Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Қачон муваффақиятга эришамиз?

Қачон муваффақиятга эришамиз?

Фото: «GoodHabit.ru»

Муваффақият ва омад истагида жаҳон кезиб юрган йигит мақсади сари элтадиган зарур маслаҳатни олиш учун узоқ йўл босиб, олис мамлакатдаги ном қозонган кекса донишманд олдига келибди.

Кўл ёқасида балиқ овлаётган донишманд муваффақият талабгорининг муддаосини тинглагач, унга сувга тушишни буюрибди. Жаҳонгашта ҳайратини яшира олмай, бир муддат донишмандга таажжубли нигоҳда тикилиб қолибди.

— Сувга туш, — такрорлабди доно одам.

Жаҳонгашта ноилож оёғининг учини кўлга секин ботириб, тиззасигача сувга тушибди. Чол унга юришда давом этишни буюрибди.

«Тавба, мен бу чолдан қандай қилиб муваффақият қозонишим мумкинлигини сўраш учун шунча йўл босиб келсаму, у бўлса мени масхара қилса», деган ўй ўтибди йигитнинг хаёлидан.

Донишманд эса унга юришда давом этаверишни буюраверди. Жаҳонгашта елкасигача сувга кирди.

— Балки бўлди қиларман?

Чол қўли билан кўлнинг ўртароғига ишора қилибди. Сув аввалига даҳанга, кейин эса кўз ва пешонага қадар кўтарилди. Ўн-ўн беш сониядан сўнг кўлга ғарқ бўлаёзган жаҳонгашта донишманднинг ортга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги буйруғини эшитгандай бўлибди.

— Энди сенга саволим бор, — дебди донишманд. — Менга айт-чи, сув остига чўкаётганингда жон-жаҳдинг билан хоҳлаган, идрокингдаги ягона истак нима эди?

— Тўйиб-тўйиб нафас олгим келди, — деб жавоб берибди ҳансираётган йигит ўйлаб ҳам ўтирмасдан.

— Баракалла! Қачонки жисмингда ҳамда идрокингда муваффақият қозонишга бўлган ана шундай кучли истак уйғонса, сен ўшанда, албатта, муваффақиятга эришасан, — дебди донишманд.

Аксариятимиз уйқуни хоҳлаганимизчалик муваффақиятни ҳам шунчалик истамаймиз. Бу дунёда ўзгариш — энг қийин иш. Сабаби шуки, ҳозирги ҳузур-ҳаловатнинг ўзи билан чекланиб қўя қоламиз. Қўрқоқ туйғулар бизни чўчитиб туради. Мириқиб дам олишга бўлган хоҳишимиз кўпинча муваффақият қозониш иштиёқидан устун келади. Аслида барчага тенг имконият ҳамда вақт берилган. Фақат кимлардир бир оз кўпроқ ишлайди, холос.

Эришадиганинг учун ҳар дақиқа ўзингдагидан воз кечишга тайёр туриш, бу — ҳаётнинг ғалаба қозониш учун муҳим қоидаси. Бу «қурбонлик» сенинг ҳузур-ҳаловатинг, тўйиб-тўйиб дам олишинг, кунлаб ҳордиқ чиқаришинг, вақтичоғлигинг, телевизор қаршисида соатлаб фильмлар кўришинг бўлиши мумкин.

Хитойлик донишманд Лао Цзи айтгани каби, ҳузур билан таомланмоқ истасанг, очликни ҳис қил. Ҳамма нарсага эришмоқдан аввал ҳамма нарсангиздан воз кечиш лозимлигини унутманг.

«Биз ғалаба қозонамиз» китобидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг