Абдусатторов ва Синдоров 2025 йилнинг энг кўп мукофот олган гроссмейстерлари орасида
2025 йил якунларига кўра, жаҳон шахмат майдонида Ўзбекистон нуфузи янада мустаҳкамланди. Халқаро турнирлар бўйича мукофот пуллари таҳлили шуни кўрсатдики, ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров дунёда энг кўп мукофот ишлаб топган шахматчиларнинг «топ-10» ва «топ-15»талик рўйхатидан жой олди.
Маълумотларга кўра, Нодирбек Абдусатторов 2025 йил давомида 16 та йирик халқаро мусобақада иштирок этиб, жами 361 минг доллардан ортиқ мукофот пули ишлаб топган. Бу натижа унга жаҳон рейтингида 9-ўринни таъминлади. Ушбу кўрсаткич Абдусатторовни нафақат Марказий Осиё, балки бутун Осиё минтақасида энг муваффақиятли шахматчилардан бирига айлантирди.
Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров ҳам 2025 йилни юқори натижалар билан якунлади. У 11 та халқаро турнирда иштирок этиб, 349 минг долларга яқин мукофотга сазовор бўлди ва жаҳон миқёсида 10-ўринни эгаллади. Айниқса, ФИДЕ Жаҳон кубогидаги ғалабаси Синдоровни шахмат оламида янги авлод етакчиларидан бири сифатида намоён қилди.
Мутахассислар таъкидлашича, ўзбекистонлик шахматчиларнинг бу каби натижалари мамлакатда охирги йилларда олиб борилаётган тизимли спорт сиёсати, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро мусобақаларга кенг жалб этиш самараси ҳисобланади.
Шу билан бирга, таҳлилларга кўра, 2026 йилда ҳам Абдусатторов ва Синдоров ўз натижаларини сақлаб қолса ёки яхшиласа, улар жаҳон шахмат тарихида «миллион долларлик мукофот эгалари» клубига қўшилиши мумкин.
Бу эса Ўзбекистонни нафақат шахмат салоҳияти юқори давлат сифатида, балки жаҳон спорт иқтисодиётида ҳам муносиб ўрин эгаллаётган мамлакат сифатида кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter