Украина эҳтимолий сулҳ бузилишига қарши Россияга нисбатан режа тайёрлаяпти – FT
Украина келгусида эҳтимолий сулҳ келишуви бузилган тақдирда Россияга жавоб чораларини кўриш учун махфий ҳарбий режа ишлаб чиққан. Бу ҳақда Financial Times нашри Ғарб давлатларидаги манбаларга таяниб хабар берди. Айни пайтда мазкур маълумот расман тасдиқланмаган.
Нашр маълумотларига кўра, Киев ушбу режани Ғарбдаги ҳамкорлари билан мувофиқлаштирган. Режага биноан, агар Россия томонидан сулҳ шартлари бузилса, Украина ва унинг иттифоқчилари 24 соат ичида жавоб қайтариши лозим.
Биринчи босқичда дипломатик огоҳлантириш кўзда тутилган. Агар бу чора самара бермаса, кейинги қадам сифатида Украина Қуролли кучларининг ҳарбий аралашуви амалга оширилади.
Агар жанговар ҳаракатлар давом этса, иккинчи босқичда «кўнгиллилар коалицияси» деб аталувчи тузилма ишга тушади. Унга Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар, Буюк Британия ва Туркия киради.
Россия томонидан ҳужумлар янада кенгайган тақдирда эса, режага мувофиқ, биринчи қоидабузарликдан кейин 72 соат ичида АҚШ Қуролли кучлари иштирокида мувофиқлаштирилган жавоб чоралари кўрилиши мумкин.
Financial Times таъкидлашича, ушбу кўп босқичли режа декабрь ва январь ойларида Украина, Европа ва АҚШ вакиллари ўртасида бир неча бор муҳокама қилинган.
Манба: ft.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter