Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини Донбасс эвазига бермоқчи

АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини Донбасс эвазига бермоқчи

АҚШ томони Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни Киевнинг эҳтимолий тинчлик келишуви шартларига розилиги, жумладан Донбассни Россия назоратига ўтказиш билан боғламоқда. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Вашингтон Украинага хавфсизлик кафолатлари бериш масаласи Киевнинг тинчлик битимига рози бўлишига боғлиқ эканини очиқ-ойдин билдирган. Ушбу келишув эса, эҳтимол, Донбассдан украин қўшинларини чиқаришни назарда тутиши мумкин.

Шу билан бирга, АҚШ тинчлик даврида Украина Қуролли Кучларини мустаҳкамлаш мақсадида қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш имкониятини ҳам кўриб чиқиши мумкинлиги айтилмоқда. Бироқ бу ҳам Киевнинг Донбассдан қўшинларни олиб чиқишига боғлиқ.

Украина ҳукумати эса ҳар қандай ҳудудий йўқотишлардан олдин хавфсизлик кафолатларининг аниқ ва расмий тасдиқланишини талаб қилмоқда. Украина расмийларидан бирининг таъкидлашича, Киев АҚШнинг бундай кафолатларни беришга тайёрлиги борасида тобора кўпроқ шубҳа қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳар сафар келишувни расмийлаштириш имконияти пайдо бўлганида, АҚШ орқага чекинаётгандек кўриняпти.

Шу билан бирга, АҚШ позициясидан хабардор манба Financial Times’га маълум қилишича, Вашингтон Украинага ҳудудий келишувларни мажбурий равишда юклашга уринаётгани йўқ. Манбанинг таъкидлашича, хавфсизлик кафолатлари фақат икки томон ҳам тинчлик келишувига рози бўлган тақдирдагина муҳокама қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг