Президент: «Ироқ ишлаб чиқарувчиларимиз учун истиқболли бозор»
Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Зеро, иқтисодий дипломатия – янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Иқтисодий хавфсизлик эса давлат хавфсизлигининг асосий пойдевори ҳисобланади.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди.
Тарихда биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 миллиард доллардан ошди.
Эътиборлиси, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайган.
Элчилар хорижий инвесторлар ва йирик компаниялар билан бирга ишласа, бу кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ўз ишлаб чиқариши деярли йўқ бўлган, ички бозорни тўлдириш учун 100 миллиард долларлик маҳсулотни четдан солиб олувчи Ироқ мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли бозор ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Ироқдан 150 та йирик компания Ўзбекистонга олиб келингани ижобий баҳоланди.
Улар биздаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳайрон қолганини, олдинлари Ўзбекистон маҳсулотлари тўғрисида деярли тушунчаси бўлмаганини айтяпти. Улар Ироқда корхоналаримизнинг расмий дистрибюторини очиб, Яқин Шарқ бозорларига жадал кириб боришни режа қиляпти.
Натижада шу йилнинг ўзида Ироққа юзлаб миллион долларлик маҳсулотлар етказиб беришга келишилди.
Тегишли давлатлардаги элчиларимиз Ветнам, Баҳрайн, Португалия билан ҳам шу тартибда ишлаб, ҳамкорлар топиши ва бу бозорларга кириш бўйича ишлаши кераклиги қайд этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter