Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халққа хўрозқанд, бизга газ ва пул!

Халққа хўрозқанд, бизга газ ва пул!

Фото: «Itd0.mycdn.me»

Ушбу воқеа қаердадир, қачондир содир бўлган, лекин қачон ва қаердалигини мен билмайман. Кимдир ўзини кўриб қолса бу фақат тасодиф, холос. Хафа бўлиш йўқ, бу ҳажвия бор-йўғи!

Исмим Соддабой бўлса ҳам, ўзим пишиққина йигитман. Тўғри, айрим дўстларим, яқинларим ҳазиллашиб Хатобой деб ҳам чақиришади. Лекин кўпчилиги мени тиришқоқлигимни, бошлаган ишимни охиригача олиб боришимни тан олиб, Қайтмас деб эркалайдилар.

Оддий деҳқон боласи бўлсам-да, катта умидлар билан пойтахтдаги институтга кирдим, бир амаллаб тугатиб, оламшумул режалар билан қишлоғимиздаги мактабга математика ўқитувчиси бўлиб қайтдим. Бироқ бир йил давомида режалардан ва хурсандчиликдан асар ҳам қолмади. Чунки фақат номим ўқитувчи эди, холос, аслида кимлигимни ўзим ҳам билмай қолдим: қишлоғимиз фермерларининг пахтасини парваришлашдан то териб олишига қадар барча юмуш биз ўқитувчиларнинг гарданида. Бекор пайтимизда ё кўча супуришга, ё намунали уйлар қурилишига ишга чиқамиз!

Мактабда болаларни ким ўқитади дейсизми? Директоримизнинг кенжатой қизи Фериде! Барака топкур ўзи ашула дарсиниям, математиканиям, физиканиям ўтиб кетаверади. Қойил қоладиганим бир пайтнинг ўзида тўртта-бешта синфга дарс ўтиш ҳадисини олган. Ҳақиқий универсал! Майли ҳозир гап Фериде ҳақида эмас!

Хуллас, мактаб мен учун эмаслигини тушуниб етдим. Телевизорда ҳар куни фермерларни мақташади, уларга ҳавас қилиб фермер бўлишга қарор қилдим. Сармоя учун топиш учун бир йилга Ўрисга мардикорликка бориб келдим. Анча маблағ билан келиб, «муомаласи»ни қилиб фермерга айландим. Ҳамма безор бўлган ажриқ босган, сувни олиб бориш мушкул жойда бўлса ҳам кимсан «Соддабой фермер»га айландим. Қийналиб бўлсаям 3-4 йилда ерларимни тартибга келтирдим, икки гектар ерга кўчатлар ўтказиб, боғ қилдим. Қаловини топсанг қор ёғар деганларидай, ейдиган нонимизнинг устида сариёғ пайдо бўлган эди, «оптимизация» деган бало чиқиб қўлимдан ерни олишди. Бошим қотиб қолди, яна мактабга қайтсамми, ўрисга кетсамми?

Ётдим турдим, охири тадбиркор бўлдим. Олдинига Тошкентга бориб «ипподром»дан уни-буни олиб келиб бозорда сотдим. Аста-секин ўз дўконим, чойхонамга эга бўлдим. Жуда «каптива» бўлмасаям «нексия»ли бўлдим. Қўлимда жарақ-жарақ пул пайдо бўлди, фақат олди-сотди билан шуғулланиш жонга тегди. Яна нима иш қилсам экан деб бошни қашлаб кўрсам, бутун бир туманимизда Шермат прокурорнинг ғишт заводидан бошқа ғишт завод йўқ. Бундан ташқари, телевизорда ҳар куни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорларга яратилган шароитларни, берилган имтиёзларни мақташади. У қилдим, бу қилдим, таниш-билишдан қарз олдим, банкдан кредит олдим. Уч-тўрт йилда ғишт заводини ишга тушириб, Саддабой «карвуч»га айландим. Ишимиз осон эмас, тонг саҳарлаб уйдан чиқсам, тунда итдай чарчаб келаман, баъзан овқатланишга ҳам мадорим бўлмай ухлаб қоламан.

Мени Тошкентга катта мажлисга чақиришди, бордим. Катта кабинетда, узун столнинг атрофида қўйилган креслоларда казо-казолар терилиб ўтиришибди, мендан бошқа ўтирганларнинг ками ҳоким бўлса керагов. Мени адашиб чақиришдими — билмайман. Бир маҳал тўрдаги креслода ястаниб ўтирган, салватидан от ҳуркадиган, афтини жиддийлигидан кулиб турган, тўхтаб қолиб йиғлаб юборадиган одам эринибгина гап бошлади:

—Хўш, ҳамма керакли одамлар йиғилган бўлса бошлаймиз, нима муаммоларинг бўлса айтаверинглар, бу ерда бегоналар, йўқ, фақат ўзимизникилар йиғилишган. Бор нарсани боридай айтаверинглар, кейин фикрлашиб, бир ечимга келармиз!

Нимани гаплашарган булар деб атрофга аланглаб қарадим. Қушдай қатор терилиб ўтирганлар навбат билан ичларида йиғилиб қолган дардларини достон қила бошлашди.

— Телевизорда ҳар куни эркинлик, очиқлик, тадбиркорликка, сармояга кенг йўл деган сайин одамлар ўзидан кетяпти. Кундан-кунга тадбиркор бўламан, уни қураман, буни қураман, ер бер, имтиёзли кредит бер, деб жонга тегадиганлар кўпайиб кетаяпти. Бир чорасини топмасак бўлмайди.

— Ҳақ гап, қаерни қарама, ҳамма жойни тадбиркор босиб кетяпти. Тинчгина чет элдан олиб келган маҳсулотимизни биздан «оптом»га олиб, чаканада сотиб, бир-икки сўмли бўлган ношукрлар, энди ўзлари бу маҳсулотларни четдан олиб келиб, арзонроқ сотиб бизни «синдириш»га уриняпти. Бир нарса қилиш керак.

— Булар ҳолва инвестиция керак, ишлаб чиқаришни ривожлантириш керак деган сайин, булар бизни қанотимиздаги корхоналарга муқобил равишда янги корхоналар очяпти. Бизларни маҳсулотимиз ўтмай қоляпти.

— Ўртоқлар, биласизлар, ҳозир энг катта фойда қурилиш моллари бозорида, яхшиямки, катта қисмини ҳозирча ўз қўлимизда сақлаб қоляпмиз. Бироқ кейинги пайтда оҳак, ғишт ишлаб чиқадиган заводлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетяпти. Бу жуда хавфли. Бугун улар оёққа туриб олишса, эртага бундан-да ривожланиб, кенгайиб кетсалар, кейин уларни бошқариш мумкин бўлмай қолади. Кескин чоралар кўрмасак бўлмайди.

Очиғи, бу гапларни эшитаётганимга ишонгим келмасди, чунки айнан ушбу одамлар телевизор экранларида, газета-журналларнинг саҳифаларида бутунлай бошқача гапиришига ўрганиб қолганмиз. Ўрнимдан шартта туриб «бу нима, ҳазилми ёки хиёнат», дея бақиргим келди. Бироқ оёқларим қалтираб, мажолсиз, тилларим айланмай, забонсиз қолгандек сездим ўзимни.

— Бас, етар, мен сизларни тушундим! Анча дардларингиз йиғилиб қолибди. Лекин албатта чора кўришга «тепадаги»ларни ишонтирамиз. Биз ўз монополияларимизни осонликча бериб қўймаймиз. Халқнинг қўлига хўрозқандни ўз вақтида бериб турсак, бас! Хўрозқандни ялаш билан овора бўлиб ўтираверади. Фақат эсингиздан чиқмасин, улар хўрозқандсиз қолмаслиги керак!

Энди бевосита ишга келсак, менимча, ишни ғишт ва оҳакдан бошлаймиз. Бунинг учун энг яхши йўл, менимча аҳолига газни узликсиз етказиб беришни яхшилаш мақсадида, деган баҳона билан уларга табиий газ беришни тўхтатамиз. Халқ хурсанд бўлиб бизни тўғри тушунади. Ғишт ё оҳак чиқармоқчими, марҳамат, хориждан импорт қилиб ўзимиз келтирадиган кўмирни ишлатишга мажбур бўлсин, ёқса шу, ёқмаса — катта кўча. Кейинчалик фақат ўзимизга тегишли корхоналарга истисно тарзида газни етказиб беришни йўлга қўямиз. Қарабсизки, фойдамиз камида икки бараварга ошади, чунки кўмир билан оҳак ва ғиштни ишлаб чиқариш харажатлари анча кўпаяди, нархлар ошади. Ўзимизнинг табиий газдан фойдаланиб арзон ишлаб чиқариб, қимматга сотаверамиз. Айтганимдай, четдан кўмир олиб келишни ҳам ўз назоратимизга оламиз, қарабсизки, уларнинг фаолияти, тақдири юз фоиз бизни қўлимизда бўлади. Фақат айтиб қўяй, эртадан бошлаб оҳак ва ғишт заводларига табиий газ беришни тўхтатиш энг тўғри ва мақбул йўл эканлигини, бундан фақат халққа фойда эканлигини тушунтириш керак.

Шу пайт озғиндан келган, мажлис пайти ғинг деган овозини чиқармай, бўлаётган гаплардан мен каби ҳайратига тушгани яққол кўриниб тутган одам мактаб ўқувчисидай қўлини кўтариб:

— Кечирасизлар, мен ҳаммасини тушундим, фақат эслатмоқчи эдимки, заводларда кўмирни ишлатиш атроф-муҳитга жуда катта зарар етказади, чунки кўмир ёнганда, ундан жуда кўп заҳарли моддалар ажралиб чиқиши келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Шуни айтмоқчи.....

— Эй, бунча аҳмоқсан, ҳали янгилигинг билинади. Бизнинг болаларимиз Америка ва Европада мазза қилиб яшашяпти, бошқаларнинг ғамини егунча, ўзингни...

Шу пайт қўл телефонимда жаранглаган мусиқадан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, терлаб кетибман. «Эҳ, одамнинг тушига нималар кирмайди-я, шунчаям мантиқсиз туш бўладими» деб ўзимга ўзим минғирлаб қўйдим.

Орадан бир-икки ой ўтганидан кейин, заводимизга туман газ таъминоти идорасидан одам келиб, корхонамизга газ беришни тўхтатиш ва ишлаб чиқаришни муқобил ёнилғига, яъни кўмирга ўтказиш масаласида юқоридан баённома келганини айтди. «Э, барака топкур, бу оддий баённома бўлса, бажарилиши шарт бўлган буйруқ, қарор, фармон ё қонун бўлмаса. Нима асосда газ беришни тўхтатасан?» деб савол берсам, кўрсаткич бармоғи билан осмонни кўрсатиб, «Тепани топшириғи, биз кичкина одаммиз!», деди, холос.

Хуллас, шунақа гаплар. Энди оёққа турган яна бир бизнесимдан айрилай деб турибман. Бунчалар омадсиз бўлмасам. Телевизордаги ҳамма гапга ҳам ишонадиган гўллигимни билиб, мени Хатобой деб атайдиган танишларим ҳақ бўлсалар керак. Тинчгина олди-сотди қилиб юрганимда шунча қарзга ботиб қолмасмидим. Энди нима қилсам экан, ё бор-будимни сотиб, хорижга жуфтакни ростласаммикан, сиз нима дейсиз?!

Давлатназар Рўзметов,
 Хоразм вилояти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг