Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил вазири Ғазога атом бомбаси ташламоқчи. Мудҳиш режа амалга ошиши мумкинми?

Исроил вазири Ғазога атом бомбаси ташламоқчи. Мудҳиш режа амалга ошиши мумкинми?

Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу Ғазо секторига оммавий қирғин қуроли саналган атом бомбасини қўллашни эҳтимолий вариант сифатида кўришини билдирди. 

Бу таклиф сўнгги кунларда Исроилнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларини ташвиш билан кузатиб бораётган дунё ҳамжамиятини янада кучли хавотирга солди.

Исроилнинг Haaretz нашри хабарига кўра, ўта ўнг йўналишдаги «Оцма Йеҳудит» («Яҳудий ҳокимияти») партияси вакили бўлган Амихай Элияҳу ушбу масъулиятсиз таклифни маҳаллий KolBeramah радиостанциясига берган интервьюсида илгари сурган. 

Фаластинга нисбатан кескин душманлиги билан танилган вазир Элияҳу Ғазода бегуноҳ инсонлар йўқ деб ҳисоблашини айтган ва қамал остидаги минтақага гуманитар кўмак йўллашга қарши чиққан. 

The Jerusalem Post газетаси хабарига кўра, Элияҳу бир неча кун аввал Ғазони бесоқолбозликка муккасидан кетгани cабаб лаънатга учраган Садум шаҳрига муқояса этиб, уни бутунлай йўқ қилишга чақирган. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қўл остидаги амалдорнинг Ғазога ядро қуроли билан зарба бериш ҳақидаги таклифини «ҳақиқатдан йироқ» деб атар экан, яҳудий давлати армияси фақат халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, тинч аҳолига зарар келтирмаган ҳолда ҳаракат қилишини иддао қилган.

Ғазодаги 2,3 миллион аҳолини қириб ташлашни ёқлаган вазир истеъфога чиқарилмаган, шунчаки ҳукумат мажлисларида қатнашиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинган.

Исроилдаги сиёсий мухолифат раҳбари Яир Лапид Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазирнинг истеъфога чиқарилишини талаб қилган. Унга кўра, ҳукуматда радикалларнинг бўлиши ҲАМАСга қарши урушда ғалаба қозонишга ғовдир.

Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроил вазирининг таклифини кескин қоралаган.

«Фашистларча қарашни ёқловчи вазир Элияҳунинг баёноти босқинчи давлат (Исроил) бизнинг халқимизга нисбатан... хусусан, Ғазода содир этаётган ҳаракатларнинг очиқ ва мардона тан олиниши бўлибди», – дейилади Фаластин томони баёнотида.

Саудия Арабистони Исроил ҳукуматини экстремистик қарашдаги вазирни ишдан бўшатмагани учун танқид қилган.

«Вазирни зудлик билан ишдан бўшатиш ўрнига унинг аъзолиги муваққат равишда тўхтатилгани Исроил ҳукуматининг инсоний, ахлоқий, диний ва ҳуқуқий мезон ҳамда қадриятларга нисбатан ҳурматсизлигини акс эттиради», – дейилади расмий Риёз баёнотида.  

BBC’нинг Исроилдаги мухбири Пол Адамсга кўра, яҳудий давлати ҳукумати аъзосининг ядро қуролини истифода этиш ҳақида очиқ-ошкора гапиргани халқаро ҳамжамият қатори Нетаняҳуга мухолифатдаги партияларда ҳам хавотир уйғотган.

Сиёсатшунос Михаил Магид бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ғазо аҳолисига қарши оммавий қирғин қуролини қўллашни таклиф этган вазирни лавозимдан бўшатмаганини бошқа бир муҳим жиҳат билан изоҳлаган.

Аввал хабар берилганидек, Нетаняҳу айни пайтда порахўрлик, тамагирлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.

Мамлакат уруш ҳолатида бўлгани сабаб ҳукумат раҳбарини маҳкамага тортиш иши иккинчи планга ўтган. Аммо вазият изга тушиши билан Нетаняҳу яна маҳкама қаршисида жавоб бериши лозим.

«Нетаняҳу – тажрибали сиёсатчи. У қўл остида ноодатий феъл-атворли, ваколатига номуносиб вазирлар фаолият юритаётганини яхши билади. Лекин унинг ҳозирги шароитида бошқа ҳеч ким у билан бирга ишлашни истамайди. Агар Биби (Нетаняҳунинг лақаби – таҳр.) бу вазирларни ишдан бўшатса, иқтидордаги коалиция тарқаб кетади. У ҳолда янги сайлов ўтказишга тўғри келади. Ижтимоий сўровлар эса унинг мағлубиятга учрашини кўрсатмоқда. Ҳокимиятни бой берган тақдирда унинг тақдири қайғули кечиши эҳтимоли катта. 71 ёшли сиёсатчи умрининг қолган йилларини панжара ортида ўтказиши мумкин», – дейди сиёсатшунос Михаил Магид.   

Маълумот ўрнида, Исроил ядро қуролига эга эканини очиқ тан олмайди, буни инкор ҳам этмайди. Яҳудий давлати ўнлаб, балки юзлаб ядро каллакларига эга экани айтилади.

Исроил 1950-йиллардаёқ ҳарбий атом дастурини амалга оширишга киришган. The Washington Post нашрига кўра, яҳудий давлати 1957 йилда Франция билан атом реактори қуриш ҳақида битим имзолаган.

The New York Times газетаси 1973 йилдаёқ Исроил 10 ёки 20 дона ядро каллагига эга бўлгани ҳақида ёзган.

1980-йилларда Исроил ядро дастурида қатнашган олим Мордехай Вануну мамлакатдан қочиб кетган ва инглиз матбуотига яҳудий давлатининг махфий дастури ҳақида интервью берган. Кейинроқ давлатга хиёнатда айбланиб узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган олим Исроил тасарруфидаги оммавий қирғин қуроли ҳақида шов-шувли маълумотларни ошкор этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг