Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каталония ва Курдистон: кимга нима керак?

Каталония ва Курдистон: кимга нима керак?

Бир ҳақиқатни унутмаслик керак. Ер юзида уч мингдан ортиқ миллат ва элат мавжуд. Давлатлар сони эса 200 га яқин, холос.

Фото: Ассоциация туроператоров России

Гарчи бу ҳудудларда юз бераётган муаммоларнинг илдизлари олисларга бориб тақалса-да, нега айнан бу муаммолар айнан бир пайтда қўзғалганини сиёсий таҳлилчилар турлича баҳо бераётир. Келинг, аввало ҳар икки ҳудуддаги муаммолар хусусида фикрларимизни бир нуқтада жамласак...

Курдларнинг асрий орзуси(ми?)

Курдлар сайёрамиздаги қадимий этнослардан бири эканини яхши биламиз. Айрим маълумотларга кўра, уларнинг жаҳон миқёсидаги умумий нуфуси 40 миллион кишидан ошади. Курдлар айни пайтда Ироқ, Эрон, Туркия, Сурия, Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон сингари мамлакатлар ҳудудида истиқомат қилишади.

Асрлар мобайнида курдлар ўз мустақил давлатларини қуриш учун курашиб келишган, баъзи пайтларда бунга муваффақ ҳам бўлишган. Жумладан, 1920—1923 йилларда Усмонийлар давлати ҳудудида Арарат Курд Республикаси фаолият кўрсатган. Кейинчалик Кавказорти, Эрон ҳудудларида ҳам кичик-кичик курд давлатчалари қисқа муддат «умр кечирган». Аммо, улар тез фурсатда ўз фаолиятини тўхтатган.

Бугунги кунда фақатгина Ироқ ҳудудида мухторият мақомига эга бўлган Курдистон мавжуд. Саддам Ҳусайн даврида курдларнинг мустақилликка эришиш йўлидаги ҳар қандай хатти-ҳаракатлари қаттиқ назорат остига олинди. Бу эса маҳаллий курдларнинг ҳукуматга қарши норозилик кайфиятини кучайтириб юборди.

Ироқ ва Ғарб давлатлари ўртасида юзага келган кескин қарама-қаршиликда ҳам курдлар ҳал қилувчи рол ўйнади. Саддам Ҳусайн режимининг душмани бўлган айрим Ғарб давлатлари курдлардан ушбу сиёсатчига қарши қурол сифатида фойдаланишди.

2005 йилнинг январ ойида ҳам Ироқ ҳудудидаги курдлар мустақиллик учун сайлов ўтказган, аҳолининг 90 фоиздан кўпроғи мустақиллик учун овоз беришган бўлса-да, бу сиёсий жараён халқаро миқёсда тан олинмаганди.

Мустақиллик орзусидаги курдлар.
Фото: Dalma News

Маълумки, Ироқдаги ички беқарорликдан фойдаланган диний экстремистлар аввал Ироқ, кейин Сурияда катта ҳудудни эгаллаб, «Ислом давлати» тузилганини эълон қилишди. Сўнгги уч йил ичида ушбу ҳудудда экстремист кучлар тинч аҳолига, жумладан, курдларга ҳам қарши кескин чораларни қўллашди. Айниқса, язидийлик динига эътиқод қилувчи курдлар «Ислом давлати» террорчилари томонидан аёвсиз қирғин қилинди.

Фақат 2017 йилнинг ёз ойларида Ироққа тегишли жуда катта ҳудуд террорчиларнинг қўлидан тортиб олингачгина, Масъуд Барзоний бошчилигидаги кучлар яна Курдистонни Ироқдан ажратиб олиш масаласини кўтариб чиқишди.

Жорий йилнинг 25 сентябрида бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, кудларнинг 92,73 фоизи мустақилликни ёқлаб овоз беришди. Бироқ бу референдум қўшни мамлакатлар, хусусан, Туркия ва Эронни қаттиқ хавотирга солди. Ҳар икки мамлакат расмийлари халқаро жамоатчиликдан бу сиёсий жараённи ноқонуний деб топишни сўраб чиқишди.

Чунки Ироқ таркибидан алоҳида курд давлатининг ажралиб чиқиши минтақадаги бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган курд айирмачиларини руҳлантириш табиий. Қолаверса, курдларнинг ПКК, ПЕД, ЕПГ сингари ташкилотлари узоқ йиллардан бери Яқин Шарқдаги бир қатор мамлакатларда қуролли ҳаракатлар олиб боришмоқда.

Қисқаси, айни пайтга қадар халқаро жамоатчилик бу референдум натижаларини дастакламади, дунёдаги ҳеч бир давлат Курдистонни мустақил давлат сифатида тан олмади.

 

Каталония мустақил бўла оладими?

Каталонлар ҳам жанубий европадаги кўп сонли халқлардан бири бўлиб, улар асосан испания ҳудудида истиқомат қилиб келишган. Мамлакат шимоли-шарқидаги Каталония вилоятида яшовчи каталанлар ҳам бир неча асрлардан бери ўз юртларининг мустақил бўлишини исташади.

Каталанлар тили, ташқи кўриниши, урф-одат ва анъаналари билан испанлардан кескин ажралиб турадилар. Каталония вилоятида ишлаб чиқариш, завод ва фабрикалар анча риволжланган бўлиб, айрим маълумотларга кўра, Испания ялпи миллий маҳсулотининг чорак қисми ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.

32 114 квадрат километр майдонга эга бу вилоятда айни пайтда етти ярим миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 1871, 1930 йилларда ҳам Каталония Испаниядан ажралиб олишга уриниб кўрди. Аммо расмий Мадриднинг қатъий позицияси сабаб бу мақсад амалга ошмади.

2017 йилнинг сентябр ойида Каталониянинг Испаниядан ажралиб чиқишга бўлган ҳаракатлари яна жонланди. Карлес Пучдемон бошқарувидаги Каталонияда 1 октябр куни умумхалқ референдуми ўтказилиши белгиланади. Референдумда халққа «Сиз Каталониянинг республика шаклидаги мустақил давлат бўлишини истайсизми?» деган савол билан мурожаат қилинган эди. Бу борада Каталония парламенти ҳам тегишли меъёрий ҳужжатларни имзолади. Аммо расмий Мадрид имкон даражасида бу сиёсий жараённинг олдини олишга уриниб келди.

Турли қаршиликларга қарамай, 1 октябр куни таклиф этилган жами аҳолининг 43 фоизи иштирокида референдум ўтказилди. Сайловчиларнинг 90 фоизидан кўпроғи Каталония мустақиллиги учун овоз берди.

Бу референдумни миллий ва халқаро қонун-қоидаларга зид деб топган Испания ҳукумати Карлес Пучдемон ва бир қатор Каталония расмийларини эгаллаб турган лавозимидан озод этди. Испания Конституцион суди Каталониянинг референдум билан боғлиқ барча ҳужжатларини асоссиз деб топиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Еврокомиссия расмий вакили Маргаритис Схинас ҳам Каталониянинг мустақиллик ҳақидаги референдумини асоссиз деб топди. Каталония мустақилликни қўлга киритган тақдирда ҳам халқаро ҳамжамиятда яккаланиб қолиши, иқтисодий муаммолар қуршовига тушиши аён бўлиб қолди. Чунки жуда кўп хорижий компаниялар ўз сармояларини Каталониядан олиб чиқишга тараддуд кўра бошлашди. Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлиши ўз-ўзидан Европа Иттифоқи ва Евроҳудуддан ҳам чиқиб кетишни англатарди. Бу эса, ҳатто мустақиллик учун овоз берган каталонияликларни ҳам тараддудга солиб қўйди.

Расмий Мадрид мамлакат конституциясининг 155-моддасига биноан, Каталонияни ҳатто мухторият мақомидан ҳам маҳрум қилишга тайёргарлик кўришни бошлади.

Испания бош прокурори Хосе Мануэл Маса Пучдемонни коррупция ва исёнда айблаб, у билан бирга яна 13 нафар каталониялик сиёсатчи устидан жиноий иш қўзғади. Аммо бу пайтда Пучдемон Брюсселда эди. У ўз ихтиёри билан Брюссел полициясига таслим бўлса-да, кўп ўтмай яна озодликка чиқариб юборилди.

Дарвоқе, 22 декабр куни Каталонияда ўтказилган парламент сайловида ҳам айнан Каталониянинг Испания таркибида қолиши тарафдори бўлган Фуқаролар (Ciudadanos) партияси энг кўп овоз (25 фоиз) тўплади. Бироқ сайловда иштирок этган бошқа партиялар — Каталония сўл республикачилари партияси (ERC), Халқ иттифоқи (CUP), Каталония учун биргаликда (JxCAT) партиялари ҳудуд мустақиллиги тарафдорлари ҳисобланишади. Шу сабабли маҳаллий ҳукумат қайси партия вакилларидан таркиб топиши ҳануз ойдинлашмаяпти.

Хуллас, Курдистондаги сингари, каталонияликларнинг мустақиллик учун ҳаракатлари кутилган натижани бермади.

Уларнинг ортида ким турибди?

Аслида, диққат қилинса, бутун сайёрамизда фақат биргина миллатдан иборат бўлган бирорта давлатни топиш мушкул. Бугун сайёрамизда ўнлаб, юзлаб миллат ва элат вакиллари яшайдиган мамлакатлар бор. Улар таркибидаги миллий озчилик вакилларининг мустақилликка интилиши расмий ҳукумат учун ортиқча бошоғриқ бўлса-да, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, холис ва нохолис сиёсий кучлар бу жараёндан ўз манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб келишган.

Биз юқорида фақат иккита сиёсий ҳудуд ҳақида сўз юритдик. Аслида жаҳон харитасида бундай оғриқли нуқталарни истаганча топиш мумкин. Тоғли Қорабоғ, Шимолий Кипр, Абхазия, Осетия, Донецк, Луганск, Днестрбўйи, Косово, Аруба, Азавад сингари ҳудудларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бу ҳудудлар узоқ йиллардан бери мустақилликка даъво қилиб келишса-да, улар фақат айрим давлатлар томонидангина тан олинган ёки умуман тан олинмаган.

Мазкур ҳудудлар ички ва ташқи кучлар таъсирида муайян бир давлатдан ажралиб чиқишга эришган бўлсалар-да, уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши жуда қийин кечмоқда. Мазкур ҳудудлар ўзининг яхлит сиёсий мақомига эга бўлмагани учун уларга хорижий сармояларнинг кириши ҳам чекланади, экспорт ва импорт кўнгилдагидек бўлмайди. Бу эса, иқтисодий таназзулга, демакки, аҳолининг қашшоқлашувига, миграциянинг ошишига сабаб бўлади.

Юқорида тилга олинган ҳудудларда ҳам марказдан ажралиб чиқишга бўлган интилиш узоқ вақтлардан бери давом этиб келаётганди. Албатта, бу жараён ташқи кучлар, қудратли давлатларнинг ёрдамисиз амалга ошмасди. Гарчи, яқин-яқингача, Ироқдаги курдлар, Испаниядаги каталанларга ана шу ташқи кучлар ҳар томонлама мадад бериб келганди.

Аммо, кутилмаганда, Каталонияга ҳам, Курдистонга ҳам референдумдан кейинги жараёнларга халқаро ҳамжамиятнинг талаби билан ташқи кучларнинг аралашуви деярли тўхтатилди. Ҳозирча, халқ ўз иродасини намоён қилгани билан жаҳон харитасида янги давлатлар пайдо бўлмади.

Бу референдумлар тан олинган тақдирда ҳам ушбу янги «давлатлар»ларнинг ҳар тарафлама ривожланиб, тараққий этиши катта сўроқ остида қолар, уларнинг оёққа туриши учун бир неча ўн йиллар керак бўларди.

Албатта, Ер юзидаги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз яхлитлигини, ўз хоҳиш-иродасини намоён этишга ҳақли. Аммо, бир ҳақиқатни унутмаслик керак. Ер юзида уч мингдан ортиқ миллат ва элат мавжуд. Давлатлар сони эса 200 га яқин, холос. Йирик-йирик давлатларнинг бўлиниб, парчаланиб кетиши яхшиликка олиб келмайди. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Курдистон ва Каталония халқи ҳам, тарихнинг бугунги эврилиш нуқтасида жиддий қарорга келиши, «етти ўлчаб бир кесиши», ҳис-туйғуларга берилиб, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб қолмаслиги керак.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг