Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Журналистиканинг фундаментал қоидалари: КНҚҚҚН!

Журналистиканинг фундаментал қоидалари: КНҚҚҚН!

Ҳақиқат деган нарса эса аччиқ бўлади. Шунинг учун унинг заҳарини уни излаб топган ва юзага олиб чиққан инсонлар ютишади.

Фото: «jrnlst.ru»

Кинода айтилганидай «Мен журналист эмасман, аммо не қилай, бу ҳаёт қўлимга тутқазди қалам!..».

Яширмайман, бир пайтлар журналист бўлишни хоҳлаганман ва ҳаракат қилганман. Ўқувчилик пайтларимдаёқ дастлаб туман газетасида, кейинчалик республикамизнинг қатор газеталарида мақола ва шеърларим чоп этилган. Университетда ўқиб юрган кезларим «Моҳият» газетасида норасмий равишда бир йилча ишлаганман. Телевидениеда «Ассалом, Ўзбекистон!» кўрсатувида биринчи (ва охирги) лавҳам кетган ва маълум сабабларга кўра бу ишни давом эттиролмаганман.

Францияда таълим олиш орзусида ҳужжатларимни жўнатган пайтимда иккита соҳадан бирида таълим олишни орзу қилган эдим: журналистика ёки туризм. Дўстларимнинг маслаҳатига биноан учинчи олий таълим муассасаси сифатида Париж сиёсий фанлар институтини танлаган эдим, лекин умидим кўпроқ дастлабки икки муассасадан эди. Тақдир тақозоси билан улар менга жавоб беришмади. Мен умид қилмаган Сиёсий фанлар институти эса мени ўқишга қабул қилиб, грант ҳам берди. Сиёсий фанлар институтини битиргач, барибир Сорбонна университетида ўқиб, туризм магистри бўлдим. Журналистика борасида таълим олиш эса насиб қилмади. Шу боис ҳозир ҳаваскор сифатида мақолалар ёзиб турсам ҳам ўзимни ҳеч қачон журналистман демайман. Тушунарлироқ қилиб айтганда, мен машина ҳайдашни биламан, лекин ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ.

Журналистлар ўз хоҳиши билан энг «зарарли касб»ни танлаган инсонларга ўхшайди. Улар дунёдаги энг эзгу ишлардан бирини — ҳақиқатни излаш, изқуварлик қилиб маълумот тўплаш ва уни инсонларга етказиш, одамларга холислик кўзгусини тутиш каби олижаноб вазифаларни бажаради. Ҳақиқат деган нарса эса аччиқ бўлади. Шунинг учун унинг заҳарини уни излаб топган ва юзага олиб чиққан инсонлар ютишади. Инсонларга ойна тутиш ҳам шундай нарса. Ўзларининг юзлари қийшиқ бўла туриб, одамлар ўзидан эмас, балки уларга кўзгу тутганлардан хафа бўладилар.

Журналистларни спорт залидаги муштлайдиган қопга ҳам ўхшатиш мумкин. Агар ҳақиқатни олиб чиқса уларни тепадагилар муштлайдилар, ҳақиқатни олиб чиқмаса ўз ишларини қилмагани учун пастдагилар муштлайдилар. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам журналист мушт ейди. Бу гапларимнинг исботи сифатида дунёда энг кўп тазйиқларга учрайдиган ва касби туфайли вафот этадиганлар журналистлар эканини эслатишим кифоя.

Шу билан бирга журналистлик энг шарафли касблардан бири ҳисобланади. Юқоридаги қийинчиликларга қарамасдан дунёдаги энг хайрли ишларни қилиш учун инсон жасур, кўнгли қордай оқ, асаблари мустаҳкам  бўлиши керак. Табиийки, унда худо берган истеъдод, теран нигоҳ, нозик дид ҳам бўлиши лозим. Журналист худбин бўлмайди. Ўзининг қарашларига тўғри келмаса ҳам ўзгаларнинг ўзгача фикрларига ўрин беради. Ҳар ким ҳам журналист бўлолмайди. Бу касбни фақат эплаган ва чидаганларга чиқарган...

Журналистман деб юрганларнинг ҳаммаси ҳам журналист эмас. Журналистман дейиш учун аввало журналистиканинг фундаментал қоидаларини билиш керак.

Мен соҳага дахли бўлмаган киши ўша соҳани «экспертиза» қилишига қатъиян қаршиман. Тўғри, ҳар кимнинг ўз фикр ва қарашлари, барча соҳаларга оид умумий билими бўлиши мумкин. Лекин шифокорликка умуман дахли йўқ киши жарроҳга қандай операция қилиш кераклигини ўргатишини қабул қилолмайман. Таъсирлироқ чиқиши учун шифокорлардан мисол келтирдим, лекин бу барча соҳаларга тегишли гап. Аммо истеъмолчилар ошпазнинг овқати-ю ишлаб чиқарувчининг маҳсулотига баҳо бера олганидай мен ҳам истеъмолчи сифатида миллий журналистикамизда, журналистларимизнинг саводхонлиги борасида муаммолар мавжудлигини айтишим мумкин деб ўйлайман. Сал қўполроқ ўхшатиш қиладиган бўлсам, журналистларимиз орасида ҳам санъат соҳасидаги каби моҳир журналистлар ва отарчи журналистлар бор. Балки олдинлари ҳам шундай бўлгандир, лекин ҳозир информатика ва технологиялар, ижтимоий тармоқлар тараққиёти туфайли барчага бирдай минбар тегадиган бўлди. Натижада ҳақиқий журналистик мақолалар анқонинг уруғи бўлиб кетди. Улар йўқ эмас, бор, фақат уларни «ёввойи ўтлар» орасидан излаб топишга тўғри келадиган бўлиб қолди.

Энг асосийси, отарчи журналистларнинг «маҳсулотлари»да журналистиканинг фундаментал қоидалари йўқолиб кетди. Баъзан хабар ва мақолаларни ўқиб бўлгач, инсонларда жавобдан кўра кўпроқ савол пайдо бўладиган бўлди. Ваҳоланки, маълум мавзу юзасидан журналист тадқиқот олиб бориб, мақола ёзгач, ўқувчи уни қайта ўрганиб юриши керак эмас. Бу худди ошпаз олдингизга чала пишган овқатни олиб келиб қўйгандай гап. Ҳақиқий журналистика бундай бўлмайди...

Журналистиканинг фундаментал қоидалари нима? Инглиз журналистларида «5 та w» деган аксиомага ўхшаган гап бор. Бу 5 та «w» журналистнинг материалида жавоблари албатта бор бўлиши керак бўлган 5 та саволдир. Булар: «what?» (нима?), «who?» (ким?), «where?» (қаерда?), «when?» (қачон?), «why?» (нега?). Буни француз журналистлари янада кенгроқ қилиб «QQOQCCP» дейдилар: «qui?» (ким?), «quoi?» (нима?), «où?» (қаерда?), «quand?» (қачон?), «comment?» (қандай?), «combien?» (қанча?), «pourquoi?» (нега?).

Агар француз журналистларининг фундаментал қоидаларини олиб, ўзимизга жорий этадиган бўлсак, бизнинг журналистларимизнинг материалларида «Ким? Нима? Қаерда? Қачон? Қандай? Нега?», яъни «КНҚҚҚН»ларнинг жавоби бўлиши керак.

Энди холисона ўйлаб кўрайлик. Миллий журналистикамизнинг сўнгги йиллардаги материалларида мана шу фундаментал саволларнинг жавоблари мавжудми? Агар «ҳа» бўлса яхши. «Йўқ» бўлса, демак, биз «чала пишган таомлар»ни истеъмол қилиб юрибмиз...

Ўзбек журналистикаси шонли ўтмишга эга. Агар бугун журналистикамизда камчиликлар мавжуд бўлса, уларни ҳал қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг