Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Франция президентининг соҳибқирон юртини кўриш орзуси

Франция президентининг соҳибқирон юртини кўриш орзуси

Ислом Каримов ва Франсуа Миттеран учрашуви.

Фото: Gettyimages / Thierry Orban

Франция тарихида Наполеон Бонапарт, Шарл де Голлдан кейинги ўринда номи айтиладиган шахс Франциянинг собиқ президенти Франсуа Миттеран бўлади. Бунга унинг президентлик даврида жаҳон ҳамжамиятида Франциянинг мавқеини юксалтирганлиги сабабдир. Миттеран мамлакатни 14 йил бошқарган. Бу даврда бир-биридан гўзал давлатларга ташриф буюриб, дунёнинг энг нуфузли шахслари билан учрашган. 

Миттераннинг Ўзбекистонга ташрифи ўша даврда ҳам маълум сиёсий сабабларга кўра энг кўп шарҳланган ҳодисалардан бири бўлган эди, ҳозир ҳам қизиқувчи инсонлар орасида эътиборга молик воқеалардан бўлиб келмокда.

Миттераннинг Ўзбекистонга ташрифи унинг умридаги энг сўнгги сафарларидан бири бўлиб, у бу «аҳамиятсиз» давлатга ташрифни Франция ташқи ишлар вазирлиги ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қаршиликларига қарамасдан амалга оширади. Ташрифдан сўнг Ўзбекистонга у билан келган ва Ўзбекистон томонидан уни саёҳат қилдирган инсонлар кекса Миттеран ўлимидан олдин Ўзбекистонни бир марта бўлса ҳам бориб кўришни орзу қилганини таъкидлайдилар.

Хивада президентга ҳамроҳлик ва таржимонлик қилган ёки бошқа хизматларда бўлган инсонлар президент Миттеран протоколни бузиб Хивада ярим соат кўпроқ қолишни сўраганини ҳикоя қилишади. Уларнинг гувоҳлик беришича, Франсуа Миттеран «Хивага бир марта бўлса ҳам келмаган француз француз эмас» деб айтган экан. Миттеран Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўзи билан келган бюджет вазири Николя Саркозига «Сиз сиёсатда узоққа борасиз» деб айтади. Миттеран айтганидай, Николя Саркози 2007 — 2012-йилларда Франциянинг президенти бўлади.

Франсуа Миттеран билан Ўзбекистонга келган «Либерасион» газетасининг журналисти Жан-Пьер Тибодат 2004 йилда «Миттеран Самарқандни кўрди ва ундан кейингина вафот этди» номли мақоласини ёзади. Унда Миттераннинг Самарқандга ташрифига оид айрим воқеаларни гапириб беради. Қуйида мазкур мақоланинг таржимасини тақдим этамиз.

Миттеран Самарқандни кўрди ва ундан кейингина вафот этди

(Жан-Пьер Тибодат, «Либерасион» газетаси, 2004 йил 12 август).

У ўлими яқин эканлигини билар эди. Икки йилдан озроқ умри қолган эди. У Самарқандни кўришни хоҳларди. Шу сабабли республика президентининг орзусидаги саёҳатни амалга ошириш учун сафар «давлат ташрифи»га айлантирилди. 1994 йил апрелнинг охирларида Франсуа Миттеран Ўзбекистонга учиб кетди. Бу саёҳат шоҳона саёҳат бўлди...

Президент «Конкорд» самолётида учди, унинг ўзига дўст бўлмаган вазирлари (ўша пайтда президент вазирликларни бошқа партиялар билан бўлишиб бошқараётган эди) — бюджет вазири Николя Саркози, Европа масалалари бўйича давлат котиби Ален Ламасур «Фалкон» самолётида учдилар, журналистларнинг ўзлари бир «Эйрбус» самолётини тўлдирдилар. Бунга яна президентнинг «Конкорд»и учун ёнилғи олиб юрувчи Истрдан келган иккита самолётнинг экипажи (ҳар бирида 10 киши) ва Париждан олиб кетилган идиш-товоқларни ҳам қўшиш керак. Темурий шаҳзодаларга хос дабдаба ҳозирланган эди. Дабдабаларни яхши кўрадиган Николя Саркози ўзи ўтирган машина расмий лимузинларнинг орқасига жойлаштирилгани учун роса жаҳл қилди. Президент эса бунга кулиб қўя қолди.

Франсуа ва Даниела Миттеранларга Тошкентга ташрифи пайтида совға қилинган ликопчалар. 1994 йил 25 апрель. Манба: Gettyimages, Copyright: William STEVENS

Йўллар асфальтланган. Яхшилаб тайёргарлик кўрилган эди. Икки ой давомида протокол ва хавфсизлик буйича Париждан келган одамлар президентнинг ҳар бир босадиган қадамигача мўлжаллаб, режалаштириб чиққан эдилар. Самарқанд, Бухоро ва Хива — одатдаги учта туристик шаҳарга ташриф режаланган эди, кейинчалик Бухоро олиб ташланди. Пойтахт Тошкентда расмийлар Ўзбекистонда яшайдиган ва ишлайдиган французларни бориб кўриш учун юрадиган йўлларини асфальтлаб қўйган эдилар. Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда ўз мустақиллигини эълон қилгач, Миттеран унинг мустақиллигини тан олган ғарбдаги илк президентлардан бири бўлган эди. Шу сабабдан президент Каримов ундан миннатдор эди...

Ислом Каримов ва Франсуа Миттеран Хивада. Манба: Gettyimages, Copyright: Thierry Orban.

Ислом Каримов француз президенти билан Хивага бирга борди. Лекин Миттеран Самарқандни ёлғиз саёҳат қилишни хоҳлади. Тўғрироғи, деярли ёлғиз, чунки унинг атрофида хос соқчилари ва бошқа расмийлар бор эди. У Амир Темур билан учрашмоқчи эди. 1981 йилда Пантеондан кейин (Пантеон — Париждаги буюк шахслар дафн этилган улкан бино. Миттеран президент бўлгач, у ерга бориб айрим буюк шахсларнинг пойига гул қўйган — таржимон изоҳи) у худди дунё билан хайрлашмоқчидай бўлиб темурийларнинг энг буюгининг даҳмасига тушди. Ўша пайтда Тошкентдаги «Марказий Осиё тадқиқотлари француз институти»ни ташкил қилаётган Пьер Шувин президент билан қадамма-қадам бирга юрган эди. Анатолия тадқиқотлари француз институтини бошқараётган жаноб Шувин телефон орқали бизга қуйидагиларни гапириб берди:

Ерни севувчи инсон

«Мени энг ҳайратлантиргани Шоҳизиндага ташриф бўлса керак. Пастдан тепаликка қараб бир биридан гўзал қабрлар оралаб кўтарилиб борадиган йўлак. Президентга қулай бўлиши учун биз ташрифни тўғридан-тўғри тепада бўладиган қилиб ташкиллаштирган эдик. Одатий йўналишдан бошқа йўл орқали келишга рухсат беришга ўзбек расмийларини зўрға кўндирдик, чунки бошқа йўл замонавий қабрларнинг орасидан ўтиб келар эди. Ўзбеклар бунга рози бўлишди. Биз ўша ҳудудда шамлар ёқиб, мусиқачилар билан сайр қилишни ташкиллаштирмоқчи бўлгандик, ўзбек расмийлари бунга рози бўлмадилар.

Мен у каби адабий арбобга ёдгорликлардаги ёзувларда нималар ёзилганини айтиб берсак, қиз неварасининг хотирасига атаб ёзилган шеърлардан ўқиб берсак президентга ёқар деб ўйлаган эдим. Аммо бу нарсалар унга ҳеч қандай таъсир қилгани йўқ. Регистонда у ўзбеклар ижро этган фолклор спектаклини томоша қилиб ҳордиқ чиқарди...

Ислом Каримов ва Франсуа Миттеран Самарқандда. Манба: Gettyimages, Copyright: Thierry Orban.

Сўнгра Амир Темур, унинг набираси Улуғбекнинг ва бошқаларнинг мақбараси бўлмиш Гўри Амир даҳмасига тушдик. Мен президентга тошларга ўйиб ёзилган ёзувларни шарҳлаб бердим. Айниқса, ўз ўғли томонидан ўлдирилган Улуғбек ҳақидаги ёзувларни. У ҳар бир сўзимни диққат билан тинглар эди... Бу ер президент жуда кўп саволлар берган ягона жой бўлди.

Даҳманинг ўз муҳити бор эди, яъни, бошимизнинг устидаги президент кўп вақт томоша қилиб, тургиси келмаган ранг-баранг қабрлар ва биз кўриб турган хокисорлик ўртасидаги қарама-қаршилик сезилиб турар эди. Унинг тошларга бўлган ўзгача муносабати кўриниб турарди. У ерни севувчи инсон эди. 1981 йилда у Пантеоннинг даҳмасига тушган эди, энди эса ўзи сингари авлодларга ўрнак бўлиб қолган Амир Темурнинг даҳмасида турар эди».

Зар қадрини заргар билади

Ўзбекистонга кўплаб буюк шахслар, сиёсий ва адабий арбоблар ташриф буюрган. Шу билан бирга Ўзбекистонни «аҳамиятсиз» деб ҳисоблаган, баъзан билимсизларча назарга илмаган инсонлар ҳам бор бўлган. Аммо ўзбек мақолида айтилганидай, «Зар қадрини заргар билади». Ўзбекистоннинг буюк тарихини, жаҳон фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини, бир-биридан гўзал шаҳарларини, қўли доим кўксида бўлган меҳмондўст халқини, мазаси оғизда қоладиган таомлари ва тилёрар меваларининг қадрини билиш учун инсондан чуқур билим, юксак маданият ва кенг дунёқараш талаб этилади.

Ўлими яқинлиги муқаррар бўлса ҳам Ўзбекистонга бир марта саёҳат қилишни орзу қилиш учун эса Франсуа Миттерандай буюк инсон бўлиш керак. Миттеран 1996 йил 8 январь куни Парижда оламдан кўз юмади. Францияда унинг ўлими билан боғлиқ кўп шов-шувли миш-мишлар юради. Мен уларнинг рост ёки ёлғон эканлигини билмайман. Мени фақат бир нарса қувонтиради. Франсуа Миттерандай буюк президентнинг Ўзбекистонга саёҳат қилишдай буюк орзуси армонга айланиб қолгани йўқ. У ўзидан кейинги авлодларга, французларга энг ёрқин ўрнак кўрсатиб кетди. Балки сўнгги ўн йиллардан бери Ўзбекистонга ташриф буюрувчи чет эллик туристларнинг орасида французлар биринчи ўринни эгаллаб келаётганида шу ўрнакнинг ҳам ҳиссаси бордир!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг