Оролқумда 2 млн гектар майдонда ўрмон яратилади
«OkDiario» нашри Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриб қолган қисмида амалга оширилаётган йирик экологик лойиҳа ҳақида мақола эълон қилди. Унда мамлакат ҳукумати жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Орол ҳудудини қайта тиклаш дастурини амалга ошираётгани қайд этилган.
Мақолада таъкидланишича, илгари дунёдаги тўртинчи йирик кўллардан бири бўлган Орол денгизи ҳозирда шўрланган ва экологик жиҳатдан заиф ҳудудга айланган. Совет даврида Амударё ва Сирдарё сувларининг пахта майдонларига бурилиши экологик ҳалокатни бошлаб берган.
Натижада денгиз суви қарийб 90 фоизга қисқарган, унинг ўрнида эса Оролқум чўли шаклланган. Қақроқ ҳудуддан кўтарилаётган шўр ва заҳарли чанг аҳоли саломатлиги ҳамда қишлоқ хўжалигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Нашр маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоалар ҳамкорлигида собиқ денгиз тубида ўрмонлар барпо этиш дастури амалга оширилмоқда. Лойиҳа миллионлаб гектар ҳудудни қамраб олади.
Хусусан, Қорақалпоқ давлат университети талабалари ҳам кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилинган. Дастур доирасида 1 миллион гектаргача майдонда дарахт экиш режалаштирилган.
Мақолада келтирилишича, умумий ҳисобда қуриб қолган денгиз тубида 2 миллион гектардан ортиқ ҳудудда ўрмон тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар бу усул ер деградацияси ва чўлланишга қарши энг самарали ечимлардан бири эканини таъкидламоқда.
Мақолада қайд этилишича, лойиҳанинг асосий мақсади зарар кўрган ҳудудларни барқарор экологик маконга айлантириш, биологик хилма-хилликни тиклаш ва иқлим ўзгаришлари таъсирини юмшатишдан иборат.
Таъкидланишича, яшил ҳудудлар чанг бўронларини камайтириш, тупроқни мустаҳкамлаш ва аҳоли яшаш пунктларига зарарли моддалар тарқалишини чеклашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Оролни тиклаш бўйича тажрибасини халқаро майдонларда ҳам илгари сурмоқда. Қозоғистон билан ҳамкорликда Орол денгизининг шимолий қисмини тиклаш бўйича қўшма экологик лойиҳалар амалга оширилаётгани билдирилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter