Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитой ташқи ишлар вазири сирли тарзда ғойиб бўлди

Хитой ташқи ишлар вазири сирли тарзда ғойиб бўлди

Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган уч ҳафтадан буён жамоатчиликка кўриниш бермаяпти. Юқори мартабали мулозимнинг сирли тарзда ғойиб бўлгани Хитой интернет сегментида қизғин баҳсларни авж олдирди.

Вазирлик воизлари ўз раҳбарлари тақдирига оид саволларга аниқ жавобдан қочмоқда. Масалан, душанба куни бўлиб ўтган брифингда вазирлик расмий вакили Мао Нин вазир қаерда экани ҳақидаги саволга жавоб қайтарар экан,  бу борада маълумот йўқлигини айтиш билан чекланган.

Хитойда юқори рутбадаги амалдорларнинг қўққисдан йўқолиб қолиши ва бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берилмаслиги у шахснинг бошида қора булутлар тўпланганини англатиши мумкин. Кўп ҳолларда маълум вақт ўтгач, ғойиб бўлган мулозимга нисбатан жиноий иш очилгани ўртага чиқади. Гоҳида эса жамоатчиликка кўриниш бермай қўйган амалдор маълум вақтдан кейин ҳеч гап бўлмагандек яна ишини давом эттириб кетаверади.

Ҳатто Хитой етакчиси Си Цзиньпин ҳам давлат раҳбари лавозимига келгунга қадар икки ҳафта давомида йўқ бўлиб қолган. Ўшанда унинг саломатлиги ёмонлашгани, парда ортидаги сиёсий курашлар гирдобида қолгани ҳақида овозалар тарқалган.

Бир неча йил аввал хитойлик миллиардер Жек Манинг сирли йўқолиши ҳам жаҳон матбуоти ва бизнес ҳамжамиятини озмунча ташвишлантиргани йўқ.

Расмий матбуот вазир Цинь Ган сўнгги бор 25 июнь куни Пекинда шри-ланкалик ҳамкасби билан учрашгани ҳақида хабар берган. Шундан кейин бош дипломат сирли тарзда йўқолган.

Аввал хабар берганимиздек, Хитой ташқи ишлар вазири ғойиб бўлишидан олдин Пекинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан хийла асабий тарзда ўтган учрашувда қатнашган.

Хитой бош дипломати жорий йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг учрашувида ҳам иштирок этганди.

Цинь Ган ўтган ҳафта Индонезияда ташкил этилган АСЕАН саммитида Пекин делегациясига раҳбарлик қилиши лозим эди. Аммо сўнгги паллаларда унинг ўрнига собиқ вазир, айни пайтда Коммунистик партия Марказий қўмитасининг ташқи сиёсат бўйича масъули Ван И делегацияга бошчилик қилиши маълум бўлди.

Хитой ТИВ ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель ўртасида Пекинда ўтиши режалаштирилган учрашув ҳам кутилмаганда бекор қилинди.

ТИВ расмий сайтида Цинь Ган ҳамон шу идора раҳбари экани кўрсатилган, аммо вазир фаолиятига доир энг сўнгги хабар қарийб бир ой аввал – 22 июнь куни жойлаштирилган.

Вазирнинг тақдири борасида расмий маълумот берилмагани ортидан хитой тилли ижтимоий тармоқларда турли овозалар ёйилди. Кенг тарқалган мишмишларга қараганда, Цинь Ган оилавий хиёнат сабаб терговга жалб этилгани бўлиши мумкин.

Хитойнинг Baidu тизимида сўнгги кунларда Цинь Ган исми билан берилган қидирувлар 5000 фоизга ортган. Фойдаланувчилар хитойлик юлдузлардан кўра вазирнинг тақдири билан кўпроқ қизиқмоқда.

«Одамларнинг қизиқиши бежиз эмас. Негаки, «қора қути»га оид ҳар қандай сир уларнинг бефарқ қолдирмайди. Вазирнинг ғойиб бўлиши Хитой дипломатик тизими нечоғли мўртлиги ва қарорлар энг олий даражада қабул қилинишини кўрсатади», – дейди пекинлик сиёсатшунос Ву Цян.

57 ёшли Цинь Ган мансаб пиллапояларида жуда тез кўтарилгани айтилади. Икки йил давомида Хитойнинг АҚШдаги элчиси лавозимида фаолият юритган дипломат 2022 йил декабрь ойида вазир курсисини эгаллаган.

Сингапур миллий университети ходими Ян Чун ижтимоий тармоқларда ғойиб бўлган вазир тақдирига оид жойланаётган турли постлар цензурага учрамай тўсиқсиз тарқалаётганига эътибор қаратган. Бу ҳолат юқори рутбадаги амалдор коррупция ёки оилавий хиёнатга аралашгани ҳақидаги фаразларда ҳақиқат учқуни бор дейишга ундайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг