Ноёб тарихий хазиналар Ўзбекистонга қайтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарих яна бир бор «тилга кирди». Марказда ташкил этилган илмий кенгаш йиғилишида нафақат ноёб артефактлар, балки асрлар қаърида йўқолиб кетган маданий хотиранинг ўзи жамоатчиликка тақдим этилди.
Илк бор кенг илмий доираларга намойиш этилган ушбу осори атиқалар халқаро даражадаги мураккаб қидирув ва ҳамкорликлар натижасида Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг ортида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Heritage Crime Task Force, Лондон полициясининг санъат ва антиквар жиноятларга қарши бўлими, Art Loss Register ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU иштирок этган йирик халқаро амалиёт — Operation Inherent Vice туради.
Тақдим этилган артефактлар Марказий Осиёнинг минг йиллик цивилизацион қатламларини ўзида мужассам этган. Кушонлар даврига оид ҳайкал бошлари, буддавий деворий суратлар, суғдий маданияти излари, Фаязтепа ва Қоратепадан топилган ноёб осори атиқалар — буларнинг ҳар бири тарихнинг тирик гувоҳидек таассурот қолдирди.
Айниқса, II–VIII асрларга мансуб деворий суратлар ва Гандҳара услубидаги терракота ҳамда штуко ҳайкаллар йиғилиш иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар фикрича, бу топилмалар нафақат диний ёки маданий мерос, балки қадим цивилизациялар ўртасидаги бадиий ва маънавий уйғунликнинг ноёб далили ҳисобланади.
Тадбирда XV асрга оид темурийлар даври кенотафи ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Мураккаб нақшлар, нозик битиклар ва шеърий ёзувлар билан безатилган ушбу ёдгорлик Марказий Осиё мемориал санъатининг энг ноёб намуналаридан бири сифатида баҳоланди.
Йиғилиш давомида ушбу артефактларни реставрация қилиш, илмий тадқиқ этиш, халқаро каталогларга киритиш ва музей экспозицияларига тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU раиси Фирдавс Абдухолиқов бу жараённи мамлакат маданий сиёсатидаги муҳим бурилиш сифатида баҳолади:
«Бу ноёб артефактларнинг юртимизга қайтарилиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маданий меросни асраш ва уни дунё миқёсида ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг амалий натижасидир».
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган ушбу тақдимот нафақат тарихий воқеа, балки миллат хотираси, маданий ўзлик ва цивилизацион меросни қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter