«Ҳўрмуз сабоқлари»: Малакка бўғозида ҳам «кириш чиптаси» жорий этиладими?
Ҳўрмуз бўғозидаги воқеалар Жануби-Шарқий Осиёдаги айрим давлатларни илҳомлантирмоқда ва улар Малакка бўғози орқали сузиб ўтувчи савдогарларнинг ҳамёнларини бироз «енгиллатиш» ҳақида ўйлашмоқда. АҚШдаги нуфузли Халқаро алоқалар бўйича кенгаш (CFR) эксперти Жошуа Курланцикнинг мақоласида шаъма қилинишича, бу стратегик сув йўли текин саёҳатлар даври билан хайрлашиш арафасида турибди.
Эрон стратегик бўғозларда жойлашган давлатлар глобал иқтисодиёт тизгинларини қай даражада жиловлай олишини амалда кўрсатиб қўйди. Биттагина тор сув йўли бутун дунёни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкинлиги бошқа ҳукуматлар учун ҳам ўзига хос «маҳорат дарси» вазифасини ўтади десак, асло муболаға бўлмайди. Кўриниб турибдики, бундай «таъсир ўтказиш санъати» бошқа минтақаларда ҳам қизиқиш уйғотмай қолмайди.
Жануби-Шарқий Осиёда Ҳўрмуздан ҳам муҳимроқ денгиз йўли — Малакка бўғози мавжуд бўлиб, у орқали жаҳон савдосининг тахминан учдан бир қисми ва дунёдаги денгиз орқали ташиладиган нефтнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ўтади.

Малакка бўғозининг аҳамиятини ортиқча таърифлаш шарт эмас. Ҳинд океанини Жанубий Хитой денгизи билан боғлайдиган бу бўғознинг Сингапур яқинидаги энг тор жойи бор-йўғи 2,8 км кенгликка эга. У орқали ҳар йили 90 мингта кема ўтади.
Маҳсулотлари жаҳон иқтисодиётининг барча тармоқлари учун муҳим аҳамиятга эга Хитой, Ветнам ва бошқа йирик Осиё экспортёрлари, шунингдек, бутун дунёдаги истеъмолчилар ва компаниялар Малакка бўғозига боғлиқдир.
Қолаверса, Малакка бўғозини айланиб ўтиш — юк ташувчилар учун ўз жонига иқтисодий суиқасд қилиш билан баробар. Бунинг учун кемалар ё минглаб мил ва беҳисоб кунларни йўқотиб, бутун Индонезия архипелагини айланиб ўтишга мажбур бўлади ёхуд Австралиянинг жанубий чеккасигача «сайр қилиб» келишига тўғри келади. Масофа ва харажатларнинг залворини инобатга олсак, аксарият компаниялар учун Малаккани айланиб ўтиш — шунчаки пул ва вақтни ҳавога совуришдан бошқа нарса эмас.
Малакка бўғози орқали кемалар ҳаракатининг ҳар қандай узоқ муддатли бузилиши жаҳон иқтисодиётида Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши оқибатида юзага келган зарбалардан ҳам кучлироқ занжирли титрашларни келтириб чиқаради.
Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги «ўйин қоидалари»ни ўзгартириб қўйгани дунёда кема қатнови эркинлиги деган анъанавий тушунчани жиддий шубҳа остида қолдирди. Бу вазиятдан илҳомланган Индонезия молия вазири Пурбая Юди Садева вақтни бой бермай, Малакка бўғозидан ўтувчи кемаларнинг ҳамёнларига «қўл солиш» ғоясини ўртага ташлади. «Агар тушган даромадларни Индонезия, Малайзия ва Сингапур ўртасида тенг тақсимласак, бу ёмон иш бўлмасди, шундай эмасми?» — деди вазир шу мамлакатлар симпозиумида ўзининг «сахийлик» ва иқтисодий манфаат уйғунлашган режаси билан ўртоқлашаркан.
Гарчи кейинчалик Индонезия ташқи ишлар вазири Сугионо бу ғоя кўриб чиқилмаётганини айтган, Садева эса ўз баёнотларини юмшатган бўлса-да, мавзунинг тилга олинишининг ўзиёқ бу мамлакат ниманидир режалаштираётганидан далолат беради. Хусусан, Индонезия сиёсий элитасининг бошқа вакиллари шахсий суҳбатларда ҳукуматнинг юқори доираларида Малакка бўғозидан мамлакат бюджети учун маблағ йиғишда фойдаланиш ғояси жиддий қабул қилинаётганини маълум қилишди.
Ушбу давлатлар ва дунёнинг бошқа мамлакатлари глобал гегемондан олаётган сигналлар Жануби-Шарқий Осиёда кема қатнови эркинлигига бўлган глобал содиқликнинг дарз кетишига ва эҳтимолий якунланишига хизмат қилмоқда. Трамп маъмурияти кема қатнови эркинлигини хавф остига қўяётган воқеаларни шунчаки кузатиб туришдан кўпроқ иш қилди.
Глобал гегемондан келаётган сигналлар Жануби-Шарқий Осиёда кема қатнови эркинлиги деган эски ва «муқаддас» тамойилни шунчаки дарз кетказиб қолмай, уни тарих саҳифаларига итқитишга ҳозирламоқда. Трамп маъмурияти бу жараёнда шунчаки томошабин эмас, балки денгиз йўлларининг хавф остида қолишига ўз ҳиссасини қўшди, дейди мутахассис.
Доналд Трамп ҳали президентлик курсисига ўтирмасиданоқ, Қўшма Штатлар Панама канали устидан назоратни қайтариб олиши ва ундан мўмайгина даромад кўриши кераклигини таъкидлаган эди. Кўпчилик буни шунчаки қуруқ мақтанчоқлик ёки музокаралардаги «айёрлик» деб қабул қилган бўлса-да, аслида бу чиқиш АҚШ давлат сиёсатининг энг юқори доираларида янги бир дунёқарашни бошлаб берди. Эндиликда муҳим денгиз бўғозлари асралиши керак бўлган «глобал мерос» эмас, балки сувини сиқиб, фойда кўриладиган оддий бир «иқтисодий актив» сифатида кўрила бошланди.
Манба: t.me


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter