Макрон: Европа Россия билан музокараларда иштирок этиши керак
Франция президенти Эммануэль Макрон Европа давлатлари Россия билан Украинадаги урушни якунлаш бўйича музокараларда бевосита иштирок этиши шартлигини билдирди. У бу ҳақда 13 февраль куни Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясидаги чиқиши чоғида маълум қилди. Бу ҳақда Le Monde хабар берди.
Макроннинг таъкидлашича, Европа Россия билан «шаффоф алоқа йўллари»ни қайта тиклаши лозим. Унинг фикрича, қитъа давлатлари келажакда Москва билан музокара олиб бориш учун «кучли позиция»да бўлиши керак. Бунинг учун Европа мудофаа салоҳиятини, айниқса узоқ масофали қурол тизимлари соҳасида фаол ривожлантириши зарур.
Reuters маълумотига кўра, Макрон Европа уруш тугаса ҳам «тажовузкор Россия» билан тўқнаш келиш эҳтимоли сақланиб қолишини айтган. Шу сабабли, тинчлик келишувидан кейин Европа Россия билан «бирга яшаш қоидалари»ни белгилаб олиши, эскалация хавфини чеклаши керак.
Франция раҳбари Европа давлатларини хавфсизлик архитектурасини қайта кўриб чиқишга чақирди. У, жумладан, «ядровий тийиб туриш сиёсати»ни қайта шакллантириш масаласини ҳам муҳокама қилишни таклиф қилди.
Макрон Франция, Германия ва Буюк Британия аллақачон бошлаган маслаҳатлашувларга бошқа Европа давлатларини ҳам қўшилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Европа ўз манфаатлари ва мустақил стратегик фикрига таянган ҳолда ҳаракат қилиши лозим.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter