Украина бўйича уч томонлама музокараларнинг 2-раунди ҳақида маълумот берилди
Украина президенти Владимир Зеленский Украина, Россия ва АҚШ иштирокидаги навбатдаги уч томонлама музокаралар 4–5 февраль кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтишини маълум қилди.
«Украина мазмунли мулоқотга тайёр ва биз музокаралар натижаси урушни ҳақиқий ҳамда муносиб тарзда якунлашга яқинлаштиришидан манфаатдормиз», – деб ёзди Зеленский 1 февраль куни ижтимоий тармоқларда.
Россия ва АҚШ расмийлари дастлаб бу маълумотни изоҳламаган. Бироқ ТАСС манбасига кўра, музокаралар томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳафтанинг ўрталарига белгиланган.
Аввалроқ уч томонлама музокаралар 1 февраль куни Абу-Дабида ўтиши кутилган эди. Хусусан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 28 январь куни «1 февраль санасига режалаштирилган, ҳозирча шу санага таяняпмиз», дея маълум қилган эди.
Шу билан бирга, Владимир Зеленский 30 январь куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви сабабли учрашув бошқа санага ёки бошқа жойга кўчирилиши мумкинлигини истисно этмаган.
Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги биринчи уч томонлама музокаралар 23–24 январь кунлари Абу-Дабида ёпиқ тарзда ўтган. БАА Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, ушбу учрашувлар давомида Россия ва Украина делегациялари тўғридан-тўғри алоқада бўлган.
Украина расмийлари мазкур музокараларни «ижобий» ва «самарали» деб баҳолаган бўлса, Россия томони «дастлабки алоқалардан юқори натижалар кутиш хато бўлади», деган фикрни билдирган.
Кейинроқ Кремль ҳам навбатдаги учрашув ўтказилишини расман тасдиқлади. Дмитрий Песковнинг айтишича, хавфсизлик масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг иккинчи раунди аввал якшанба кунига режалаштирилган, бироқ уч томон жадвалларини мувофиқлаштириш зарурати туфайли у чоршанба–пайшанба, яъни 4–5 февраль кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter