Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уйидан қочиб кетиб юлдузга айланган футболчи

Уйидан қочиб кетиб юлдузга айланган футболчи

Фото: «footballhd.ru»

«Ливерпул»нинг сенегаллик легионери Садио Мане бир қарашда юлдузлик даражасига жуда тез эришгандай туюлиши мумкин. Аммо унинг болалиги, футболчи бўлиш учун қанчалар машаққат чекканидан кўпчилик бехабар. Шу боис клуб телеканали Садио билан дилдан суҳбатлашишга қарор қилди. Демак, у ўз ҳаёти ҳақида ўзи ҳикоя қилади.

«Аллоҳнинг менга берган неъмати бу»

Ҳамма тезкорлигимга ҳавас қилади. Ўзимдан гоҳида «Бундай чопқирликнинг алоҳида сири борми?» деб ҳам сўрашади. Бу Аллоҳнинг менга берган неъмати. Тезкор бўлай дея қўшимча машғулотлар бажармадим. Шундай яратилганимдан ҳатто мактабда ўқиб юрган чоғларимда ҳам югуриш мусобақаларига қатнашишга мажбур бўлардим. Ишонмаслигингиз мумкин, у пайтларда ҳозиргидан тезкор эдим. Шунинг учунми, узоқ масофаларга югуриш баҳсларида мактабим шарафини бир неча бор ҳимоя қилганман. Ҳа, болалигимда ҳатто велосипедим ҳам йўқ эди. Оёқкийимимни киярдим-да, бир неча километр олисдаги мактабимга чопардим.

«Ичмайман, чекмайман»

Бошимга ташвиш тушганда ҳам, хурсандчилигимда ҳам Аллоҳга шукур қиламан. Машғулотлардан бўшашим билан Қуръони каримни қўлга олиб, мутолаа қиламан. Дин – менинг учун футболдан ҳам муҳимроқ. Гўзал дин – исломнинг аҳкомларига имкони борича амал қиламан. Кунда беш вақт намоз ўқийман. Спиртли ичимликларни умуман истеъмол қилмайман, ҳатто сигарет ҳам чекмайман. Нафақат спортчи ёки футболчи, балки ҳамма учун тананинг соғломлиги муҳим. Шундай экан, меъёрида овқатланаман. Ўзимнинг шахсий ошпазим бор. Унинг тавсияларига қатъий риоя этаман.

«Машғулот ва тажриба»

Ҳаётим мобайнида ҳеч қачон оғир меҳнатдан ўзимни олиб қочмадим. Машғулотларда тинмай тер тўкдим. Бизда шундай гап бор «Меҳнат – улуғлик кўпригидир». Агар 25 ёшга кирган бўлсангиз ҳам футболда ҳамма нарсага эришдим дея олмайсиз. Чунки тажриба йиллар давомида тўпланади. Ҳамон ўрганаяпман: футболчилар, мураббийлар ва рақиблардан.

«15 ёшимда уйдан қочиб кетганман»

Ҳамон эсимда, 2002 йили Япония ва Жанубий Корея майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати. Бизнинг миллий термамиз биринчи ўйинидаёқ жаҳон чемпиони Францияни мағлуб этганди. Ўшанда мактабда ўқир эдим. Эл Ҳожи Диуфнинг фанати эдим. Шу боис биринчи ўйинни кўриш учун мактабдан қочиб, синфдошимнинг уйида ўша ўйинни томоша қилгандим. Диуф мени бутунлай «миллионлар ўйини»га асир этиб қўйганди. 15 ёшга тўлганимда уйдан қочишга қарор қилдим. Чунки оиламдагиларнинг аксарияти мендан футболчи чиқишига ишонишмасди. Оилада 10 киши эдик. Амаким ва фарзандлари биз билан бир ҳовлида яшарди. Кийим-кечакларни йиғиштирдим-да, пойтахт шаҳар Дакарга бориш учун кўчага чиқдим. Аммо киссамда умуман пул йўқ эди. Отамнинг танишининг олдига бориб, ундан ёрдам сўрадим. У эса бир неча кунга етадиган пул берди.

«Дортмунд»да ҳам тўп суришим мумкин эди...»

Жамоамиз бош мураббийи Юрген Клопп аввалги клуби «Боруссия»га ҳам таклиф қилганди. Унда мен «Залцбург»да тўп сурардим. Шартнома муддати тугамаганди. Қолаверса, клубдагилар менинг янада ўсишимни инобатга олиб, Юрген Клоппга рад жавобини беришганди. Германиялик мураббий «Ливерпул»га кўчиб ўтиши билан яна мени жамоасига таклиф қилди. Икки томон келишувига кўра Англияга келдим. Жамоамиз ёш. Бу йил чемпионликка эриша олмасмиз. Аммо кейинги йили албатта ливерпуллик мухлисларнинг неча йиллик орзусини рўёбга чиқарамиз. Яна бир гап. Келаси мавсум Наби Кейта бизнинг сафимизга қўйшилади. У билан деярли ҳар куни телефонлашамиз. У мендан «Ливерпуль» ҳақида сўрайди. Мен бу ерда фантастик муҳит ҳукмронлигини айтиб, қизиқишини янада орттираяпман.

Дилмурод Парпиев тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг