Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Maroqand» АЖ банкрот деб топилди: UPay тизими билан боғлиқ компания тугатилади

«Maroqand» АЖ банкрот деб топилди: UPay тизими билан боғлиқ компания тугатилади

UPay тўлов тизимига эгалик қилувчи «Maroqand» акционерлик жамияти банкрот деб топилди. Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2026 йил 2 феврал куни жамиятни тўловга қобилиятсиз деб эътироф этиш ва уни тугатишга доир иш юритувини бошлаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

«Maroqand» АЖ Ўзбекистонда фаолият юритиб келган «UPay» тўлов тизимига эгалик қилган. Ушбу тизим орқали фойдаланувчилар давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет, онлайн сервислар учун тўловларни амалга ошириш, банк карталари ўртасида пул ўтказиш ҳамда электрон ҳамёнларни тўлдириш имкониятига эга бўлган.

Компания 2022 йил май ойида «Humans» финтех-экотизими томонидан тўлиқ сотиб олинган. 2024 йил октябр ойида Марказий банк томонидан тўлов ташкилотига нисбатан чеклов чораси қўлланиб, фаолияти 6 ой муддатга чеклангани расман маълум қилинган эди.

2025 йил охирида Humans иловаси билан боғлиқ вазият кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар банк карталаридан уларнинг рухсатисиз пул маблағлари ечиб олингани ҳақида хабар тарқатишди. Марказий банк мазкур ҳолат юз берганини тасдиқлаб, текширув ишлари бошланганини маълум қилди ҳамда хавфсизликни таъминлаш мақсадида айрим тўлов операцияларини вақтинча чеклади.

Кейинроқ Humans ҳолат бўйича изоҳ бериб, пул маблағлари 4-8 декабрь кунлари фирибгарлар томонидан ечиб олинганини маълум қилган. Компания бу ҳолатда ўз айби йўқлигини, муаммо техник хатолик билан боғлиқ эканини билдирган.

2026 йил январ ойида Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ шахснинг қарийб 7 миллиард сўм пул маблағлари ўғирлангани ҳақида маълумот берилган.

Марказий банк томонидан ўтказилган текширув якунлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди ва жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 2025 йил октябр ойида Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans МЧЖни банкрот деб топган эди. Энди эса унинг тўлов инфратузилмаси билан боғлиқ бўлган «Maroqand» акционерлик жамияти ҳам расман тугатиш жараёнига кирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг