Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Asaxiy books» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди

«Asaxiy books» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бадиий асарларни таржима қилиш, муаллифлик ҳуқуқи, қалам ҳақи, матн билан ишлашда муҳаррирлар масъулияти, таржима китобларнинг савдоси каби масалалар «Asaxiy books»  лойиҳаси мисолида муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида таржима қилиб чоп этилган Жорж Оруэллнинг «1984», Дэн Брауннинг «Рақамли қалъа»  китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш, китоб ҳолида нашр этиш, интернет орқали сотиш ва шу орқали даромад кўриш экани айтилди.

Кейинчалик «Asaxiy books»  алоҳида МЧЖ га айлантирилиши, электрон ва аудио китоблар сотуви йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бунинг учун кучли ҳимоя тизимига эга, нусха кўчириш ва скриншот қилиш имкониятлари блокланган махсус мобил дастур керак бўлади. Фируз Аллаев бу ишни буюртма асосида беларуслик IT-мутахассисларга топширгани, ишлаб чиқилаётган дастур июнь ойида тайёр бўлишини билдирди.

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати

Мулоқот давомида «Рақамли қалъа» романи интернетда жуда кўп баҳсларга сабаб бўлгани, асардаги айрим очиқ саҳналар учун таржимон ва ноширлар шаънига ижтимоий тармоқлар орқали ёмон сўзлар ёғдирилгани айтилди.

Фируз Аллаев фақат блогер Шаҳноза Тўрахўжаеванинг танқиди қисман асосли бўлганини тан олди. Эслатиб ўтамиз, Тўрахўжаева китоб муқовасига 18+ бегиси қўйилиши кераклигини таъкидлаган эди. Бу – «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаби. Уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 848-сон қарори иловасида ахборот маҳсулотларини ёш тоифасига оид таснифлаш тамойиллари баён қилинган.


Мавзуга доир: Бу сафар жим туролмайман!


Қарор иловасининг 11-бандида болалар ўртасида тарқатиш тақиқланган (18+) ахборот маҳсулоти сифатида «понографик хусусиятга эга бўлган ахборотни ўз ичига олган»  ахборот ҳам санаб ўтилади. Яъни шундай ахборот тарқатилаётганда, унга ёшга доир чеклов қўйилиши керак.

Анжуманлар залига йиғилганлар асарларда учрайдиган очиқ ва бепарда саҳналарни таржима жараёнида имкон қадар силлиқлаб, эҳтиросли тасвирларни олиб ташлашни таклиф қилишди.

Айрим журналистлар, ноширлар «1984» ва «Рақамли қалъа»  романларида ҳам имловий, ҳам услубий хатолар кўплиги, бундай камчиликлар кичик ёки арзимас нуқсон бўлиб кўрингани билан матнда мазмун бузилишга олиб келишини айтишди.

Фото: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати

«Мен Дэн Брауннинг асарини ҳозир қўлимга олдим, ҳали варақлаб ҳам улгурмадим, шунчаки китобни ўртасидан шундай очдим: «...у узукни бармоғига киргизди» , деган жумлага кўзим тушди, – деди «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Азимбой Бобониёзов. – Ўзбек тилида бундай ифода йўқ, «узукни бармоғига тақди» , дейиш керак эди. Матн учун таржимондан ташқари мусаҳҳиҳ ва муҳаррир ҳам бирдек масъул. Китоб – маҳсулот, харидор эса – истеъмолчи. Сиз чиқарган маҳсулотингизга нарх бичдингизми, унинг сифатлилигига ҳам жавоб беришингиз, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳурмат қилишингиз керак».

Шундан сўнг Фируз Аллаев давлат ва хусусий нашриётларга янги таклиф билан чиқди. Унга кўра, китобни нашрга тайёрлаш ишлари билан нашриётлар шуғулланади. Таржима тайёр бўлгач, электрон шаклда нашриёт ижодий жамоасига тақдим этилади. Мусаҳҳиҳ ва муҳаррирлар ўқийди. Томонлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ матн учун нашриёт жавобгар бўлади. «Asaxiy books» фақат таржимонга ҳамда нашриётга (асарни ўқиб бергани, макет қилгани, босмахона харажатлари учун) ҳақ тўлайди. Китоб чоп қилингач, сотиш ҳуқуқи «Asaxiy books» да бўлади.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тасарруфидаги «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Чўлпон» нашриётлари ҳамда «Академнашр»  хусусий нашриёти вакиллари бу таклифни маъқуллаб, келгусида ҳамкорликда ишлашга розилик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг