Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия Украинага уруш очмоқчими? Таниқли сиёсатшунослар мулоҳазалари

Россия Украинага уруш очмоқчими? Таниқли сиёсатшунослар мулоҳазалари

Фото:«The Sun»

Сўнгги ҳафталарда Россия ва Украина ўртасидаги таранг муносабатлар янада ёмонлашди. Бунга Россиянинг Украина билан чегара ҳудудларга кўп сонли ҳарбийлар ва аслаҳаларни жойлаштиргани сабаб бўлди. Кремль қўшинларни қаерда жойлаштириш ўз ички иши эканини айтиб, бу ҳаракатлар Украинага қарши қаратилмаганини билдирган бўлса-да, расмий Киев бунинг ортида жиддий таҳдид мавжуд деб ҳисобламоқда. АҚШнинг Евродаги ҳарбий қисмлари ҳам жанговар шай ҳолга келтирилгани айтилмоқда. Россия давлат матбуотида ҳам уруш мавзуси бот-бот муҳокама қилинмоқда. Айрим таҳлилчилар Кремль Украинага ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида бонг урмоқда. Хўш, Россия чиндан ҳам қўшни мамлакатга ҳужум қилмоқчими? Бу борада таниқли сиёсатшунослар фикрларига эътибор қаратсак.

Россиялик мухолиф сиёсатчи, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ҳарбий тўқнашув эҳтимолини «50 га 50» деб баҳоламоқда. 

Каспаровга кўра, президент Путин Донбассдаги вазиятни янада мураккаблаштиришга ҳаракат қилиши ҳеч гап эмас. Бундан кўзланган мақсад эса дунё ҳамжамиятининг эътиборини қамоқда очлик эълон қилган мухолифатчи Алексей Навальний мавзусидан чалғитиш бўлиши мумкин.

«У (Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) қандай қарор қабул қилади аввалдан айтиш мушкул, аммо мустабид учун ҳар қандай ҳарбий авантюра муқаррар мағлубиятга етаклашини унутмаслик керак. Бу ўринда кўплаб омиллар ҳақида гапирса бўлади. Инчунин, Путин Навальнийдан эътиборни чалғитишга уринаётган бўлиши мумкин – уруш бошланса, Навальний мавзуси газеталарнинг биринчи саҳифасидан тушиб қолади», – дея тахминларини баён қилади Г.Каспаров. 

Шахмату сиёсат омихта қилган арбобга кўра, Россиядаги ички вазият Путиндан мамлакат унингсиз яшай олмаслигини кўрсатувчи буюк юмушга қўл уришни талаб қилмоқда. Айни чоқда, Украинага ҳарбий ҳужум содир этилгудек бўлса, халқаро ҳамжамият жуда кескин чоралар кўришини ҳам Путин эътибордан асло соқит  қилмайди, деб ҳисоблайди Каспаров.

2004-2013 йилларда Грузия президенти лавозимида фаолият юритган, айни пайтда Украинадаги ислоҳотлар ижроия қўмитаси раиси  Михаил Саакашвили ОАВга интервьюсида Россия ахборот уруши воситасида Донбассдаги вазият юзасидан қуруқ шовқин-сурон кўтаришга уринаётганини айтади.

Саакашвили Москва – Киев муносабатларидаги сўнгги тарангликни Путиннинг АҚШ президенти Жо Байдендан қаттиқ хафа бўлгани билан ҳам изоҳлайди.

Аввал хабар берганимиздек, президент Жо Байден ABC телекомпаниясига берган интервьюсида Россия етакчиси Владимир Путинни қотил деб атаган ва бундан расмий Москва дарғазаб бўлган эди. 

«Chatham House» тадқиқот марказининг Евроосиё ва Россия бўйича собиқ раҳбари Жеймс Шеррнинг таъкидлашича, Украинага ҳужум Ғарб мамлакатларининг расмий Киевга ёрдам кўламини янада кенгайтиради, бу эса Москва манфаатларига тўғри келмайди.

Унинг фаразига кўра, айни пайтда Кремль Украина ҳудудида Россия тинчликпарвар кучларини жойлаштиришни кўзламоқда.

«Россия «тинчликпарвар» кучларининг ҳозирги демаркация чизиғига жойлаштирилишига олиб келадиган ҳалокатли маҳаллий эскалация энг ҳақиқатга яқин вариант», – дейди Ж.Шерр.

Россиялик ёзувчи, «The New Times» журнали шарҳловчиси Виктор Шендерович Украина чегарасида рус қўшинининг жойлаштирилишини провокация ва шантаж деб атади.

Кремль одатда урушни тезкорлик билан ва махфий тарзда бошлайди. Украина билан боғлиқ вазиятда эса ҳарбийлар ва аслаҳалар намойишкорона ҳаракатланмоқда, демак, бу гал мақсад уруш эмас, балки шунчаки сувни лойқалатиш, деб ҳисоблайди  В.Шендерович.

«Улар томоғингизга пичоқни тираб туришади. Пичоқни тортиб юборишлари ҳам мумкин, тортмасликлари ҳам. Асабингизни синовдан ўтказишади, галдаги қадамларни хомчўт қилишади. Улар ҳозир айнан шу билан машғул. Шу важдан уруш бўлишига ишонмайман. Ҳарҳолда, ҳозирча...» – дейди «The New Times» нашри шарҳловчиси.

Шендеровичга кўра, Россиядаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва Навальний тақдиридан жамоатчилик диққатини чалғитиш ҳарбий-сиёсий тангликдан кўзланган мақсадлар сирасига киради.

Аввал хабар берганимиздек, Украина шарқидаги вазият мураккаблашуви ортидан президент Владимир Зеленский жанг майдонига борган ва ҳарбийлар билан учрашган. Бу ташрифни салбий баҳолаган Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак зарурат туғилса тан олинмаган Донецк ва Луганск «халқ республикалари»га кўмак берилишини айтар экан, ҳарбий ҳаракатларнинг янгидан бошланиши Киев интиҳосининг ибтидоси бўлишини иддао қилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг