Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроилнинг провокацион баёноти яқин иттифоқчи АҚШга ҳам хуш келмади

Исроилнинг провокацион баёноти яқин иттифоқчи АҚШга ҳам хуш келмади

Икки вазир халқаро ҳамжамият эътирозидан кейин ҳам ғазоликларни сургун қилиш фикридан қайтмаган.

АҚШ, Франция ҳамда БМТ Исроил вазирларининг Ғазонинг икки миллион аҳолисини бошқа давлатларга кўчириш ҳақидаги таклифига қарши чиқди. Фаластинга нисбатан радикал қарашлари билан танилган молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир сўнгги кунларда Ғазо аҳолисини сургун қилиб, ҳудудни эгаллаш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда.

АҚШ давлат депаратаменти расмий вакили Мэттью Миллер уни провокацион ва масъулиятсиз баёнот деб баҳолаган.

«Қўшма Штатлар Исроил вазирлари Бецалель Смотрич ва Итамар Бен-Гвирнинг фаластинликларни Ғазо секторидан ташқарига кўчириш ҳақидаги баёнотини рад этади... Бундай баёнотлар зудлик билан тўхталиши керак. Биз аниқ-тиниқ равишда Ғазо Фаластин ери саналади ва шундай бўлиб қолади дея ўз позициямизни билдирганмиз», – дейди ташқи сиёсат маҳкамаси мулозими.  

Айни чоқда, Вашингтон Ғазода ҲАМАС бошқарувига чек қўйиш керак деб ҳисоблайди.

БМТ ҳам ғазоликларни мажбурий кўчириш режасини буткул рад этган.

БМТнинг махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопалга кўра, Ғазо аҳолисининг мажбурий кўчирилиши геноцид дея малакаланади. Халқаро ташкилот вакили Исроилга бу борада кўмак берадиган давлатлар ҳам мудҳиш жиноятга шерик бўлишидан огоҳлантирган.  

Шунингдек, Франциянинг БМТдаги доимий вакили Никола де Ривьер Исроилнинг қамалдаги Ғазо аҳолисини мажбурий кўчириш режаси қўллаб-қувватланмаслигини маълум қилган. Расмий Париж фикрича, фаластинликлар Ғазода муносиб ва хавфсиз шароитда яшашга ҳақли. Ҳудуднинг Исроил томонидан қайта босиб олиниши номақбулдир. 

Бир неча кун аввал Исроил молия вазири Бецалель Смотрич фаластинликларни Ғазони тарк этишга чақирган, яҳудийлар ҳудудни гуллатиб юборишини иддао қилган эди.

Дунё ҳамжамияти, хусусан, яқин иттифоқчи АҚШнинг қарши позициясидан кейин ҳам Бецалель Смотрич халқаро ҳуқуқ ва инсонийликка зид режасидан қайтмаган. Мулозим ушбу қарорни «Исроил жамиятининг 70 фоизи дастаклаши» ҳақида гапирган.

Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам АҚШ Исроилнинг энг яхши дўсти экани, аммо ҳар қандай ҳолатда Исроил давлати манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилиш кераклигини уқтирган.

Маълумки, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода қонли уруш олиб бормоқда. 

Аввалроқ  Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.

Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирганди.

«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг «Ерсиз халқ учун халқсиз ер» деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайди», – деган доктор Жавад Муҳаммад Авад.

Таҳлилчилар бу иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг