Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Тўрт йилдан буён кўчага чиқмаган аёл

Тўрт йилдан буён кўчага чиқмаган аёл

Уйда зерикиб кетаман. Минг раҳмат. Тошкентдан вакилларни юборган президентнинг умри зиёда бўлсин...

Фото: Рафиқжон Солиев.

Қўқон шаҳар «Артизан бўйи» маҳалла фуқаролар йиғини Шиғовул кўчаси 16-уйда яшовчи Ойша Абдуллаева туғма ногирон. Унга гипофизар нанизм, яъни туғма қўли ва бўйи калталик ташхиси қўйилган.

– Отам раҳматли шундай касаллик билан оғриган эди, — дейди 63 ёшни қаршилаган онахон ўтмишни ёд этиб. – Биз оилада икки ўғил, икки қиз эдик. Опам ва акам ҳам ногирон эди. Соғлом акамнинг эса икки қизи бор. Жияним Мадинахон менга қарайди. Тани жони соғ бўлсин, бахтини кўрсин. Оилада ўғил йўқ. Ҳеч ким мени кўтариб ташқарига олиб чиқа олмайди. Муаммомни ҳеч ким сўрамайди. 2-гуруҳ ногирониман. Тўрт йилдан буён кўчани кўрганим йўқ. Ногиронлик аравачасини сўраш ҳеч хаёлимизга келмаган экан. Бугун меҳмонлар уйимизга кириб, аҳволимиз билан яқиндан танишишди. Юришингиз қийин бўлса, мана аравача деб ярим кунда келтириб беришди. Кўчаларга чиқиб айланиб юрамиз-да энди. Одам тафтини одам олади. Уйда зерикиб кетаман. Минг раҳмат. Тошкентдан вакилларни юборган президентнинг умри зиёда бўлсин...

Опага гипофизар нанизм, яъни туғма қўли ва бўйи калталик ташхиси қўйилган. Фото: Рафиқжон Солиев.

Суҳбат чоғида хонадондаги электр ҳисоблагичнинг муддати ўтиб кетгани, электрдан 983 минг сўмлик қарз йиғилиб қолгани ҳам ойдинлашди. Аммо қийналган оиланинг бу пулни тўлашга қурби етмайди. Ишчи гуруҳи кўрсатмасига мувофиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси мутасаддилари электр ҳисоблагични ўз ҳисобидан янгилаб беришди, қарз эса ҳомийлар ҳисобидан қопланадиган бўлди.

1992 йилда туғилган Мадина Содиқова 9-синфни тугатгач, аммаларини парвариш қилиш билан машғул бўлди. Шу сабабли ишчи гуруҳи унга Ёшлар иттифоқининг ўқув курсларида бепул ўқиш учун йўлланма берди. Қизнинг чексиз меҳри, фидойилигини кўриб киши тўлқинланиб кетади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қўқон шаҳри кенгаши маълумотларига кўра, 2017 йилда «Маҳалла» жамғармаси 36 та, соғлиқни сақлаш бошқармаси эса 45 та ногиронлик аравачасини аҳолига тақдим этган. Жорий йилнинг уч ярим ойи давомида жамғарма томонидан 22 та, соғлиқни сақлаш тизими эса 10 та аравачани етказиб берган. Қўқон туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосаларига кўра, ҳозир 64 та ногирон ва ёшга доир пенсионер шундай аравачага муҳтож. Ишчи гуруҳи фаолияти даврида уларнинг эҳтиёжи тўлиқ қаноатлантирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг