Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик бўйича мунозарага ижобий ҳисса қўшишга қодир

Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик бўйича мунозарага ижобий ҳисса қўшишга қодир

Жорий йилнинг 14-15 феврал кунлари Мюнхен шаҳрида (ГФР) бўлиб ўтган Хавфсизлик бўйича 62-Мюнхен конференцияси доирасида ушбу платформа тарихида биринчи марта Марказий Осиё тинч трансформация, барқарор ривожланиш ва минтақавий масъулиятнинг ўзига хос моделига эга яхлит минтақа сифатида тақдим этилди. Бу фикр Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ (Озарбайжон) ва Каспий сиёсати маркази (АҚШ) томонидан ташкил этилган тадбирлардаги мунозаралар доирасида билдирилди.

Сессияларнинг асосий маърузачилари ва иштирокчилари орасида Саудия Арабистони Қироллиги Ислом тадқиқотлари маркази директорлар кенгаши раиси Турки Ал-Файсал бин Абдулазиз Ал Сауд, БМТ Бош котиби ўринбосари Мигел Анхел Моратинос, ЮНКТАД Бош котиби Ребека Гринспан, Австрия собиқ федерал канцлери Себастян Курс, Европа тинчлик институти президенти Хелга Шмид, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стрипрайс ва бошқалар бор.

Ўзбекистон томонидан Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов иштирок этди. Уларнинг нутқлари сўнгги ўн йил ичида можаролардан барқарор ҳамкорликка ўтишга муваффақ бўлган Евроосиёнинг кам сонли минтақаларидан бири сифатида Марказий Осиёни муҳокама қилишнинг концептуал асосини яратди.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ сессиясида сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Мюнхен конференциясида Марказий Осиё бўйича алоҳида, мазмунли мунозара пайдо бўлишининг ўзи жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

«Узоқ вақт давомида Марказий Осиё асосий таҳлилий ва сиёсий эътибордан четда қолди. Минтақа ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ ва эскирган эди. Бугун биз Марказий Осиёни нафақат ўзи ўзгарган, балки глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир минтақа сифатида биринчи марта тилга олмоқдамиз», - деди Элдор Арипов.

Унинг таъкидлашича, минтақанинг трансформацияси глобал миқёсда кескинлашув ва қутбланиш жараёнлари кучаяётган бир шароитда айниқса яққол намоён бўлмоқда. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида беқарорлик ортиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё муқобил ривожланиш траекториясини – мулоқот, прагматизм ҳамда «нол йиғиндили ўйин» мантиқидан воз кечиш тамойилларига асосланган ёндашувни намойиш этмоқда.

СМТИ директори ўн йил олдин ҳам минтақа ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган ҳудудий ва сув низолари, вақти-вақти билан содир бўладиган қуролли ҳодисалар ва чегаранинг миналаштирилган участкалари билан боғлиқ бўлганини эслатди. Буларнинг барчаси миллионлаб одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатди.

Бугун вазият бутунлай бошқача.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий савдо икки баробардан зиёд кўпайди, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб беш баробар ошди, аҳолининг трансчегаравий ҳаракатчанлиги минтақа ўнлаб йиллар давомида кўрмаган даражада тикланди. Covid-19 пандемияси даврида ҳам минтақа мамлакатлари ҳаётий муҳим товарларни етказиб бериш учун чегараларни очиқ қолдиргани - жамоавий барқарорлик ва ўзаро ишончнинг ифодаси сифатида эътиборга лойиқдир.

«Марказий Осиёнинг асосий сабоғи шундаки, география эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди. Энг юқори даражадаги сиёсий ирода асосий омил бўлди. Ўзбекистон Президенти қарама-қаршилик ўрнига барқарорлик ва тараққиёт фойдасига онгли танлов қилди ва минтақанинг барча етакчилари томонидан қабул қилинган формулани таклиф қилди: барқарор ривожланиш фақат ўзаро манфаатлар асосида амалга ошиши мумкин», - деди СМТИ директори.

Э.Арипов, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик фақат ҳарбий нуқтаи назардан кўриб чиқилмай, ривожланиш, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик натижаси сифатида қайта кўриб чиқилганини таъкидлади.

Маърузаларда маҳаллий ҳамжамиятларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик нафақат давлатлараро келишувлар билан, балки тинчликнинг оддий фуқаролар ҳаётида амалий мазмун касб этгани билан ҳам таъминланмоқда – савдо-сотиқ, туризм ва трансчегаравий ҳамкорлик орқали.

Айнан шу ёндашув ўтган йил октябр ойида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Фарғона тинчлик форумининг асоси бўлди.

«Фарғона мулоқоти ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар биргаликда ишлайдиган платформага айланди. Унинг вазифаси нафақат эришилган ўзгаришларни қайд этиш, балки Марказий Осиёни можароларнинг олдини олиш ва дунёнинг бошқа минтақалари учун ишончни ошириш бўйича амалий тажриба манбаига айлантиришдир», - деди Элдор Арипов.

Форум якунларига кўра, уни минтақанинг узоқ муддатли барқарорлигига қаратилган ва унинг тажрибасини халқаро даражага етказувчи доимий мулоқот платформаси сифатида институтлаштиришга қарор қилинди.

Ушбу мавзунинг мантиқий давоми Каспий сиёсати маркази томонидан ташкил этилган майдонда ўтказилган муҳокама бўлди, унда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг Ўрта коридор контекстида ортиб бораётган ўзаро боғлиқлиги масаласи муҳокама қилинди.

Элдор Арипов ўз нутқида икки минтақа ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши Евроосиёда чуқур таркибий ўзгаришларни акс эттиришини таъкидлади.

«Гап янги блоклар ёки расмий иттифоқлар тузиш ҳақида эмас, балки амалий манфаатларга асосланган фунционал ўзаро боғлиқлик – транспорт, савдо, энергетика ўтиш ва таъминот занжири барқарорлиги ҳақида кетмоқда», – деб таъкидлади у.

Айниқса, Ўзбекистон Президенти ушбу янги стратегик ўлчамни биринчилардан бўлиб тан олгани ва Озарбайжонни Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлиги доирасига киритишни таклиф қилгани таъкидланди. Муҳокама иштирокчиларининг фикрига кўра, ушбу ташаббус иқтисодий ўзаро боғлиқлик беқарорлик қийматини оширадиган ва шу тариқа можароларнинг олдини олишга хизмат қиладиган янги воқеликни акс эттиради.

Мюнхендаги Ўзбекистон вакилларининг нутқлари Марказий Осиё тобора кўпроқ муаммонинг манбаи эмас, балки ечимнинг бир қисми сифатида қабул қилинаётганини кўрсатди. Марказий Осиёдан Жанубий Кавказ орқали Қора денгизгача бўлган ҳамкорлик маконини ривожлантириш бутун Евросиёга таъсир қилувчи кенгайтирилган барқарорлик зонасини яратиши мумкин.

Маълумот учун, Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси глобал хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг нуфузли халқаро платформалардан биридир. 2026 йилда унинг ишида 115 дан ортиқ мамлакатдан мингдан ортиқ вакиллар, жумладан, 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг