Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кийдирдими анжанчасига?!»

«Кийдирдими анжанчасига?!»

Фото: «Xabar.uz»

Сайдулло Узоқов кўринишидан туппа-тузук одамга ўхшайди: турқ-таровати, гап-сўзи жойида, бировда шубҳа туғдирмайди. Унда қандайдир сеҳрми-оҳанрабо бордайки, бир марта гаплашган одам унинг сўзларига лаққа тушганини ўзи билмай қолади денг.

Ана, А.Фозилов деганни олинг, унақа содда одам эмас, Андижоннинг «Жаҳон буюм бозори»да уяли алоқа воситаларини таъмирлаш, сотиш фаолияти билан шуғулланади. Бозорда турфа одамни кўравериб, пишиб кетганлардан. Шунга қарамай, Сайдулло Узоқовнинг гапларига лаққа тушиб, бир эмас, тўртта — ҳар бирининг нархи 80 минг сўмдан, жами 320 минг сўмлик «Nokia-5800» русумли уяли алоқа аппаратларини қўшқўллаб топширганини айтинг?! «Пулларини тез кунда бераман», дея қорасини кўрсатмай кетганидан кейин билди — «анжанчасига кийдирибди», номард!

Кейинроқ, С.Узоқовнинг шу ва шу каби қилмишлари фош этилганида ошкор бўлдики, жами баҳоси 320 минг сўмлик уяли телефон аппаратларини у 95 минг сўмга пуллаб юборган экан...

Буниси ҳолва экан: у Д.Азимовни 600 долларга «ухлатибди»: эскироқ «ГАЗ 24-09» русумли автомашинасини 700 АҚШ долларига  келишиб, 100 долларини беради-ю машинани олиб ке-етади...

Шу кетганича яна бир неча фуқароларни чув туширганига нима дейсиз? Масалан, бир фуқаронинг «Prestigo 37-67» русумли нархи 280 минг сўмлик планшетига харидор бўлиб, «хотинимга бир кўрсатиб келай» баҳонаси билан олиб кетганича ғойиб бўлади. Бундан ташқари М.Фозилжоновга тегишли «Xiaomi Redmi 4X» русумли, қиймати 1 млн. 200 минг сўмлик смартфонни ҳам алдов йўли билан қўлга киритади. Қандай қилиб денг? Оила аъзоларига қўнғироқ қилиб олишини айтиб, телефон аппаратини олади-ю, Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳасидаги кўп қаватли уйларнинг подъездига кириб кетганча жуфтакни ростлайди. Худди шу усул билан  М.Умарованинг «iPhone 4-C» русумли, қиймати 450 минг сўмлик уяли алоқа аппаратини ҳам «кийдиради».

Худди ана шу телефон аппаратини 10 апрель куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳудудида Б.Турғуновга 250 минг сўмга сотиб юборади. Б.Турғуновга телефон турмуш ўртоғиники эканини, ҳозирда у шифохонадалиги ва унга дори-дармон учун пул зарур бўлгани сабабли телефонни сотишга мажбур бўлаётганини ишонарли тарзда ҳикоя қилади. Асакалик Х.Абдуллаевнинг «Samsung Galaxy A3/6» русумли, қиймати 1 млн. 500 минг сўмлик телефон аппаратини қўлга киритишда ҳам шу усул қўл келади унга... Ўғирланган, фириб йўли билан қўлга киритилган телефон аппаратларини ярим баҳосига сотиб, ялло қилиб юраверади.

Бунақа устомонлар ялло қилиб қаергаям борарди? Ажойиб кунларнинг бирида тумшуғидан илинган С.Узоқов суднинг қора курсисига ўтирғизилди. Ўзиям жабрланувчиларни «анжанчасига кийдириш» орқали у ёқ-бу ёғи ўн миллион сўм нари-берисидаги мулкларни қўлга киритган экан, «азамат»! Ҳаммасини тўлайдиган, камига уч ярим йил «ўтирадиган» бўлди.

Айтинг, бировнинг  бурнини қонатиб ким саодатга эришибди?

Азизбек  ОДИЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича
 Бўз туман судининг девонхона мудири

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг