менинг қалбимда ҳам умид учқуни йилт этиб ёнди.

Қўшни мамлакатларга очилаётган дарвозалар учун ташаккур! Дўстона муносабатлар учун ташаккур! Келажакка берилган йўлланма учун ташаккур! Энг муҳими, кўнглимдаги андуҳлар ювилиб, паспортнинг ранги каби ям-яшил куртак отаётган умид учун ташаккур!

Феруза Солихўжаева,
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги
248-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг