Трамп ва Ким Чен Ин қаерда учрашиши мумкинлиги айтилди

АҚШ президенти Доналд Трамп КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги қуролдан холи зонада учрашиши мумкин. Бу ҳақда Япониянинг Nikkei Asia журнали хабар берди.
Трамп Осиё мамлакатлари (Малайзия, Япония ва Жанубий Корея)га ташрифи доирасида қатор учрашувлар ўтказади. Хусусан, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан Россия нефтини харид қилиш масаласини муҳокама қилиши, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммитида ХХР раиси Си Цзинпин билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Япониянинг янги сайланадиган бош вазири билан учрашуви ҳам бор.
Yonhap агентлиги Оқ уйдаги манбага асосланиб хабар беришича, АҚШ президенти КХДР етакчиси билан ҳеч қандай шартларсиз музокаралар олиб боришга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Трамп биринчи президентлик даврида Ким Чен Ин билан уч марта учрашган ва бу Корея яриморолидаги вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам берган. Оқ уй ходимига кўра, АҚШнинг КХДРга нисбатан сиёсати ўшандан бери ўзгармаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter