Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инглиз разведкаси Украинанинг қарши ҳужумдаги илк уринишларига баҳо берди

Инглиз разведкаси Украинанинг қарши ҳужумдаги илк уринишларига баҳо берди

Украина сўнгги 48 соат ичида мамлакатнинг шарқий ва жанубий туманларида сезиларли таъсирга эга амалиётларни ўтказди. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазирлигининг кунлик ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, Украина қўшини айрим ҳудудларда Россия мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлган. Яна айрим участкаларда қарши ҳужум анча секин кечмоқда.

Инглиз разведкаси Россия қўшини бўлинмалари турли ҳолатда эканига ҳам эътибор қаратган: айрим бўлинмалар муваффақиятли тарзда мудофаа амалиёти олиб бормоқда, айримлари эса ортга чекинган. Чекиниш пайти рус ҳарбийлари ўзлари қўйган миналарда портлагани ҳам хабар қилинган.

Украина қарши ҳужум бошланганини расман эълон қилганича йўқ. Москва эса аллақачон бу ҳақда баёнот берган. Хусусан, президент Владимир Путин Украинанинг қарши ҳужуми  бошлангани ва бунга стратегик захиралардан фойдаланиш далил эканини айтган.

АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам Украина қўшини учта фронтда – Бахмут, ғарбий Донецк ва жанубий Запорожье йўналишларида қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берган.

Халқаро майдонда Украинанинг қарши ҳужуми борасидаги сиёсий таранглик ортмоқда. Politico нашрига кўра, АҚШнинг Украинага истиқболда ҳарбий кўмакни давом эттириши қарши ҳужумдаги ғалабага боғлиқдир. Агар қарши ҳужум муваффақиятсизликка юз тутса, Вашингтоннинг ҳарбий, иқтисодий кўмаги тўхтатилиши мумкин. Негаки, ҳарбий муваффақиятсизликлар ортидан президент Жо Байденнинг мухолифлари – республикачилар партияси Украинага кўмакка доир ташаббусларни блоклаши тайин.

Қарши ҳужумнинг муваффақиятли кечиши эса ҳарбий кўмакнинг ошиши омили саналади.

Айни пайтда расмий Киев қарши ҳужум Украина учун НАТОга кириш имкониятини беришига умид қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг