Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Spark» ютган китобхон қиз машинани отасига совға қилди. Отанинг қувончи чексиз (видео)

«Spark» ютган китобхон қиз машинани отасига совға қилди. Отанинг қувончи чексиз (видео)

Фото: ЎзА

Яқинда ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал билимларини ва маънавий савиясини ошириш, адабиётнинг мўъжаз оламига олиб кириш мақсадида ўтказилган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи ғолиблари аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.

ЎзАда мазкур танлов ғолибаси, Самарқанд вилояти, Нарпай тумани 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродованинг фикрлари эълон қилинди.

«Энг яқин дўстим – китоб билан зерикиш нималигини билмайман. Бадиий асарлар ўқиш жону дилим. Бўш вақтим бўлиши билан қўлимга китоб оламан. Бу қалбимга, руҳимга сокинлик беради. Бу жараённи тасвирлаб бериш қийин. Адабиёт, тарихни яхши кўраман. Шеъриятга ошуфтаман.

Алломаларимиз асарлари битмас-туганмас хазина, бойлик. Ўқиганим сари ташна бўлавераман. Мутолаа қиларканман асар мени ўзига асир этади. Бошқа иш ҳақида ўйламайман. Асар қаҳрамонига айланаман, гўё. Ўқиб бўлгач, ўзим билан ўзим муҳокамага киришаман. «Ким нима қилиши керак эди, балки воқеага бошқачароқ ёндашса бўларди ёки унинг ечимини ўзгартирса бўлармиди», деб.

Ўқиган асарларим қаҳрамонлари, воқеаларини қисқача қилиб ёзиб бораман. Уни ўқишим билан китобни қайта ўқигандек бўламан.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган «Ёш китобхон» кўрик-танлови эълон қилингач, унда иштирок этишни мақсад қилдим.

Авваллари ҳам билимлар беллашуви, она-тили ва адабиёти фани бўйича кўрик-танлов, фан олимпиадаларида иштирок этганман. Лекин бу танлов жуда бошқача бўлди. Иштирокчиларнинг билими, савияси, даражаси юқори экани, кўп китоб ўқишгани кўриниб турганди. Уларни кўргач, бироз чўчидим ҳам.

Танловнинг мамлакат босқичида ғолиб бўлиб, «Spark» автомашинасини ютиб олдим. Ўзим учун, шахсий камолотим учун китоб ўқиганимни инобатга олиб Президентимиз совға беришлари кутилмаган туҳфа бўлди. Ахир ўқиганим ўзим учун фойда-ку.

Кўплаб китоблар олиб бериб, ўқишимга рағбат берган ота-онамга ушбу машинани совға қиламан».

Қиз ўз сўзида турди. Шу кунгача велосипеддан ўзга улови бўлмаган отанинг эса қувончи чексиз. «Ёшлар» телерадиоканали ана шу ҳақда лавҳа тайёрлади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг