Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гулистондаги портлаш оқибатлари маълум қилинди

Гулистондаги портлаш оқибатлари маълум қилинди

Фото: @Sirdaryo

Бугун, 7 октябрь куни соат 08:13 да Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус инфекциясига гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида кислород баллони портлаши содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

ФВВ ҳодиса ҳақида дастлабки маълумотни тақдим қилганди. Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, кислород баллонида салбий ҳолат (портлаш — таҳр.) юзага келган, бироқ ёнғин келиб чиқмаган.

Воқеа жойига зудлик билан вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ДХХ, ИИБ, ФВБ, ССБ бошлиқ ва ходимлари зудлик билан етиб келиб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи, тезкор маълумотлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, ахборот-таҳлил гуруҳи тузилган. Ҳамкор ташкилотларнинг тезкор-қидирув ва қутқарув кучлари тўлиқ жалб қилиниб, салбий ҳолат оқибатлари бартараф этилмоқда.

«Салбий ҳолат оқибатида мажмуада кислород станциясига хизмат кўрсатган 1 нафар фуқаро Д.М. тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиалига ётқизилиб, керакли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда, салбий ҳолат натижасида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган.

Мажмуадаги беморлар РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига тўлиқ жойлаштирилиши таъминланган, мажмуа ва унинг атрофида жойлашган биноларга моддий зарар етган (бино бузилиши ва йирик талофатлар мавжуд эмас).

Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда», дейилади ИИБ хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг