Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Нима учун ўқитувчилар ва шифокорлар жамиятнинг паст табақасига айланиб қолди?

Нима учун ўқитувчилар ва шифокорлар жамиятнинг паст табақасига айланиб қолди?

«Жамият ўйини» шундай ўйинки, ундан инсон ўзи хоҳлаган пайтда чиқиб кета олмайди ёки «мен ўйнамайман» деб айта олмайди.

Фото: «Sputnik»

Жамиятларнинг ижтимоий тузилиши, ижтимоий табақалар каби мавзулар кўплаб жамиятшунослар томонидан ўрганилган. Улар баъзан бир-бирларини тўлдирса, баъзан бир-бирларига қарши фикр билдиришади. Уларнинг барчасини битта-битта таҳлил қилиб вақтни кетказмасдан фақат ўзимга маъқул жиҳатларни оламан ва мавзуни шу асосда ёритишга ҳаракат қиламан.

Жамиятимиздаги табақаларни учта хусусиятига кўра таснифлайман. Булар инсонларнинг мансаби, обрўси ва даромадидир.

Яна бир гап. Табақаланиш, табақа сўзлари шартли равишда ишлатилмоқда.

 30 йил олдин: ўқитувчи ва шифокор жамиятнинг обрўли табақаси вакиллари бўлган

...Талабалик пайтларимизда Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» асарини ўқиганман. Мутолаа жараёнида асар қаҳрамонларига қўшилиб менинг ҳам ўқитувчи бўлгим келиб кетган. Зеро, биздан олдин ва ҳатто биз мактабда ўқиган пайтларда ҳам ўқитувчилик шарафли, обрўли ва кун кўриш учун даромади етарли касблардан бири эди. Ҳожибой Тожибоев айтганидай, ўқитувчи тўй-маъракаларга борса уйнинг тўри уники эди. Ҳамма унга ҳурмат кўрсатарди.

Бир пайтлар мактабларда ўқувчиларнинг кўплари, айниқса аълочилари репетиторларга бориб, химия, биология ва ўзбек тили фанларидан тайёрланиб юришарди. Улар мединститут, ҳозирги тиббиёт академиясига ўқишга киришни орзу қилишарди. Шифокор бўлиш учун 7 ва ҳатто 10 йил ўқиш кераклиги ҳам уларни қўрқитмас эди. Чунки шифокорлик обрўли, даромадли касблардан бири эди...

Орадан 30 йил ўтиб, нималардир юз бердики, ўқитувчи ҳамда шифокорлар жамиятнинг пастки қатлами вакилларига айланиб колди. Ҳурмати йўқолди, обрўси пасайди, даромади етарли бўлмай қолди. Уларга ката-кичик мансабдорларнинг барчаси буйруқ бера оладиган ва ҳатто кўча тозалашгача мажбур қила оладиган бўлдилар.

Ўша «нималардир» нималардан иборат? Қуйида шу ҳақда фикрлашамиз.

 1990-йиллар: «Ўйин тугади. Қарталарни бошқатдан сузинг»

Собиқ совет республикаларидаги жамиятлар, хусусан ўзбек жамиятидаги ҳозирги ҳодисаларнинг уруғлари тахминан 1990-йилларда экилган. 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берган. Сиёсий томондан шаклланаётган янги давлат илгари мавжуд бўлган давлатнинг кафолатларини бера олмаган. Иқтисодий томондан касби, мансаби, бойлигидан қатъи назар ҳамма қийинчиликларга дучор бўлган. Бойлар камбағал, камбағаллар қашшоқ бўлиб, ҳаммаёқда ўғирлик, талон-торож авж олган. Ижтимоий томондан эса карталар барчага бошқатдан сузилган ва ўйинни ҳамма нолдан бошлашига тўғри келган.

Одамларнинг асосий қисми дастлаб «кун кўриш ўйини»ни ўйнаганлар. Бу ўйинда ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам, банк хизматчилари ҳам, деҳқонлар ҳам бир хил мақомга эга бўлган.

Эсимда бор, 1990-йилларнинг ўрталарида, июнь ойида комбайнлар буғдой ўрар, уларнинг орқасидан одамлар ерга тўкилган бошоқларни териб кун кўришга ҳаракат қилар эдилар. Бу гаплар ҳаводан олинган эмас, чунки ўша пайтларда биз ҳам оиламиз билан машоқ терганмиз. Илгари биринчи сорт буғдой уни бўлмаса емайдиган инсонлар дастлаб оқжўхори унидан, ундан кейин эса маккажўхори унидан нон ейишни бошлаган.

Шундай бўлганки, инсонларнинг бирламчи эҳтиёжлари ўқиш, театр, ҳордиқ чиқариш эмас, кун кўриш, нон топиш бўлиб қолган. Шундан кейин кимлардир бозорга, кимлардир дастлаб Тошкентга, кейинчалик Қозоғистонга, Россияга ва бошқа жойларга ишлашга кетган. Яна кимлардир завод ва фабрикаларни бузиб, металломга топширган, кимлардир бозорга чиқиб «валютчик» бўлиб бойиб кетган. Шу тариқа оч қолган жамиятда кимнинг пули кўп бўлса обрўси, ҳурмати ва имкониятлари ортиб бора бошлаган.

Натижада «бозор иқтисодиёти», яъни «ўзинг учун ўл етим» шароитида ишлаб чиқариш билан, савдо-сотиқ билан шуғулланмайдиган, талон-торож қилолмайдиган (Ҳожибой Тожибоев айтганидай, ўқитувчи бўрни ёки гултувакни ўғрилаб кетадими?) ва давлат берадиган ойликка қараб қолган ижтимоий соҳалардаги касблар вакилларининг жамиятдаги мавқеи пасайиб бораверган.

 Янгича табақаланиш

1990-йиллардаги хавфсизлик муаммолари куч ишлатар тизимлари ва назорат органларининг аҳамиятини орттириб юборди. Шу боис мазкур соҳаларда ишловчи инсонлар маош, мансаб ва обрў жиҳатидан янги, яъни юқори мавқега эга бўлдилар. Илгари ёшлар «ўқитувчи бўламан», «шифокор бўламан» деган бўлса, энди «прокурор бўламан», «Мен МХХга ишга кираман» деб орзу қиладиган бўлди.

Ундан кейин таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидан бошқа барча соҳаларда хусусийлаштириш амалга оширилгач, даромадлар ҳам ортган, мос равишда мазкур соҳалар вакилларининг жамиятдаги обрўси ҳам ортиб борган. Аҳвол шу даражага бордики, ўқитувчи ва шифокорлар чет давлатларда мавсумий ишлаб келадиган мардикорлардан ҳам бир неча бор кам ойлик оладиган бўлдилар.

Натижада расман «бизнес» қила олмайдиган таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг вакиллари порахўрликка берилиб кетди. Пул бермаса даволамайдиган шифокорлар, баҳоларни пуллайдиган ўқитувчилар яққол юзага чиқа бошлади. Табиийки, бу нарса шундоғам жамиятдаги мавқеи пасайган шифокорлар ва ўқитувчиларнинг янада обрўсизланишига сабаб бўлди.

1990-йилларда комбайннинг орқасидан бошоқ териб юрганлар 2000-йилларга келиб, иқтисодий ривожланиш бўла бошлагач, топган-тутганларини «орзу-ҳавас»ларига, яъни бировлар кўриши учун жуфтлаб машиналар олишга, қаватли уйлар қуришга, беш-ўнталаб артист олиб келиб тўйлар қилишга берилиб кетди. Ўқитувчи ва шифокорларнинг эса бундай «орзу-ҳавас»ларни орзу қилишга ҳам имконияти йўқ эди.

Бундан ташқари, таълим соҳасидаги муаммолар, жумладан порахўрлик, сифатсиз таълим ва ҳоказолар олий таълим муассасаларида савиясиз ўқитувчи ва билимсиз шифокорлар тайёрланишига сабаб бўлган. Қарабсизки, ким ёмон — шифокор ёмон, ким беобрў — ўқитувчи беобрў бўлиб қолган.

Энди нима қилиш керак?

Баъзан «Ўқитувчи ва шифокорларнинг кўча тозалашларига ўзлари айбдор. Чиқ деса, чиқиб кетаверадими? Ўзларида ғурур йўқми?» деган гапларни эшитиб қоламиз.

Ҳақиқатан ҳам шундайми? Масалан, «Чиқмаймиз, кўча тозаламаймиз» десалар нима бўлади?

Жавоб топиш учун «қарта ўйини» мавзусига қайтамиз. Дейлик, 1990- йилларда қарталар ҳаммага қайта сузилган ва ўйин бошланган. Фақат ўшанда айрим сабабларга кўра кузирларнинг ярми бир гуруҳ ўйинчиларга, қолган ярми яна бир гуруҳ ўйинларга бўлиб берилган. Бошқаларга, жумладан ўқитувчи ва шифокорларга кузир қолмаган.

Ўйин қоидаларига кўра ютганлар ютқазганларга хоҳласа кўча тозалаттиради, хоҳласа бошқа иш қилдиради. Энди уларга «марҳамат, ўйна ва ют. Лекин юта олмасанг, айб ўзингда» дейилмоқда. Ўқитувчи ва шифокорлар сиёсий курашчилар эмаски, ўз ҳуқуқларини талаб қилиб йўлга чиқса ва бошқалардан кузирларни тортиб олишга киришса. «Жамият ўйини» шундай ўйинки, ундан инсон ўзи хоҳлаган пайтда чиқиб кета олмайди ёки «мен ўйнамайман» деб айта олмайди. Ўйиндан чиқиш учун у мавқеидан кечишига тўғри келади. Бунга шифокорликни ташлаб бизнес қилишга ўтиб кетганлар, ўқитувчиликни ташлаб Россияга ишга кетганларни мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин, асосийси, ўйин доирасида уларнинг мавқеи ўзгармайди. Чунки бир инсон ўйиндан чиқса, унинг ўрнига бошқаси келиб ўйинни давом эттираверади. Кузири борлар уларга кузирини бериб қўймайди.

Кузирларни фақат давлат ола олади ва бошқаларга бера олади. Агар давлат хоҳласа, кузирларни олиб ўқитувчи ва шифокорларга бериши ёки бошқа ўйинчиларга «бугундан бошлаб ўқитувчи ва шифокорларга тегмайсизлар. Улар менинг ҳимоямда» дейиши мумкин.

Мен қилиниши керак бўлган ишларни икки тоифага бўлган бўлар эдим. Булар зудлик билан ва шошмасдан, пухта ўйлаб қилиниши керак бўлган ишлар.

 Зудлик билан қилиниши керак бўлган ишлар

Давлат зудлик билан ўқитувчи ва шифокорларни ўз муҳофазасига олиши зарур. Уларни ҳатто ўзлари хоҳласа ҳам бошқа ишларга жалб этишни тақиқлайдиган қонун қабул қилиниши керак. Қонунда ўқитувчи ва шифокорларни бошқа ишларга жалб қиладиганларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланиши шарт.

 Шошмасдан, пухта ўйлаб қилиниши керак бўлган ишлар

  1. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини хусусийлаштириш. Мен бу чорани қўллаб-қувватламайман, лекин бу чора ўқитувчи ва шифокорларнинг мавқеи тикланишига хизмат қиладиган бўлса, бу йўлни маъқуллайман. Ҳар ҳолда вазият ҳозиргидан анча яхши бўлади. Ўшанда ўқитувчи ва шифокорлар ҳам ўз хизматларига яраша даромад топиб, обрўга эга бўладилар.
  2. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини давлат бутунлай ўз муҳофазасига олиши ва бу соҳаларни бирламчи аҳамиятга эга соҳалар деб белгилаши мумкин. Токи Ўзбекистон деган давлат мавжуд экан, ҳеч кимнинг хаёлига ўқитувчи ва шифокорларни хўрлаш фикри келмасин.

Мен айнан мана шу чорани қўллаб-қувватлайман. Чунки болаларимизнинг кўнгилдагидай таълим олиши бизнинг ўзимизга керак ва бирон жойимиз оғриганда мансабимиз ва даромадимиздан қатъи назар ҳар биримиз шифокорни излаб қоламиз.

Шу сабабли мен бу икки соҳани «бозор қоидалари»га бўйсундиришга қаршиман. Агар биз пулимиз бўлмаса ҳам болаларимиз сифатли таълим олишини, пулимиз бўлмаса ҳам шификорлар бизни даволашини хоҳласак, мана шу икки соҳа текин, обрўли ва сифатли бўлиши керак деб ўйлайман. Ҳозирги муаммолар ўқитувчи ёки шифокорларнинг айби билан бўлаётгани йўқ. Улар бошқарув билан боғлиқ тизимли муаммолардир. Агар давлат миқёсида чуқур ўйлаб, яхши бир бошқарув тизими йўлга қўйиладиган бўлса, уларни бемалол ҳал қилса бўлади.

Хулоса

Агар инсоннинг миллиардлаб пули бўлса ҳам билими, ақли ва фаросати бўлмаса, бир куни у бор будидан айрилиши мумкин. Қанчадан-қанча бойларнинг болалари мазза қилиб юриб, охири гиёҳванд бўлиб ёки қизлари бузилиб кетганини кўрганмиз.

Агар пул топиш билан бирга (пул топишнинг ўрнига эмас, чунки пул ҳам керак) фарзандларимизга тўғри таълим ва тарбия берадиган бўлсак, бу эртага болаларимизга ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам беради.

Агар бирон жойингиз оғриса ёки болангиз оғирроқ касалга чалинадиган бўлса, бор умидингизни шифокорларга боғлайсиз. Агар шифокор саводсиз бўлса ёки шанбаликка олиб чиқиб кетилган бўлса, аҳволингиз не кечади? Жуда бой бўлсангиз, бир амаллаб Ҳиндистон ёки Ғарб шифохоналарига бориб келарсиз. Бой бўлмасангиз нима қиласиз? Ҳиндистонга ёки Ғарбга бориб кела олмайдиган миллионлаб одамлар нима қилади?

Жавоб оддий: ҳеч нарса қила олмайди. Ўлиб кетади! Қайсидир амалдорга битта шанбалик азиз бўлгани сабабли кимнингдир азиз фарзанди, кимнингдир турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ўлиб кетади.

Ижтимоий соҳалар дарахтларга ўхшайди. Уларни бугун эксангиз бир неча йил ўтгачгина мева ёки соя беради. Агар юртимизда бугундан бошлаб таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларини эъзозлай бошласак, бу «дарахтлар»нинг меваларини келгуси йилларда ўзимиз еймиз! Шунда барчамиз фарзандларимизни чет элларда ўқитиш, ўзимиз эса чет элларда даволаниш дарди билан яшамаймиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг