Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўртачирчиқда кадастр ходими жиноят устида қўлга тушди (видео)

Ўртачирчиқда кадастр ходими жиноят устида қўлга тушди (видео)

Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани филиали ходими жиноят устида қўлга тушди.

У 42 ёшли таниши билан ўзаро тил бириктириб, деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога тумандаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли 17 гектар ер майдонини ижарага олиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда Қарши туманида истиқомат қилувчи шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга туман ҳокимлиги захирасида бўлган 55 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 11 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс боғдорчиликка ихтисосолашган фермер хўжаликнинг 13 гектар ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга ва ҳокимиятдаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришга келишиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ҳам ет сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланди. Тумандаги деҳқон хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳамда вақтинча фойдаланиш учун ажратилган 2 гектар ер майдонини харидорга 300 млн сўмга сотишга келишади.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда деҳқон хўжалик раҳбари талаб қилинган пул маблағидан 8200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг