Қозоғистонда ҳам вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Ҳукумат мажлисида Давлат раҳбари томонидан Миллий қурултойнинг V йиғинида берилган топшириқлар ижроси доирасида оммавий ахборот воситалари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Вазирнинг таъкидлашича, болалар ва ўсмирларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилиш масаласи кун тартибида турибди. Шу муносабат билан Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан онлайн-платформалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Хусусан, ушбу қонун лойиҳаларида 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишни тақиқлаш назарда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳалари эксперт баҳолашидан ўтган ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган. Уларни самарали амалга ошириш мақсадида Маданият ва ахборот вазирлиги Таълим вазирлиги ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда фойдаланувчилар ёшини аниқлаш механизмларини жорий этиш, шунингдек, зарурат туғилганда жавобгарлик чораларини белгилашни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш ва мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, қонунчилик даражасида реклама даромадларини онлайн-платформалар ва ОАВ ўртасида тақсимлашни тартибга солиш, шунингдек, айрим товарлар рекламасига қўйилган тақиқларни қисман бекор қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Манба: t.me


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter