Тошкент ва Фарғонада нашафурушлар қўлга тушди
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Бектемир тумани ҳудудида «закладка» қўйишни режалаштирган, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида доимий рўйхатда турувчи, 1992 йилда туғилган шахс ушланиб, унинг ёнида 6 гр «гашиш» ва 5 гр «мефедрон» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, у устачилик қилаётган Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги янги қурилаётган ҳовли уй кўздан кечирилганда, бу ердан жами 1 кг 700 гр «гашиш» ва 500 гр «мефедрон» ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, унинг доимий истиқомат қилувчи Зафаробод туманидаги уйидан ҳам 800 гр «мефедрон» синтетик наркотик моддаси олинди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса, Қўштепа тумани томон ҳаракатланаётган «Spakr» русумли автотранспорт воситаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошлоқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган Қўштепа туманида яшовчи, 2007 йилда туғилган фуқарога тегишли болалар сумкасида Қирғизистон Республикасидан келтирилган 969 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди.
Терговга қадар текширув давомида, ажал оғусининг ҳақиқий эгаси Фарғона шаҳрида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс эканлиги аниқланиб, у қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Манба: t.me


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter