Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Туркий давлатлар ҳарбий ҳамкорлиги зарур»  – Илҳом Алиев

«Туркий давлатлар ҳарбий ҳамкорлиги зарур»  – Илҳом Алиев

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида ҳарбий ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда у журналист Мурад Ҳусейнов билан суҳбатда маълум қилди.

Президентнинг сўзларига кўра, саммитда туркий давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ташаббуси бевосита унинг ўзи томонидан илгари сурилган.

«Бугунги глобал жараёнлар шуни кўрсатяптики, ҳар бир давлат, энг аввало, ўз ҳарбий салоҳияти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаши керак. Мен Янги йил табригида ҳам айтгандим: ҳозирги дунёда ким кучли бўлса, ўша ҳақли. Бу фикр деярли ҳар ҳафта турли минтақаларда тасдиқланмоқда», — деди Алиев.

Унинг таъкидлашича, Габалада ўтган саммитда у янада аниқ таклиф билан чиққан — 2026 йил давомида Озарбайжонда туркий давлатлар иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш. Президент бу ташаббуснинг ҳам рамзий, ҳам амалий аҳамияти борлигини қайд этди.

«Биз Туркия билан, шунингдек бошқа аъзо давлатлар билан икки томонлама форматда ҳарбий машғулотлар ўтказиб келяпмиз. Аммо кўп томонлама қўшма машғулотлар туркий дунё бирлигини намоён этиш билан бирга, реал хавфсизлик эҳтиёжларига ҳам жавоб беради», – деди Озарбайжон етакчиси.

Илҳом Алиевнинг фикрича, замонавий дунёда халқаро ҳуқуқ ўз аҳамиятини йўқотган.

«Бугун халқаро ҳуқуқ деган тушунча амалда мавжуд эмас. Куч, ҳамкорлик, иттифоқчилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бор. Шу билан бирга, ҳеч бир давлат бошқасининг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилмаслиги керак», – дея таъкидлади у.

Президент 2020 ва 2023 йилларда, шунингдек, улар орасидаги даврда Озарбайжон Арманистонга нисбатан янада кескин ҳарбий жавоб бериши мумкин бўлганини, аммо бундан онгли равишда тийилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, кучли томон сифатида урушни тўхтатиш масъулияти айнан Бокуда бўлган.

«Биз куч ишлатишимиз мумкин эди, аммо бу нотўғри бўларди. Мен уруш барибир тугашини билардим ва уни кучли томон тўхтатиши керак эди», – деди Алиев.

Президентнинг таъкидлашича, туркий давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик масаласида гап янги ҳарбий блок ёки ташкилот тузиш ҳақида кетмаяпти.

«Биз энергетика, транспорт, савдо ва инвестициялар соҳаларида ҳамкорлик қиляпмиз. Нима учун хавфсизлик соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмаслигимиз керак?» – деди у.

Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, ушбу ташаббус бўйича дипломатик каналлар орқали мулоқотлар олиб борилмоқда. Агар барча аъзо давлатлар розилик билдирса, қўшма ҳарбий машғулотлар жорий йилнинг ўзидаёқ ўтказилиши мумкин.

«Мен умид қиламанки, барча давлатлар бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди», – деди Озарбайжон президенти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг