Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Инклюзив ёндашув”. Ихтилофлар даврида Япония қандай йўлни ёқлайди?

“Инклюзив ёндашув”. Ихтилофлар даврида Япония қандай йўлни ёқлайди?

Япония ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Фото: Xabar.uz

Cўнгги вақтларда қонун устуворлигига таянган халқаро тартибга нисбатан таҳдидлар кучаймоқда. Хўш, бу вазиятда қандай йўл тутган маъқул?

Япония ташқи ишлар вазирлиги мулозими Xabar.uz мухбири билан мулоқотда халқаро ҳамжамиятни хавотирга солаётган ҳолатларга эътибор қаратар экан, расмий Токио бу борада инклюзив ёндашувни ёқлашини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра, 2022 йил февраль ойида бошланган Россиянинг Украинага босқини ортидан халқаро тартибнинг тамал қоидалари ҳамда БМТ Низоми тамойиллари бузилди, шунингдек, ядро қуролини қўллаш хатари юзага келди. Шунга кўра, Украинада тинчлик ўрнатиш халқаро ҳамжамиятда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Айни чоқда, Япония теграсидаги хавфсизлик муҳити Иккинчи жаҳон урушидан буён жиддий ва мураккаб ҳолга келган. Бу борада уч давлат номини алоҳида тилга олиш мумкин: Хитой, Россия ва Шимолий Корея.

Расмий Пекиннинг ўз ҳарбий куч-қудратини тез ва экстенсив равишда кучайтираётгани, Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларидаги статус-квони куч билан ўзгартиришга уринаётгани хавотир уйғотаётган бўлса, Пхеньян мулоқот чақирувини рад этган ҳолда ўз ядро ва ракета дастурларини кучайтиришга зўр бераётгани ташвиш туғдирмоқда. Россиянинг Узоқ Шарқ ва Шарқий Осиёдаги ҳаракатлари, Шимолий Корея ва Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтираётгани ҳам хавотир уйғотмай қолмайди.

Кучлар мувозанатидаги ўзгаришлар ортидан глобал бошқарув ва умумжаҳон муаммоларини ҳал этиш борасида ҳам янги чақириқлар юзага келмоқда. Халқаро ҳакам саналган БМТ Хавфсизлик кенгашининг бир қатор ҳолатларда ўз вазифасини бажара олмагани янги ривожланиб келаётган давлатлар, жумладан, “Глобал Жануб” мамлакатларининг ҳафсаласини пир этмоқда.

Япония ТИВ мулозимига кўра, ҳозирги паллада расмий Токио учун АҚШ билан муносабатларни изчил мустаҳкамлаш, иттифоқчи ва ҳамфикр мамлакатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Қолаверса, “Катта еттилик”, “Quad” гуруҳи (Япония, Австралия, Ҳиндистон, АҚШ), Япония–АҚШ–Жанубий Корея форматидаги робиталар ҳам катта ўрин тутади.

Бу борада Япония қадриятлар ва манфаатлар зиддиятини енгиб ўтувчи инклюзив ёндашувни ёқлайди.

“Тарихий бурилиш даврини бошдан кечираётган ҳозирги халқаро ҳамжамиятда Япония ўз халқининг тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш баробарида, тинчлик ва барқарорликка хизмат қилувчи халқаро муҳитни яратишга интилади. Бунда эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги каби қадриятлар ва тамойилларга асосланган эркин ва очиқ халқаро тартибни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади”, – дейди суҳбатдош.

Япония ташқи сиёсат маҳкамаси мулозими Евро-Атлантика ва Ҳинд-Тинч океани минтақалари хавфсизлиги бўлинмас, яхлит эканини урғулайди.

Бу борада расмий Токио 2023 йилда илгари сурган FOIP (Эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани) концепциясини эсга олиш лозим. Инклюзивлик, хилма-хилликка ҳурмат ва очиқликка таянган мазкур концепцияда ҳам ихтилоф ўрнига мулоқот ғояси илгари сурилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг