Ионлашган ҳаво, фойдали кўршапалаклар, даволовчи хусусиятга эга “ер ости қасри” — Баллижа ғорига кирамиз (фото)
Туркиянинг Токат шаҳрига борган ҳар бир сайёҳ каби мен ҳам бу ҳудуднинг ўзгача “энергияси”ни ҳис этдим. Қоя устидаги тош қалъа, тарихий шаҳар, “Дракула” афсонаси, баланд тоғлар бағридан келаётган салқин ҳаво… Ва ана шу сирли манзарани мукаммал қилиб турувчи яна бир манзил — 3,4 миллион йиллик Баллижа ғори.
Токат шаҳридан Баллижа ғори томон йўл оларканмиз, ҳар бир муюлишдаги қоя сизни ўзига ром этади, гўё “кел, бир сиримни очаман” дегандек. Бизнинг манзил эса Акдағ тоғлари бағрида жойлашган, денгиз сатҳидан қарийб 1100 метр баландликдаги ер ости олами эди.
Мўъжиза
Туркия ҳудудида қарийб 40 мингта ғор борлигини эшитганимда, “демак, бу мамлакатда ер остида ҳам бутун бир олам бор экан”, дея ўйлагандим. Аммо улар орасида Баллижа ғори ўзгача, у нафақат табиатнинг мўъжизаси, балки ўзининг сирлилиги билан ҳам ажралиб туради.
Ғорнинг геологик ландшафти глобал миқёсда камёб бўлиб, унда сталактитлар, сталагмитлар ва устунлар, парда травертинлари, ғор марваридлари ва ноёб пиёз сталактитлари мавжуд. Ўрганилмаган қисмлари туфайли сирли бўлиб қолаётган ушбу ғорда ҳозиргача аниқланган саккизта зал мавжуд.
Ғорнинг ичига киришингиз билан тубдан келган ифор, томчиларнинг аҳён-аҳёндаги товуши ва занжирларга осилгандек турган баланд сталактитлар (тош устунлар) сизга фантастик фильм трейлери каби ўхшаш ҳиссиёт беради.

Ушбу ер ости саройининг ҳар бир зали ўзига хос:
- 18 метрлик улкан сталактитлар — гўё вақтнинг ўзидек қотиб қолган устунлар.
- Пиёзсимон сталактитлар — дунёда жуда кам учрайдиган тузилишлар.
- Қалпоқ (Қўзиқорин) зали — мантиқан ҳам, кўринишидан ҳам ер ости ўрмонларини эслатади.
- Янги зал – 54 метр кенгликдаги янги дунё — оқ, жигарранг, қора рангли минераллар билан безалган “ер ости галереяси”.
Айнан шу нодир шакллар туфайли Баллижа ғори 2019 йилда ЮНЕСКОнинг вақтинчалик рўйхатига киритилган.
“Дракула” билан кўршапалакни нима боғлаб туради?
Токат шаҳридаги тарихий қалъада бир пайтлар “Дракула” маҳбус сифатида ушлаб турилгани ҳақида аввалги ҳикоямизда айтиб ўтган эдик.
«Дракула» ва «кўршапалак» — вампирлар ҳақидаги асарлар ва фильмларда кўпинча ўзаро боғлиқ ҳолда тасвирланади. Аслида эса “Desmodus draculae” деб аталувчи, бутунлай йўқ бўлиб кетган вампир-кўршапалак тури ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган. У ўз тури учун жуда йирик бўлгани сабабли граф “Дракула” образи шарафига шундай ном берилган.
Шу сабаб мистик асарларда кўршапалаклар кўпинча қўрқув, сеҳр-жоду ва сирли кучлар билан боғлаб келинади.

Баллижа ғорида кўп сонли майда кўршапалаклар борлигини эшитиб, хаёлингизга ўз-ўзидан шу каби фантастик тасаввурлар келади. Мағора бўйича инструктор Меҳмет улкан ғор ичида бизни тинчлантиргандек бўлади: “Бу ердаги кўршапалаклар кичик ҳажмли, асосан ҳашарот ва ўт-ўланлар билан озиқланади, қон сўрувчи эмас”.
Ғор ичидаги суҳбат
Бизга йўлбошчи бўлган Меҳмет саволларимизга қисқача жавоб берди.
— Баллижа ғорида илмий тадқиқотлар қачон бошланган?
— 1987 йилдан. Шунда биринчи катта экспедиция келган, хариталаш ишлари бошланган. 1995 йилда эса у расман омма учун очилди. Бу ерда қадимги инсонлар фаолиятига оид қолдиқлар топилган, лекин ҳали-ҳануз энг чуқур қисмигача батафсил археологик тадқиқот қилинмаган. Ишончим комилки, яна талай сирлар топилади.
— Нима Баллижани дунёдаги бошқа ғорлардан ажратиб туради?
— Пиёзсимон сталактитлар! Улар геологиянинг ўзига хос мўъжизаси. Бу шакл ҳар жойда пайдо бўлмайди. Шу сабабли ЮНЕСКО рўйхатига кирди. Асосий хусусияти, карст (табиий ҳодиса бўлиб, бунда сув оҳактош, гипс, доломит каби тоғ жинсларини эритиб, ер бағрида бўшлиқлар ва рельефнинг ўзига хос шаклларини ҳосил қилади) жараёнларининг кўриниши.
— Бу ерга қанча сайёҳ келади?
— Йиллик ташриф буюрувчилар сони 150 минг нафаргача етади. Пандемиядан олдин хорижликлар сони жуда кўп эди, ҳозир бироз камайган.
— Ғорнинг минерал таркиби қандай?
— Арагонит ва кварц энг кўп учрайди. Улар ёруғликда ранги ўзгариб туриши билан қизиқ.
— Бу гўзал шакллар қандай пайдо бўлган?
— Бунинг илмий томони: вақт, сув ва кальций карбонати. Улар миллион йиллар давомида тошларни эритиб, қайта шакллантиради. Афсонаси эса шундай: тоғ руҳлари ҳар ёмғирдан кейин ғор ичига тушиб, ҳар бир сталактитни “қўл меҳнати” билан янгилаб чиқаркан. Ҳар иккала вариант ҳам бизга ёқади (у кулади).
Ер остидаги ҳаёт: кўршапалак ва ҳавзалар
Ғор ичида кўршапалаклар, пастки қаватларда 20–60 см чуқурликдаги тиниқ сув ҳавзалари (аммо уни ичиб бўлмайди, сабаби — биринчидан, кўршапалакларнинг ахлати тушган бўлиши мумкин, иккинчидан, ғор ичида ҳали фанга номаълум қадимий бактериялар мавжуд), 77 хил сувўти турлари бор. Буларнинг барчаси ер остидаги кичик экотизимни ташкил қилади.
Меҳметнинг айтишича, кўршапалаклар ғор ичида табиий вентиляция вазифасини ҳам бажаради.
Нима учун Баллижа ғорига бориш керак?
- Чунки бу ер — 3,4 миллион йиллик табиий музей.
- Чунки бу ерда ҳали ҳам очилмаган сирлар бисёр.
- Чунки у жуда гўзал манзарага эга.
- Ва, албатта, бу ердаги ҳаво шу қадар софки, табиий шифохона вазифасини ўтайди.
Ғор чанг ва гулчанглардан ҳоли ионлашган ҳавоси туфайли астма ва нафас қисилиши билан оғриган беморларни даволар экан. Инструктор Меҳметга кўра, 20 кун давомида ҳар куни ғор ичида 2-3 соат нафас олиб кетган инсонларда ўзгариш яққол сезилади. Даво курсининг 3-4 кунидаёқ балғам кўчиши бошланади...
“Яна бир бор келаман!”
Баллижа ғоридан чиққанингиздан кейин бир муддат ўйланиб қоласиз. Ортингизга қараб: “насиб этса, яна бир бор келаман,” деб қўйишингиз табиий.
Чунки бу ерга бир бор кирган одам унинг сирларини тўла оча олмайди, балки унинг асирига ҳам айланади. Балки шунинг ўзи Баллижанинг энг катта синоатидир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter