Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Превентив дипломатия. Қўшнилар билан яхши алоқа қанчалик муҳим?

Превентив дипломатия. Қўшнилар билан яхши алоқа қанчалик муҳим?

Халқаро ҳамкорликда превентив дипломатияга алоҳида эътибор қаратилади. Янги Ўзбекистоннинг баралла айтадиган ютуқларидан бири, шубҳасиз, қўшнилар билан муносабатларнинг бутунлай яхшилангани, чегаралар очилганидир. 2020 йилнинг синовлари ушбу ютуқнинг барқарорлигини ҳам синовдан ўтказди, дейиш мумкин. Бу ҳақда «Davletovuz» каналида фикр билдирилди.

Аввалига, коронавирус пандемияси туфайли минтақанинг барча мамлакатлари ўз қобиғига ўралиб олди. Ҳар ким ўз билганича иш тута бошлади. Шундай пайтда ҳам Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг иккала лидери, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон раҳбарлари билан камида икки марта телефон орқали мулоқот қилди, ўзаро гуманитар ёрдамлар юборилди. Рус тилида айтганда, «жест доброй воли».

Иккинчидан, Сардобадаги техноген офат қўшни Қозоғистонга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шавкат Мирзиёев зудлик билан Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефонда гаплашди, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари, Президент маслаҳатчиси дарҳол талафотдан зарар кўрган қўшни давлат ҳудудига борди. Барча ресурслар жалб этилди. Ёқимсиз ҳодиса, иккала томон ҳам узоқ даҳанаки тортишиши мумкин бўлган вазият янада кескинлашмади. Буни четдагилар ҳам эътироф этишди.

Учинчидан, куни кеча чегарада Чашма булоғи олдида юз берган маҳаллий даражадаги жанжал, агар чуқурроқ қаралса, ўта нозик, ҳар бир айтилган нотўғри сўз ёки қилинган ҳаракат оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Гапириш осон. Хавотирлиси, минтақа давлатларининг дўстона муносабатлари, яхши темпдаги ҳамкорлиги (айниқса, катта оғаларсиз, уларнинг йўл-йўриғисиз норасмий тўпланиб туриши) минтақа атрофидаги қудратли давлатларга унчалик маъқул эмас. Шунинг учун вазиятни қўлдан чиқариб бўлмайди. Бундай пайтда можаро сабаб ва оқибатларини зудлик билан ечиш принципиал аҳамиятга эга бўлади. Бу гал ҳам воқеа жойига ҳукумат раҳбарининг зудлик билан юборилиши, Қирғизистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар, икки мамлакат раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти вазият кескинлашишининг олдини олди. Албатта, конфликт сабаби бир кунда йўқолиб қолмайди, лекин конфликт кескинлашишининг олдини олиш превентив дипломатиянинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунга эришилди.

Галдаги вазифа инфратузилмани тартибга келтириш, Сўхдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, ишсизлик масаласини ҳал қилиш, маҳаллий раҳбарларнинг аҳоли билан чинакам мулоқотини йўлга қўйиш, ва энг асосийси, Қирғизистон билан баҳсли чегара участкаларини тўлиқ ҳуқуқий битим доирасида ҳал этишни тезлаштириш зарур. Адашмасак, 92 фоиз чегара бўйича келишувга эришилган, 10 та участка бўйича якуний тўхтамга келинмаган.

Дарвоқе, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор «Ўзбекистон раҳбарияти конфликтнинг олдини олишда энг яхши халқаро амалиётни қўллади. ЕХҲТ минтақаси ва бутун дунё учун аъло даражадаги намуна бўлди», деб қайд этди.

БМТнинг Ўзбекистондаги координатори Ҳелена Фрейзер эса «Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбариятининг Сўх анклавидаги кечаги оғриқли инцидентга зудлик билан конструктив ёндашгани эътиборга молик. Барқарор тинчлик мана шундай бўлади», деб таъкидлади.

Яхши ишларни эътироф этган яхши, ИМҲО, албатта.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг