Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Стипендия ҳаммага берилсин ёки ҳеч кимга берилмасин. Яхшиси ҳаммага берилсин!

Стипендия ҳаммага берилсин ёки ҳеч кимга берилмасин. Яхшиси ҳаммага берилсин!

Foto: «Nuz.uz»

Тошкентда университетга ўқишга кирганимда 5000 сўм атрофида стипендия олар эдим. «Буханка» ноннинг нархи янглишмасам 25 сўм, битта гумманинг нархи 10 сўм эди. Яна қанчадирам пулга «проездной» олардим, қолганини еб-ичишга ва ўқув қуроллари олишга ишлатар эдим.

Хуллас, 5000 сўм менинг бир ойлик харажатларим учун етарли эмас эди, лекин 1000 километр узоқда яшайдиган ота-онамни безовта қилиб, пул сўрамаслик учун шу пулни етказиб яшашга ҳаракат қилар эдим. Аммо барибир, уйдан пул сўраб олиш уят бўлса ҳам, онда-сонда ётоқхонамизнинг танга ташланадиган эски телефон аппаратидан уйга қўнғироқ қилиб, пул сўраб туришимга тўғри келар эди.

Мен «истисно» эмас эдим. Мен билан бирга турадиган ва мен билган талабаларнинг аксарияти уйларидан оз-моз пул олиб турсалар ҳам улар асосан стипендияларига яшар эдилар.

Квартираларда яшаб, «бойвачча» бўлиб яшайдиган талабалар ҳам бор эди-ю, ундайлар оз эди. Бир куни педагогика университетида ўқийдиган талаба дўстимизникига «меҳмон»га борсак, нон олишга ҳам пуллари қолмаганлиги сабабли, хом пиёзга туз сепиб еб ўтиришган экан. Меҳмонга бориб, уларга ўзимизнинг стипендиямиздан оз-моз харажат қилиб бериб келган эдик ўшанда.

Университетда давомат деган нарса бўлгани ва ҳар куни дарсларимиз борлиги сабабли дарслардан қолиб ёки бўш кунларда ишлашимнинг имкони йўқ эди. Шунга қарамасдан, иккинчи ёки учинчи курсдалигимда тунда ишлаш учун қоровулхонадан иш топганимда дадам «Ўқишингни ўқи, пул керак бўлса менга айт», — деб уришиб берган эди. Мен «хўп» деб ўқишимни ўқишда, лекин шу билан бирга пул сўрашга уялганлигим учун яна стипендияга яшашда давом этдим. Мен билган бошқа битта талаба дарсларга келмасдан ҳар доим қурилиш ишларида юрар, билими ҳам шунга яраша эди. У ўқишни ҳам шундай қилиб битирди.

Аввало пул бериб баҳо олишга принципиал қарши бўлганлигим ва қолаверса, стипендиямнинг пули ўзимга яшашим учун керак бўлганлиги сабабли баҳоларимни ўзим ўқиб олишга ҳаракат қилар эдим. Пулсиз баҳо қўймайдиган домлалардан баҳо олиш мен учун  алоҳида машаққатли машғулот эди.

Менимча, агар стипендиям бўлмаганида, тақдирим бошқача бўларди. Балки  стипендиясиз ҳам, ота-онамнинг ёрдами билан, ўқишни бир амаллаб тугатардим эҳтимол. Чунки улар мени ташлаб қўйишмасди. Лекин ота-оналари хоҳласалар ҳам ёрдам бера олмайдиган жуда кўплаб дўстларимиз ўқишларини тугата олмаган бўлар эдилар.

Дунёнинг турли давлатларида талабаларга бериладиган стипендияларга нисбатан турлича муносабатлар мавжуд. Айрим давлатларда фақат яхши ўқийдиганларга стипендия берилади, яна бирларида ота-оналарининг даромадларига қараб болаларига стипендиялар берилади ёки берилмайди. Айрим давлатларда, масалан, Данияда истисносиз барча талабаларга стипендиялар берилади. Даниянинг ўзига ҳослиги шундаки, уларда «учлик», «бешлик» деган стипендиялар мавжуд эмас. Барча талабаларга бир хил миқдорда стипендиялар тўланади. Ягона фарқ, ота-онаси билан турадиганларга камроқ, уларсиз ўзлари яшайдиганларга кўпроқ стипендиялар берилади.

Аслида қайси давлатда бўлишидан қатъи назар стипендиянинг мақсади — талабага таълим олиш ва самарали натижаларга эришиш имконини беришдир.

Давомат қаттиқ тутиладиган таълим тизимларида талабалар ишлай олмайдилар ва улар кун кўришлари учун  ота-оналаридан ёрдам олишларига тўғри келади. Давоматга эмас, балки фақат якуний натижага эътибор берадиган давлатларда эса талабалар ўқишдан ташқари қўшимча ишларда ишлаб, ўз кунларини кўрадилар. Чунки давлатлар ривожланган, ривожланаётган ёки камбағал бўлсин, уларнинг ҳеч бирида барча ота-оналар ёппасига бой бўлмайдилар ва улар балоғат ёшидан кейин (олий таълим асосан 18 ёшдан кейин бўлади) фарзандларининг  ўқиш ва яшаш харажатларини кўтара олмайдилар.

Муаммонинг шундай мужмал эканлигини ҳисобга олган ҳолда дунё мамлакатлари талабаларнинг таълим харажатларига кўмак соҳасини ўз қўлларига олганлар ва улар стипендияларнинг ўзларига маъқул деб топган турини ўзларида қўллайдилар. Ҳар ҳолда талабаларнинг самарали таълим олишлари фақат уларнинг ота-оналари эмас, балки мамлакатнинг келажаги учун ҳам бирдай муҳим ҳисобланади...

Дунёда стипендияни ўз мақсадларидан буриб, унинг самарадорлигини йўққа чиқарувчи ҳолатлар ҳам мавжуд. Бундай ҳолатлар, айниқса, порахўрлик авж олган ва қонунларнинг амал қилишида муаммолар мавжуд давлатларда кузатилади. Шунинг учун мен қонунларга деярли ва буткул амал қилинадиган ва стипендия борасида порахўрлик қилинмайдиган давлатлардаги ҳолатларга тўхталмай қўя қоламан. Бу мақолада мен фақат ривожланиш йўлида бўлган ва порахўрлик давлатнинг тараққиётига тўсиқ бўлиб турган давлатлардаги мисолларгагина тўхталаман.

Порахўрлик мавжуд бўлган давлатларда агар стипендиялар фақатгина яхши ўқийдиган талабаларга бериладиган қилиб белгиланган бўлса, ушбу давлатлардаги одамлар ўз фарзандларига стипендия бериладиган ўринларни пора билан сотиб олиб беришга интиладилар. Агар бундай давлатларда талабаларни яхши баҳоларга ундаш учун яхши баҳоларга яхшироқ стипендиялар тўланадиган бўлса, бу талабаларнинг яхши баҳоларни пора ёрдамида «сотиб олишлари»га сабабчи бўлади.

Айрим мутаассиб давлатларда олийгоҳларнинг мутасаддилари стипендияларни аёллардан кўра кўпроқ эркакларга берадилар. Айрим давлатларда эса стипендия беришда миллатига, ирқига, динига ва ижтимоий келиб чиқишларига қараб ажратиш ҳолатлари кузатилади.

Шундан келиб чиқиб, агар қайси давлатда қонун устуворлигини таъминлаш йўлга қўйилмаган бўлса, у ерда стипендияни қисман жорий этиш нотўғри бўлади. Чунки ундай давлатларда стипендияни қўлга киритишнинг шартлари қандай бўладиган бўлса, ўша давлатларнинг одамлари ўшандай шартларни пул билан сотиб олишга интиладилар. Натижада стипендия талабанинг таълим олиши ва самарали натижаларга эришишига хизмат қилишнинг ўрнига порахўрлик машинасига бензин бўлиб қуйилади...

«Ўзбекистонда талабаларга стипендия бериш керакми ёки йўқми?» деган саволлар пайдо бўляпти. Бу борада ҳар хил фикрлар билдирилиб, томонлар ўзларининг нуқтаи назарларини баён этмоқдалар. Шундай фикрлардан бирида «стипендия порахўрликка сабабчи бўлади, шунинг учун стипендия берилмаса порахўрлик ҳам йўқолади» дегандай хулосалар билдирилган. Менимча, стипендия сабабли порахўрлик мавжуд эмас, аксинча порахўрлик мавжуд бўлганлиги сабабли у талабаларнинг стипендияларини ҳам ўз домига тортиб кетмоқда.

Мен Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган пайтларимда талабалар «Домла, ҳамма фанлардан «5» қилиб келяпман, сиз ҳам «5» қўйиб бера қолинг», деб илтимос қилар эдилар. Мана шундай илтимослардан кейин домлалар пора олиш ёки таниш-билишчилик қилиш эвазига баҳо қўйиб бераверганликлари сабабли талабалар «5 баҳо»ни ўқиб олишга эмас, балки «илтимос» билан олишга ўрганиб қолганлар.

Бошқа томондан эса, раҳбарлар бу муаммога қарши курашишнинг «ажойиб» йўлини ўйлаб топганлар. Улар кафедра мудирларига «Битта синфда иккитадан ортиқ «5 баҳо бўлмасин» деб буйруқ бериб қўядилар. Акс ҳолда ҳамма талабалар «5 баҳо»га тўғрилаб олавериб, давлатнинг бор пули «бешчилар»га стипендия тўлашга кетиб қолади. Хуллас, «чўпон» ва «қўйлар» бир-бирларига лоппа-лойиқ. На униси холис, на буниси холис. Ўртада стипендия айбдор бўлиб қоляпти.

Агар стипендиялар ҳар хил қилиб қўйилса, бу порахўрликка хизмат қиладиган бўлса, стипендияларни буткул йўқ қилиш ҳақиқатан ҳам бир чора бўлиб хизмат қилиши мумкин. Лекин бундай қилинадиган бўлса, бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйилган бўлади. Бизнинг таълим тизимимиз собиқ совет давридан бизга мерос бўлиб қолган ижобий соҳалардан бири ҳисобланади. Бизда ўрта ва ўрта-махсус таълим харажатларини давлат 100 фоиз ўз зиммасига олади ва фарзандларимизнинг камида ўрта таълим олишларидан барчамизнинг кўнгилларимиз хотиржам. Бундан ташқари, олий таълим босқичида ҳам барча талабалар стипендия олганликлари сабабли ота-оналар фарзандларини қўрқмасдан олийгоҳларга юборадилар. «Ўғлим ёки қизим, ўқимай қўяқол, сени ўқитишга бизнинг қурбимиз етмайди», деб болаларини ўқишдан қолдирмайдилар. Яъни стипендиянинг мавжудлиги туфайли Ўзбекистонда олий таълим фақат бойларнинг болалари учунгина эмас, балки барча учун очиқдир.

Шундан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистонда муаммо стипендиянинг мавжудлигида эмас, балки порахўрликнинг мавжудлигидадир. Порахўрлик мавжуд бўлганлиги сабабли, талабаларни яхши ўқишга илҳомлантириши керак бўлган «Баҳога қараб стипендия бериш» тизими самарасизликка юз тутмоқда.

Қисқа муддатларда порахўрликнинг йўқолиши қийин масала эканлигини ҳисобга олиб, ҳозирги «Стипендия тизими»ни сақлаб қолмаслик керак деб ўйлайман. Хоҳлашса, талаб қилинганидай уни бутунлай йўқ қилишсин. Ёки ундан ҳам яхшиси, барчага бир хил миқдорда стипендия белгилашсин. Асосийси, ҳозирги ўзини оқламаётган тизим ўзгарсин.

Тўғри, кимларгадир ўқиган ва ўқимаган талабаларнинг барчаси бир хил стипендия олишлари адолатсизликдай туюлиши мумкин. Стипендияга бошқача, яъни «рақобатнинг хамиртуруши» эмас, балки талабанинг ўқишини давом эттира олиши учун зарур ижтимоий тўлов деб қаралса, чиндан ҳам у ҳаётий зарур аҳамиятга эга эканлиги маълум бўлади. Майли, у «бешлик» стипендия миқдоридан баланд бўлмасин. Лекин битта талабанинг ўз кунини кўриб, ўқишини давом эттира олиши учун зарур бўлган минимал суммадан сал кўпроқ қиймат ҳисоблаб чиқилиб, ўша сумма барча талабаларга бирдай (ҳатто бой ва камбағалга ва яхши ва ёмон ўқиганларга ҳам) берилса, стипендия порахўрликнинг қурбонига айланмайди. Шунда таълим тизимидаги порахўрлик масаласини ечиш стипендияга дахлсиз алоҳида мавзуга айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг