Капалакдек озодмисиз ёхуд фалажланган тана, бир кўз билан ёзилган китоб (эссе)

Қўлим ҳаракатланади — ёза оламан.
Оёқларим билан юраман.
Кўзларим билан дунёни кўраман, қулоқларим билан инсон ҳикояларини тинглай оламан, бошимни қимирлатиб суҳбатдошимни тасдиқлайман. Гапира оламан, нафас олишим ҳам енгил.
Миям ишлаяпти — фикрлай оламан.
Аммо мен ҳар доим ёзишга руҳланмайман. «Чарчадим», «илҳом йўқ», «эртага ёзаман» деб баҳоналар топаман. Баъзан компьютер ёқилмагани, қаҳва етишмаётгани ёки ҳаво ёқмагани учун мақолаларим, ёзадиган нарсаларим кечикади... Ўзимни ўзим овутишга баҳоналар минглаб топилади: ижодкорда шундай ҳолатлар бўлиб туради, руҳ чарчайди, руҳда бўшлиқ бўлади ва бу табиий... Дангасаликни романтиклаштиришга устаман — гўёки мен учун вақт тугамайдиган абадий бойликдек...
Жан-Доминик Боби фарзандлари билан
Узоқ йиллар «Elle» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган франциялик Жан-Доминик Боби 43 ёшида инсульт туфайли қулфланган тана — «locked-in syndrome» ҳолатига тушиб қолади. Танаси ҳаракатсиз. Қўл, оёқ, ҳатто тил ҳаракатланмайди. Орадан 20 кун ўтиб онги тикланди ва фақат чап кўзи ҳаракатланди.
Шифокорлар у билан мулоқот қилишнинг ўзига хос усулини топишди: улар ҳарфларни секин ўқишар, Жан-Доминик тўғри ҳарф айтилганда бир марта кўзини юмар, агар у нотўғри бўлса икки марта юмар эди.
Ҳар куни у маълум соат давомида ёрдамчисига кўз «пирпиратиб» китобни «ёздирарди». 137 бетлик китоб тайёр бўлиши учун икки юз минг марта қовоғини пирпиратишга тўғри келган.
Скафандр ва капалак — қулфланган тана ичидаги парвоз
«Скафандр ва капалак» китоби жаҳон адабиётидаги энг ғайриоддий асарлардан бири. Унда қаҳрамон ўз ҳаётини, хотираларини ва умидларини ҳикоя қилади.
У ҳарфларни ассистент ёрдамида кўз билан танларкан, ҳар бир сўзга соатлар сарфланарди. Ҳар бир жумла учун жанг қилиш керак эди. Бир ҳарфдан, бир сўздан, бир жумладaн... бир китоб яратилди.
1997 йилда китоб чоп этилганда, бутун дунё ларзага келди. Бу шунчаки автобиография эмасди, бу инсон иродасининг рамзи эди.
Ҳамкасблари унинг асарини «овозсиз қичқириқ» деб аташди, чунки у жим ҳолда бутун инсониятга ўзини тинглашларига эришган эди.
Унинг бу қаҳрамонлиги ёш журналистларга намуна сифатида кўрсатилди. Унинг асари шифокорлар ва руҳшунослар учун ҳам илҳом манбаига айланди — чунки у «ҳаётдан воз кечмаслик»нинг тирик исботи эди. Унинг номи беморлар учун умид рамзига айланди.
У ҳақда нима дейишган?
Журналист дўстлари Бобининг китобини «сўзлар билан қайта тирилган одам» деб таърифлаган. Танқидчилар унинг услубини «шаффоф, оғриқли ва шу билан бирга жонбахш» деб атаган.
Кўплаб ўқувчилар унга миннатдорчилик хатлари ёзган: «Сиз менга яшашни қайта ўргатдингиз. Менинг муаммоларим сизнинг ҳолатингиз олдида майда бўлиб қолди.»
Шундан сўнг дунёда фалаж беморлар билан мулоқот қилишнинг янги усуллари ишлаб чиқилди. Унинг тажрибаси тиббиёт ва психология соҳасида янги усулларга замин яратди. Боби ҳеч кимга яшашни ўргатмади, у мотивациядан маъруза ўқийдиган спикер бўлмади. У фақат яширин кучни кўрсатди, инсон танаси шикастланиши мумкин, лекин руҳни ҳеч ким қамай олмайди. «Скафандр ва капалак» китоби нутқ ҳамда ҳаракатга қодир бўлмаган одам томонидан ёзилган кураш китобидир.
У шундай ёзади: «Менинг скафандрим тобора енгиллаша бошлайди, онгим эса капалакдек парвоз қилади. Мен нафас олишга муҳтожман, севишга ва завқланишга. Онгинг капалакдек озод бўлса севган аёлингни кўришинг, Испанияда қалъалар қуришинг, Атлантидани топишинг мумкин. Қанча ишлар қилиш мумкин. Фақат кўзингни юмсанг хоҳлаган жойга боришинг мумкин.»
Унинг китобини ўқиб, кўплаб одамлар ўз ҳаётига бошқача қарай бошлади. У шундай кучли руҳий мотивация бердики, ҳатто соғлом одамлар ҳам ҳаёт нима эканини, қандай яшаш кераклигини қайта ҳис қилди.
Чунки Боби скафандрда, қобиқ ичида ҳам учиш имкони борлигини исботлаган эди.
Ўзи ҳақида нима дейди?
Жан-Доминик Боби ўз танасининг қамоғида ҳам ижод қилишдан тўхтамади. Натижада қайғулар, синовлар ва машаққатлар, ҳатто баъзан қувончлари ҳақида ажойиб ўлмас ҳикояни яратди. Масалан, Боби баъзан машғулотларидан нолиган ҳолда шундай деб ёзади: «Aгар мен оғзимни доимий равишда тўлдириб турган тупукни юта олсам, дунёдаги энг бахтли одам бўлардим».
Ахир шу пайтгача ҳеч қачон тупукни ютиш ҳам бахтга айланиши мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаган эди-да.
Боби қамалиб қолган тана азоб-уқубати ва тушкунлик ҳақида таъсирли тарзда ёзади. У «оғриқли» кўрпа-тўшакларни тасвирлайди ва юзи бўйлаб жазосиз юрган чивинларни ҳам. У китоб орқали 93 ёшли отасининг қўнғироқлари ҳақида гапириб беради. Боби яқинлари унинг меҳрини бошқа ҳеч қачон ҳис этмаслигини англаган пайтлар эса энг аламлиси. «Оталар куни» муносабати билан фарзандларининг ташрифи чоғида у ўзининг аҳволига ачиниб, чидаб бўлмас туйғу ҳақида гапириб беради: «Ўғлим Теофил у ерда хотиржам ўтирибди, унинг юзи яқингинамда. Мен, ўғлимнинг қалин сочларига тегинишга, унинг иссиқ танасини маҳкам қучоқлашга шунчаки ҳаққим йўқ... Тўсатдан, бу ҳақиқат мени ўлдира бошлади».
У «Оталар куни»да ота шундай ҳолатда кўриниши қанчалик қайғули эканини тасвирлайди.
Aммо Боби «Скафандр ва капалак» асари орқали инсониятни қулфланган синдром тўлиқ ғалаба этолмаслигини исботлади. Унинг аҳволи ачинарли бўлиши мумкин, лекин у ғалаба қозонди. Битта китобга «кўз қисиб қўйиш» билан кифояланмай, ўлимидан олдин бошқа китоб лойиҳаларини таклиф қилди, қулфланган синдром қурбонлари ва уларнинг оилалари учун уюшма тузди. «У ҳаётни яхши кўрарди ва у бахтсиз ҳодисадан олдин ҳам, ундан кейин ҳам кучли ва шижоатли инсон бўлиб яшади, — дейди Боби билан ишлаган ҳамкасби Сюзанна Ли. — У ўзидан унутилмайдиган мерос қолдирди.»
Кейинроқ китоб асосида жуда таъсирли фильм ҳам суратга олинган. Фильм нафақат инсон иродаси ҳақидаги ҳикояни визуал шаклда қайта жонлантирди, балки томошабинни ҳам, танқидчини ҳам ларзага солди. Бу шунчаки фильм эмас — инсон руҳиятининг енгилмаслигини, оғриқ ортидаги гўзалликни кўрсата олган асар эди.
«Скафандр ва капалак» фильмидан
У кетди...
Жан-Доминик Боби ўзи яшагандек вафот этди: қадр-қиммат билан, ўз шартлари ва ўз сўзлари билан: «Бу нарсалар гўё ўзга сайёраликлар ерни ўрганиш учун келаётганда ўзи билан оладиган энг керакли буюмларга ўхшар эди. Бу ҳолат мени чуқур ўйга солди. Қизиқ, самода менинг скафандримнинг қулфини очадиган калит бормикан? Тўхташ жойи мавжуд бўлмаган, яъни чексиз бўлган метро линияси бормикан? Менинг озодлигимни сотиб олиш учун етарлича бўлган маблағ-чи? Қидириш керак. Яхшиси, ўша ерга бораман».
Боби охир-оқибат ўз хотираларини якунлайди. Китоб нашр этилганидан ўн кун ўтгач, пневмониядан вафот этади…
***
Бугун мен ҳаракатлана оламан. Юра оламан. Клавишларни бармоқларим билан боса оламан, гапира оламан, эшитаман. Одамларни тинглашим ва тасдиқ маъносида бошимни қимирлата оламан. Нафас олишим енгил, оғзимда тўпланган тупукни осонгина ютаман ва мен уни бахт деб ўйламайман. Фарзандларимни бағримга босишим мумкин, сўзларни кўз очиб юмгунча истаганимча ёзишим, ўчиришим ва яна қайтадан ёзишим мумкин... Менинг танам қобиқ ичида эмас, танам қулфланмаган. Лекин мен капалакдек озодманми? Сиз-чи, сиз озодмисиз?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter