Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

12 йилдан буён ижарама-ижара юрган актёр гастарбайтерлик қилсинми?

12 йилдан буён ижарама-ижара юрган актёр гастарбайтерлик қилсинми?

Коллаж: «Xabar.uz»

Хабарингиз бор, яқинда актриса Гавҳар Шарипова фожиали тарзда ҳалок бўлди. Унинг вафоти ҳақидаги нохуш, таъбир жоиз бўлса, даҳшатли ўлим хабари кўпчиликни ларзага солди. Актрисани яқиндан билганлар оғир аҳволи ҳақида маълум қилишди.

39 ёшда даҳшатли ўлим!

«Ниҳоятда ачинарли ҳолат, – дейди Гавҳар Матчонова ФБдаги профилида. – Кўз олдимга унинг қийналиб юрган пайтлари келади. Онасидан хафа, кино оламидан хафа. У Москвага йўл олди, аммо бўлмади. Қўнимини топмади, қайтиб келди. Ниҳоятда юпун кийимда, кўзлари жавдираб турарди бўсағада. Ёрдам сўраб келди ўшанда. Одамлардан, яқинларидан, севгисидан лаънат ва нафрат! Ҳаётдан совиганлигини сездим. Шу даража қийналди у, ҳеч кимдан раҳм, меҳр кўрмади. Ниҳоятда виждонли, пок қиз эди. Кинога тушиш учун ор билди ялинишни, кимнингдир машуқаси бўлишни. Ҳамма жойда гўзаллиги панд берди. Кимга бормасин шу таклиф тўхтатарди орзуларидан. Пулсизлик, ишсизлик, хўрлик, моддий йўқчилик синдирди уни. Қанча басталаган қўшиқлари бор эди. Ҳаммаси қолиб кетди. Яхши ёр топмади. Фарзанд кўрмади. 39 ёшида мудҳиш ўлим олиб кетди ёшгина жонини.

Ўзини, аёллик номусини ҳимоялаб, шу фазилати-ла ҳаётдан, бу дунёдан қутулди. Эсиз Гавҳар!..»

Ҳа, актриса ёш кетди. Эҳтимол бошқа касбни танлаганида ҳаёти ўзгача кечармиди? Қийналмасмиди, изтироб кечмасмиди...

Кафтни тўлдирмаган пул

«Мен билган ҳақиқатлар» кўрсатувида машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев дангалини айтди: «Илгари актёрлар роль талашарди, бош ролни ўйнашни хоҳлашарди. Бугун роль тақсимлаганда эса, ўзларини чеккага тортишади. Кичик роллар билан кифояланишади. Чунки бош ролларнинг ташвиши кўп, спектаклнинг бошидан-охиригача туриш керак. Кичик роллар текканида эса тўй-ҳашамга бориб тирикчилигини қилаверади».

Истеъдод, касбга содиқлик қайда қолди? Санъат учун фидойилик тушунчаси шунчалик эскирдими? Наҳотки бу сўзлар китоблару, экранларда қолиб кетган бўлса?! Тирикчилик, маошларнинг озлиги, яшаш учун ҳар кўйга тушиш шу қадар «қон-қонимиз»га сингиб кетдими? Шубҳасиз, касбга садоқат керак, бироқ дўппини қўлга олиб яхшилаб бир ўйлаб кўрайлик: ким ҳам бутун умр қийналиб яшашни, юк машинасидан сакраб ўлиб кетишни истайди?

Қийналаётганлар фақат актрисалар эмас. Бу касбдаги эркаклар ҳам моддий жиҳатдан озурда! Актёрларнинг абжирлари, «шустрий»лари тўйма-тўй юриб, ўртакашлик қилади, пул ишлайди. Касбига садоқатли истеъдод эгалари эса чиройли ролларни орзу қилади, интиқ бўлиб маошини кутади, аммо кафти пулга тўлмайди. Оиласида кутаётган аёлига, ширинлик илинжида тикилган болаларининг кўзларига қарай олмайди. Дод-вой қилмайди – осмон йироқ, ер қаттиқ!

Боши берк кўча

Театр актёрларидан бири каминага илтимос қилди:

«Илтимос, менга ёрдам беринг. «Хабар»да бир чиқиш қилиб беринг, қийналиб кетдим.

Мен театрда биринчи тоифали драма артисти вазифасида фаолият юритаман. Давлат тадбирларининг барчасида иштирок этаман. Ишимни жудаям яхши кўраман. Аммо иқтисодий қийинчилик туфайли боши берк кўчага кириб қолдим. 12 йил оилам билан ижарама-ижара яшаб чарчадим. Шаҳардан кетдим. Ҳозир қишлоқдан театрга қатнаб ишлаяпман. Бир ярим миллион сўм маош олсам, тўрт юз минги йўл кирага кетади, оила, бола-чақамга етмайди... Отам биринчи гуруҳ ногирони, даволатиш учун камида тўрт-беш миллион сўм пул керак. Фарзандлик бурчимни адо этолмаяпман. Ўзимни энг кераксиз инсондек ҳис киламан...»

Бу актёр ишга ҳаммадан эрта келиб, кеч кетади. Моддий ночорлиги туфайли гоҳида театрда тунаб ҳам қолади, кўпинча тушлик қилмайди. У роллар устида ишлаб истеъдодини чархласинми ёки бири икки бўлмаётган оиласини, касалманд отасини ўйлаб хуноби чиқсинми? Ким ёрдам беради? Бир ярим миллион сўм маош билан 25 фоизлик бошланғич тўловни амалга ошириб бўладими?

Маданият вазирлиги шундай муаммолар борлигини билармикан? Билади! Театрлар шу вазирлик тасарруфида, ахир! Хўш, нега соҳа одамлари қийналиши керак? Улар ҳақида, энг аввало, вазирлик ўйлаши, моддий жиҳатдан таъминлаш йўлларини излаши зарур эмасми?

Фойдасиз дарди ҳол

«2017 йили президент қабулхонасига мурожаат қилиб, турар-жойга муҳтожлигимни ёздим, аризамни вилоят уй-жой масалари бўйича ҳоким ўринбосарига жўнатишди, – дейди бу актёр. – Хуллас, менга бошланғич тўловсиз уй-жой берилмаслигини айтишди... 2018 йили президент қабулхонасига қайта мурожаат қилдим, яна ўша жавоб! Тўғри, бошланғич тўлов тўланиши керак, аммо мен қандай қилиб, қаердан тўлашим мумкин? Маошим ҳаминқадар бўлса!»

Нима қилсин бу йигит? Севимли касбини ташлаб, Россияга кетсинми, гастарбайтерлик қилсинми? Ахир ўз ишига нисбатан нонкўрлик бўлмайдими?

«Ўзимни жамият учун энг кераксиз инсондек ҳис қиляпман. – дейди у. – Нима учун яшаётганингни ҳам билмай қоларкансан, киши...»

Бу асло боқимандалик эмас, балки қалб ноласи, юрак изтироби! Ижара уйда яшаб юрган бошқа актёрлар ҳам бор. Улар артистлигига бориб кулиб туриши мумкиндир, бироқ ботинида дилгирлик, ситам. Нега маошдан-маошгача сарсон-саргардон бўлишлари керак? Аҳвол шу зайлда кетса, Шарипова кабилар фожиаси давом этаверади...

Арзи-ҳол қилган актёр охирида фикридан қайтди. «Мен ҳақимда чиқса, раҳбарият бирорта тадбирга яқинлаштирмайди, спектаклларимдан қолиб кетаман», – деди у. Айтишича, барибир фойдаси йўқ. Неча-неча кишилар ёзиб ёмонотлиқ бўлиб қолишган, холос...

Ёш актёрга жабр қилмаслик учун ҳам унинг исм-фамилиясини келтирмадим. Бироқ қалб ноласидаги, айниқса, бир жумла хаёлимдан кетмади: «барибир фойдаси йўқ».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг