Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Иккинчи Сенегал» бўлиш хавфи ёхуд яна тилимиз ҳақида

«Иккинчи Сенегал» бўлиш хавфи ёхуд яна тилимиз ҳақида

Фото: «Xabar.uz»

Ғарбий Африкада Сенегал деган давлат бор. Бу мамлакатни илк бор 2002 йилда Жанубий Корея ва Японияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида таниганман. Ўшанда нафақат мен, балки дунёдаги миллионлаб футбол мухлислари бу давлат номини илк марта эшитди ва бир умрга ёдларида сақлаб қолди. «Футбол мамлакатни тез танитади» деганлари шу бўлса керак-да. Шундан кейин бу мамлакат ҳақидаги маълумотлар билан қизиқдим. «Аҳолиси фалон миллион, ҳудуди фалон км.кв², иқтисодиётининг, қишлоқ хўжалигининг муҳим соҳалари, йирик шаҳарлари» ва ҳоказо умумий маълумотларни ўқидим. Ана шу ерда мени ҳайрон қолдиргани Сенегал ҳақидаги маълумотларнинг  «давлат тили» деган жойида «француз тили» деб ёзиб қўйилгани бўлди. Демак, Сенегалдаги турли миллатлар ўз тилларини батамом унутиб, француз тилида гаплашадиган бўлиб кетишган экан.

Мен ўшанда Сенегал неча йил Франция мустамлакаси бўлганига эътибор бермаган эдим ва ўзимча бу давлат камида 150-200 йил французларнинг мустамлакаси бўлган деб ўйладим. Чунки она тилини бутунлай унутиб бошқа бир халқнинг тилида гаплашадиган бўлиш учун камида тўрт-беш авлод алмашиши, 150-200 йил ўтиши керак бўлади деб ўйлаганман. Лекин инсон турли сабабларга кўра ўз тилини унутиб, бошқа бир миллатнинг тилига ўтиб кетиш учун қисқагина муддат ҳам кифоя қилиши мумкин.

Масалан, европалик босқинчилар африкаликларни қул қилиб Америка қитъасига олиб бориб сотганларидан кейин улар қисқа муддатда ўз тилларини унутиб инглиз тилида сўзлашадиган бўлиб кетдилар. Ёки бир инсон бегона бир юртда олти ой ёки бир йил яшаса ўша жойнинг тилини бемалол ўзлаштиради. Чунки инсон бегоналар орасига тушиб қолса, ўз она тилида сўзлашадиган одам топилмаса қисқа муддатда бегона тилни ўзлаштириб кетади. Аммо сенегалликлар ўз юртида эди. Улар босқинчи французлар билан француз тилида гаплашса, ўз миллатдошлари билан она тилида мулоқот қилиш имконига эга эди. Аммо негадир қисқа муддатда ўз тилларини унутдилар.

Сенегал бор-йўғи 70 йил, 1890 йилдан 1960 йилгача Франция мустамлакаси бўлган экан.

Эски замонларда бир давлат иккинчи бир давлатни, бир халқ иккинчи бир халқни босиб олганда ўз тилини қандай сингдирганини аниқ билмайман. Кўча-кўйда «босиб олгандан кейин аёлларини зўрлашган ёки уйланишган ва шу орқали бир халқ иккинчи халққа ўзининг ўзлигини сингдирган» дейишади. Баъзида эса сонлари кам бўлса босқинчилар маҳаллий халққа сингиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган.

Аммо ўн саккиз — ўн тўққизинчи асрларга келиб босқинчилар ўз маданиятини мустамлака бўлган халқлар орасида ёйиш учун бошқача йўллардан фойдалана бошладилар. Бу йўл асосан босқинчилар тилида ўқитиладиган мактаблар очиш эди. Тўғри, ўша эски усуллар бўлмиш маҳаллий аёлларни зўрлаш ёки уларга уйланиш ҳам қисман сақланиб қолган бўлиши мумкин. Аммо европалик мустамлакачилар босиб олган ҳудудларида ўз тилларида ўқитадиган мактаблар очишлари кўпроқ самара беришини англаб етдилар ва бу иш кўпроқ самара берди ҳам.

Энди Сенегалга қайтадиган бўлсак, улар қандай қилиб ўз она тилини унутиб француз бўлиб кетганлари менга қоронғи. Балки Россия бизни босиб олганидан кейин турли шаҳарларимизда рус тилига ихтисослашган «рус-тузем» мактабларини очгандай французлар ҳам француз тилига ихтисослашган мактаблар очишгандир ёки бунинг бошқа сабаблари бордир.

Албатта, сенегалликларнинг француз тилини она тили деб қабул қилишлари уларнинг Франциядан муаммосиз яхши бир иш топишларига сабаб бўлгандир, ҳозир ҳам бўлаётгандир. Аммо аммо миллий ғурур-чи? Инсоннинг ўзлиги-чи? Ёки қорин ғамида миллий ғурур ва ўзликка тупуриш керакми?

Энди ўзимиздаги аҳволга бир назар ташлайлик. Собиқ иттифоқ даврида тилимизга хуружлар бўлганини, бизга рус тилини мажбуран сингдиришганини ёзиб ўтирмайман. У пайтда биз чорасиз ва Москва нимани буюрса қулоқ қоқмай бажаришга мажбур эдик. 1980-йилларнинг охирига келиб аҳвол ниҳоятда оғирлашган, тилимиз чалажон аҳволга тушган эди.

Ниҳоят мустақил бўлдик. Энди бизни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. Эркимиз ўз қўлимизга ўтди. Энди тилимизни қанча эъзозласак, тарғиб қилсак ўзимизнинг ихтиёримизда эди. Аммо мустақил бўлганимиздан кейин ҳам тилимизга бўлган эътибор у қадар ўзгармади. Ўзгарган бўлса ҳам етарлича бўлмади. Бундай дейишга, тўғрироғи, бундай деб даъво қилишга ҳаққим борми? Бор, албатта бор...

Биринчи воқеа.

Бундан бир неча кун олдин Самарқанддан Тайлоқ шаҳарчаси орқали Ургутга борадиган йўлдаги халқ тилида «метан заправка» деб аталадиган автомобилларга сиқилган газ қуйиб берадиган шохобчага кирдим. Шохобча яқинда очилди. Ғазначининг олдидаги дарчанинг икки тарафида Вазирлар Маҳкамасининг автомобилларга қандай газ баллон ўрнатиш, қандай газ баллонларини неча йилда синовдан ўтказиш ва ҳоказолар ёзилган русча қарорини илиб қўйишибди. Қизиғи, қарор остида «Премьер министр Узбекистана Ш.М.Мирзиёев» деган ёзув ҳам бор.

Ғазначига «Ака, бунинг ўзбекчаси йўқ эдими, бу атрофда рус тилида сўзлашадиган одамнинг ўзи бўлмаса» десам, у «Қўяверинг, ака, қарорни илганмизми, илганмиз» деди. Тўғриси, узоқ бир қишлоқдаги газ қуйиш шохобчасида атрофда биронта рус яшамаса ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарорини русча ёзиб қўйганлари одамни «нега бундай?» деб ўйлашга  мажбур қилар экан. Эътибор берганман, юртимиздаги газ қуйиш шохобчаларининг аксариятида шундай. Бу-ку оддий бир газ қуйиш шохобчаси. Йирик шаҳарларимизда, айниқса Тошкент кўчаларидаги турли ёзувларни текшириб чиқинг, аксарияти рус тилида.

Иккинчи воқеа.

Яқинда ишим тушиб, туманимиз солиқ идорасига бориб эски йилдан қарзимиз бор-йўқлигини ҳисоблатдим. Ана шу ерда эътиборимни тортган ҳолат шу бўлдики, солиқ идорасидаги компьютерларда ҳисоботлар рус тилида юритилар экан. Туманимизда бир-иккита татар оилаларини айтмаса русийзабонлар умуман яшамайди. Аммо солиқда, балки бошқа идораларда ҳам, иш юритиш рус тилида. Тахминимча, бутун мамлакатимизда аҳвол шундай. Компьютердаги турли ҳисоботлар, иш юритишлар рус тилида бўлаяпти.

Шунингдек, бугунги кунда турли вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг аксарияти рус тилида иш юритаяпти. Бунисига нима дейсиз?

Россияда бир пайтлар немис ва француз тиллари сарой тилига айлангани, император ва унинг яқинлари, киборлар ўзаро мулоқотда ўша тиллардан фойдалангани, француз ва немис тилини бироз билган руслар ушбу тилларни билмайдиган русларни камситиб, уларга паст назар билан қараганлари тарихдан маълум. Ҳозирги аҳволимизни кўриб айтаманки, бизда ҳам аҳвол шундай.

Бу гапларни нега жон куйдириб ёзаяпман? Юқорида собиқ иттифоқ даврида тилимизнинг хўрланганини ёздим, кўпчилик бунга мажбурликдан зўрға чидаб юрганини ҳам ёздим. Ўшанда мажбур эдик. Энди-чи? Мени хавотирга солаётгани энди бизни ҳеч ким рус тилида иш юритишга, мажлис ўтказишга мажбурламаяпти, энди биз ана шу ишларни онгли равишда, ўзимиз хоҳлаб қилаяпмиз. Оқибатини ўйламай қилаяпмиз. Тилимизнинг илдизига болта ураяпмиз. Ёмон томони ҳам шу. Бизни Сенегалнинг аҳволига яқинлаштираётгани ҳам шу.

Охирги йигирма йиллик ҳаётимнинг ярми Тошкентда ўтди. Муқим бўлмаса-да, қарийб муқимдай яшадим. Эсимда, 1990-йилларда пойтахтликлар ўз фарзандларини рус мактабларига ёки аралаш тилли мактабларнинг рус синфига қўйишга унчалик ошиқавермас эди. Балки бунга ўша даврда мамлакатимиз бўйлаб «СССРдан қутулганимиз, унинг ўзаги бўлмиш рус босқинидан қутулганимиз» ҳақида телевидение ва ОАВдаги кўплаб чиқишлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳарҳолда аниқ сабабларини билмайман. Бугунги кунда эса вазият тубдан ўзгарди. Энди аксарият ота-оналар уйидан узоқроқда бўлса ҳам болаларини рус мактабларига ёки рус синфларига бермоқда. Буни эса «ўзбек мактабларида яхши таълим берилмайди» деб изоҳлашаяпти.

Статистикага қарасангиз бизда мустақиллик йилларида русийзабонларнинг сони ошмагани ҳолда русча мактаблар, синфлар кўпайганига гувоҳ бўласиз. Бу кўпайиш эса рус бўлмаган юртдошларимиз ҳисобидан бўлаяпти. Яъни бизнинг ҳисобимиздан бўлмоқда.

Бунинг асосий сабаби эса бизда тилимизни ривожлантириш, халқаро майдонда унинг обрўсини ошириш ҳақида биронта аниқ режанинг йўқлиги, тилимизга етарлича эътиборнинг йўқлиги бўлса керак.

Тилимизга бўлган эътиборсизлик ва рус тили бизда тобора оммалашаётганининг хавфли бир томони шуки, рус тилини яхши ўзлаштирган ёки ўзининг тилини унутиб рус тилида мулоқот қиладиган инсонларнинг аксарияти кундан-кун ўзларини бошқалардан юқорироқ санаб, бу тилни билмайдиганларни одам ўрнида кўрмай бораяптилар. Бу эса ёмон аломат.

Ҳурматли ўқувчим, ушбу постимни шу ергача ўқиб келишга сабрингиз етган бўлса, шу ерда бироз тин олинг ва мушоҳадаларимни асло миллатчиликка йўйманг. Менинг рус халқига адоватим йўқ. Зеро, ёмон миллат бўлмайди, ёмон одамлар бўлади. Шундай экан, қани эди ҳар бир миллатдошим, юртдошим она тилидан ташқари камида иккита тилда эркин гаплаша олса, ажойиб иш бўлар эди. Аммо бошқа тилларни ўрганиш асло ўз тилини унутиш, ўз тилини менсимаслик, ўз тилини камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

Бизда эса, афсуски, кўпинча рус мактабларида ўқиганлар кейинчалик оилада ҳам, кўча-кўйда ҳам рус тилида сўзлашадилар ва бора-бора ўз тилини унутадилар. «Сенегал синдроми» ана шундан бошланади.

Сўзимнинг охирида шуни таъкидламоқчиманки, ҳукумат тилимизга бўлаётган хиёнатнинг тезроқ олдини олиш чораларини кўриши керак. Турли вазирликлар ўзбек тилида иш юритиши учун қисқа муддат етмас, шу боис уларга маълум бир муддат тайинланиб, ўзбек тилида иш юритиш ҳақида қонун чиқариш лозим. Умуман олганда тилимизнинг ҳимоясига бугундан киришилиши шарт. Эртага кеч бўлади.

Шунча гапларни ўқиб, охирида мендан «сен ўзи нима истайсан?» деб сўранг, мен орзумни айтай.

БМТнинг турли мажлисларида юртимиз раҳбари ёки бошқа раҳбарлар қатнашиб сўзга чиққанларида, бошқа халқаро анжуманларда, турли давлатларга борганда, турли давлатларнинг раҳбарлари бизга келганда раҳбарларимизнинг она тилимизда гапиришларини хоҳлайман.

Турли вазирлик ва идоралар она тилимизда иш юритишини хоҳлайман.

Кўча-кўйдаги турли эълонлар, ёзувлар ҳам аввало она тилимизда ёзилишини хоҳлайман.

Мабодо «чет эллардан келадиган меҳмонларга қулай бўлсин» дейдиган бўлсак, ўша эълонлар ва ёзувларнинг ёнига рус ва инглиз тилидагисини ҳам ёзиб қўйиш керак.

Нима дейсиз, бу иш шунчалик қийинми?

Изоҳлар 7

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг