Индонезия бир неча кун ичида 700 дан зиёд фуқаросидан айрилди
Индонезияда рўй берган тошқинлар оқибатида камида 712 киши ҳалок бўлди. Қутқарувчилар ҳали ҳам табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларга етиб боришга уринмоқда.
Индонезия фавқулодда вазиятлар идорасига кўра, Малакка бўғозида кузатилган кучли довул оқибатида юзага келган сув тошқинларидан мамлакатнинг учта музофотида яшовчи 1,5 миллионга яқин аҳоли азият чеккан.
500 га яқин киши дараксиз йўқолган, минглаб одам жароҳатланган.
Reuters агентлиги эса Индонезияда тошқин ва кўчкилар оқибатида жами 900 га яқин киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Кучли тропик довуллар Жануби-Шарқий Осиёда сўнгги йилларда кузатилган энг кучли тошқинларга сабаб бўлди. Ўтган ҳафта мобайнида минтақада 1200 киши ҳалок бўлди. Табиий офат, жумладан, Шри-Ланкда 410, Таиландда 176, Малайзияда 2 кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Индонезиянинг Ачех, Шимолий ва Ғарбий Суматра каби уч вилояти энг кўп талафот кўрди. Минглаб одам ташқи дунёдан узилган ҳолда, бирламчи кўмакдан маҳрум ҳолда қолмоқда.
Сув тошқини қисқа муддатда минглаб уй ва иморатларни ювиб кетган.
Юз минглаб одам хавфсиз жойга кўчирилган бўлса-да, ноқулай об-ҳаво шароити боис қутқарув амалиёти ҳам ўта мушкул кечмоқда.
Аҳоли Индонезия ҳукуматидан Суматрани миллий табиий офат ҳудуди деб эълон қилишни талаб қилмоқда. Ана шунда қутқарув амалиётини тезроқ ва ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда амалга ошириш мумкин бўлади.
Мухолифлар ҳукумат табиий офатга етарли тайёргарлик кўрмагани, бюрократик тўсиқлар сабаб озиқ-овқат етказиш кечикканини айтмоқда.
Айрим фаоллар табиий ресурслардан ўйламасдан фойдаланиш, жумладан, тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун дарахтларнинг кесилиши табиий офат кўламини кенгайтириб юборди деган фикрда.
«Қийинчиликни енгиб ўтиш учун барча чораларни амалга оширамиз», — деган Индонезия президенти Прабово Субианто.
Тошқинлар Таиландда яшовчи 3,8 миллион аҳолининг ҳам кундалик ҳаётини издан чиқарган.
Ҳукумат табиий офатда ҳалок бўлганларнинг оилаларига икки миллион бат (62 минг доллар) товон пули тўлашга ваъда берган.
Малайзияда инсоний талафот кам бўлди, аммо моддий зарар кўлами кичик эмас. Масалан, Перлис штатидаги минглаб уй-жой сув остида қолган.
Шри-Ланка ҳам тошқинлардан катта зарар кўрди. Ҳукумат вазият қалтислиги сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилишга мажбур бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Жануби-Шарқий Осиёда, жумладан, Индонезия, Таиланд ва Шри-Ланкада кузатилган кучли ёғингарчилик ҳамда сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлган, бедарак йўқолган ёки жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги ҳақида баёнот берган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter