Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Амир Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлган

Амир Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлган

Ватанга содиқлик ва жанговарлик ғоялари шу даражада барқ урганки, ҳатто аёлларни ҳам худди Тўмарис давридагидек, жангга отлантирган.

Фото: «sam-celitel.ru»

Буюк бобомиз Амир Темур ва темурийлар даври бўйича истиқлол шарофати туфайли талай тадқиқотлар қилинганига қарамай, бу мавзуда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини рад этиб бўлмайди. Масалан, Амир Темур асос солган давлатнинг мафкураси, унинг илдизларини ўрганиш бугунги миллий мафкурамиз асос­ларини мустаҳкамлашга хизмат қила олади, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Тарихдан маълумки, Амир Темур адолатли ҳукмдор сифатида халқни зулмдан озод қилишни муқаддас бурч деб билган. «Мовароуннаҳр аҳолиси, — деб ёзади у ўз «тузук»ларида, — менинг бу ишимдан хабар топиши биланоқ, тезда босқинчиларга қарши ҳужум қилишим кераклиги ҳақида истак билдирдилар. Чунки уларнинг қалби золим мўғуллар тоифасидан бутунлай безган эди. Аҳолининг каттаю кичиги менга эргашди. Мамлакатнинг уламо ва машойихлари ҳам мўғуллар ­тоифасини йўқ қилиш ҳақида фатво чиқазиб бердилар. Улус амирлари ва қўшин бошлиқларининг баъзилари ҳам бу ишга қўшилиб бизга бирлашдилар».

Шу боис, жамоа аҳлининг барча тоифалари Амир Темурни ўзининг халоскори ва ҳукмдори сифатида қадр­лаган ҳамда у ҳақда битилган аҳднома ва фатволарда шундай кўрсатмалар беришни ўз бурчлари деб билишган эди: «Тўғри йўл тутган халифалардан Аллоҳ таоло ҳамиша мамнун бўлсин, тутган йўлларига ва қилган ишларига мувофиқ Мовароуннаҳрдаги бутун аҳли ислом, сипоҳу раият ёхуд уламою киромлар бўлсин, Амир Темурга иззату икром кўрсатиб, уни қутби салтанати олий деб атасинлар. Уни Аллоҳнинг ердаги қудрати — салтанат тахтига лойиқ кўрсинлар. Мусулмонларнинг ери, номус-ори, мол-мулки ҳамда жонига зулм-ситам қўлини чўзган мўғуллар тоифасини дафъ қилишда ва умуман, йўқотишда Амир Темурга ўз мол ва жонларини аямай, тиришиб ҳаракат қилсинлар. Биз ўз аҳду байъатимизга содиқ қолурмиз. Агар берган аҳд паймонимиздан қайтсак, Аллоҳнинг қудрати-ю қуввати ва ёрдамидан чиқиб, шайтон қудрати-ю ёрдами йўлига кирган бўлайлик».

«Бу фатвони менга кўрсатганларидан сўнг жангу жадал байроғини баланд кўтариб, мўғуллар устига лашкар тортишга қарор қилдим, — дейди Амир Темур. — Мазлумлар ҳақини золимлардан олмоқчи бўлдим. Лекин бир неча разил, сотқин кишилар бу ҳаракатимни душманга билдириб, фош қилиб қўйдилар».

Шундан кейин Амир Темур ўлканинг гоҳ у ­жойида, гоҳ бу жойида душманга қарши курашиб, кўп жафоларни кўрди. Ҳатто у бир неча бор ҳалокат ёқасига келиб қолди. Шунга қарамай, озодлик ғояларидан бир қадам ҳам чекинмади.

«Салтанат жиғасини таққач, — дейди Амир Темур, — тинчлигу, ҳаловатим кетди. Ўз ўрнимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ҳаётим давомида турли диёрларни кездим, ранжу аламлар ҳам тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўллаб, душман ҳужумларини қайтардим. Амирлар ва сипоҳийларнинг исёнларини кўрдим. Улардан аччиқ дашномлар ҳам эшитдим. Лекин сабр-бардош билан ўзимни эшитмаганга, кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим. Қилич яланғочлаб, жанг майдонига отилдим ва шул тариқа дунёга ном чиқардим».

«Амир Темур тарихи» китобининг муаллифи Ибн Арабшоҳ Соҳибқироннинг фазилатларини шарҳлаб шундай дейди: «Темур тенги йўқ феъл-атворли, чуқур мулоҳазали киши бўлиб, унинг тафаккури денгизнинг қаъридек эди. Унинг қўллаган тадбирларига текислигу, ғадир-будурликлар орқали йўл топиш мумкин эди».

Миллат дарди Амир Темур сиймоси ва фаолиятида ўз ифодасини топгани туфайли у дунёнинг кўп қисмини ўзига қаратган салтанат туза олишга эришди. Халқ мафкураси буюк соҳибқирон давлатининг моҳияти ва йўналишини белгилаб, ўзига хос сиёсий, иқтисодий ва маънавий асосларга эга бўлди.

1370 йилда Амир Темурнинг мустақилликни тиклаш ҳақидаги даъвати амалга оширилди. Марказлашган ва қудратли давлатни юзага келтириш мафкуранинг асосий йўналишига айланди. Бунга эришиш учун, аввало, ўзаро келишмовчиликлар ва урушларга барҳам бериб, давлатни ички тарафдан мустаҳкамлаш зарур эди. Бу ҳақда Соҳибқироннинг ўз сўзларини келтириб ўтиш ўринлидир: «Турон вилоятини забт этиб, Мовароуннаҳрни мўғуллар вужудининг хас-хашагидан тозалаганимдан кейин, баъзи улуслар­нинг амирлари менга итоат этиб, бош эгишни истамадилар. Уларнинг баъзилари ўз қабилалари олдида ноз қилиб турдилар. Амирларимдан баъзилари уларнинг ёнини олиб, менга «бу давлатга баримиз шерик бўлганимиздан кейин, уларни ҳам шу давлатга шерик деб билайлик» дедилар. Лекин уларнинг гаплари менинг салтанат юритишимдаги ғайратимга таъсир қилмади. Ўзимча кенгашдимки, худо битта, унинг шериги йўқдир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг муқаддас мулки — ер юзига эгалик қиладиган киши ҳам битта бўлиши керак. Давлатчиликда сира ширкатга йўл қўйиш ярамайди».

Амир Темур ўзининг бундай сиёсатини ҳокимиятни қўлга олгунча ва кейин ҳам изчиллик билан олиб бориши туфайли бутун мамлакатда марказлашган кучли давлатни таъминлади. Бунда қўшиннинг куч-қудратини ва жанговорлигини ошириш муҳим ўрин эгаллади. Аввало, саркарданинг ўзи моҳир жангчи ва лашкарбоши ҳамда сипоҳларнинг жону дили бўлиб, улар билан бирга жанг майдонларида қаҳрамонлик намуналарини намойиш этди. «Сипоҳларнинг кўнглига нима ўтирса, шуни қилдим, — дейди Соҳибқирон. — Бошимга пўлат дубулға, эгнимга Довудий совут кийдим, белимга Миср қиличини боғлаб, баҳодирлигу кураш тахтига ўзимни урдим».

Амир Темур сипоҳларни яроғ-аслаҳалар, маош ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлашга алоҳида эътибор берди. Жангчиларнинг хизматларини қадрлади ва ўзини кўрсатганларга «Баҳодур» унвонини таъсис этди.

Ҳатто, ҳарбий хизматга бир неча минг аёлларни ҳам жалб қилиб, уларга уруш техникасидан сабоқлар берди. Бу ҳақда жонли гувоҳ бўлган Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: «Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Найза санчишда, қилич ўйнатишда ва камондан мўлжалга олишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар. Агар улардан бири ҳомиладор бўлиб йўлда кетаётган пайт­­да уни дард тутса, йўлдан четга чиқарди. У тезда йиғиштириниб олгач, тағин уловига миниб жангга кирарди».

Кўриниб турибдики, гап юритилаётган даврда ватанга содиқлик ва жанговорлик ғоялари шу даражада барқ урганки, ҳатто аёлларни ҳам худди Тўмарис давридагидек, жангга отлантирган.

Аёлларнинг уруш майдонларидаги қаҳрамонона курашлари кишини ҳайратга солади. Айниқса, кўзи ёриган аёлларни тез жангга қайта шайланиши шоён диққатга сазовордир. Амир Темур ўзи юксак ахлоқ-одоб эгаси бўлганлиги учун қўшини ҳам шунга монанд, ниҳоятда тартибли ва инсофли бўлган. Ибн Арабшоҳ бу масалада яна жонли гувоҳ бўлади: «Темур аскарлари ичида олижаноб, ибодатли, тақводор, саховатли, серҳиммат кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар эзгуликда чексиз бўлиб, уларнинг бу хайрлик­лари одамларга манфаат етказиб турарди. Асирларни озод қилиш, етишмовчиликларни тўлдириш, ёнғинни бартараф қилиш, чўкаётганларни қутқариш, ўзгаларга хайр-эҳсон кўрсатиш, бошига кулфат тушганга моддий ва маънавий кўмак бериш, лашкарларнинг одатларидандир».

Мафкуранинг кенг маънода умумхалқ ҳаракати сифатида гавдаланиши ва унинг Амир Темур томонидан билимдонлик билан бошқарилиши оқибатида, жанговор ва енгилмас миллий қўшин ташкил этилди. Эндиликда мамлакатни ташқи душманлардан сақлаш зарурияти туғилди.

Тарихдан маълумки, чет эллик босқинчилар ҳамиша Турон юртига бостириб киришни орзу қилганлар. Бу ерга келгач, қирғинбарот, талон-тарож ишларини авж олдирганлар. Амир Темур буларга чек қўйиб, душманларнинг ўз ерида зарба бериб, ўлкани жаҳонга танитиб қўйди. Натижада улуғ давлатчилик ғояси Амир Темур империяси ташкил топишига олиб келди ва уни оламга танитди. Бундай сиёсат кейинчалик дунё бўйлаб ­ёйилиб, замонавий тус олди. Шу сабабли, Амир Темур давлатининг мафкураси ўзига хос ижобий хусусиятлари билан ажралиб туради. Унинг ўзи давлат қонунини (тузукини) ёзди ва изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этди. «Давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим, — дейди у. — Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади. Адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим. Золимлардан мазлумлар ҳақини олдим. Улар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исбот этганимдан кейин, уларни ­шароитга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокамага қўйдим. Бу гуноҳкорнинг ўрнига ­бошқасига жабр-зулм ўтказмадим».

Соҳибқирон даврида мамлакатда қурултойлар чақирилиб, муҳим масалалар бўйича мунозаралар ўтказилгани, айниқса, диққатга ­сазовордир. Шунингдек, унинг саройида «кенгаш» таъсис этилиши ва унда ҳар бир масаланинг муҳокама қилиниши, ҳозирги тил билан айтганда, демократиянинг кўриниш­ларидан бири эди. У кенгашган масалаларни яна бир бор ўз сафдошлари билан биргаликда кўриб, кейин уларни сўзсиз қаттиққўллик билан амалга оширган.

Аёнки, халқ мафкурасининг асосий таянчи ҳокимиятдир. Шу боис тахт хавфсизлиги ва куч-қудратини таъминлаш ҳукмдорнинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Соҳибқирон давлатининг мафкурасида мамлакатнинг жаҳондаги мавқеини таъминлаш ҳам ўз аксини топди. У Шарқ давлатлари билангина эмас, балки Оврўпо давлатлари билан дипломатик ва иқтисодий алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилди. Унинг даврида сунъий суғориш ишлари, янги ерларни ўзлаштириш, деҳқончилик, чорвачилик кенг кўламда ривож­лантирилди. Унинг фармони бўйи­­ча давлат деҳқонларни маблағ, ишлаб чиқариш қуроллари ва бошқа нарсалар билан таъминлаб турди. Ички ва ташқи савдо ривожланиб, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Арабистон ва бош­­қа мамлакатлар билан алоқалар юқори поғонага кўтарилди. Натижада мамлакатда мўл-кўлчиликка эришилди.

Испан элчиси Клавихо Самарқанд ҳақида ўзи кўрганларини шундай таърифлайди: «Бу заминда ҳамма нарса мўл-кўл бўлиб, ғалла, гўшт, мевалар, паррандаларнинг гўшти жуда сероб. Қўйлар жуда йирик. Уларнинг гўшти жуда арзон. Нон шу даражада арзонки, ундан ортиқ арзон бўлиши мумкин эмас. Гуруч ҳам ниҳоятда сероб. Бу шаҳар шу даражада бой ва ерлари унумлики, ҳайратда қолади киши. Бу шаҳарнинг бойлигини фақат озиқ-овқат маҳсулотларидагина эмас, балки ипак, пахта, газламалар, олтин буюмларнинг кўплигидан ҳам кўриш мумкин».

У Бухорода ҳам фаровон турмушнинг гувоҳи бўлганлиги ҳақида ёзган. Умуман, Амир Темур давлатида мафкуранинг иқтисодий асослари ўз самарасини бериб, барқарор мўл-кўлчилик ҳукм суради. Бу даврда илм-фан, меъморчилик, санъат соҳалари ҳам ривожланиб, маънавий ҳаёт юқори босқичга кўтарилди.

Маҳмуд НАЗАРОВ, филология фанлари номзоди

ishonch.uz сайтидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг