Пастдарғомда аҳоли газ балонлари ўз вақтида етказилмаётганидан норози
Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани Кичик Найман МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар номидан таҳририятга мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда таъкидланишича, маҳалла аҳолисига ҳар 45 кунда етказиб берилиши лозим бўлган суюлтирилган газ балонлари қарийб 90 кундан буён тўлдирилмаган.
“Газ балонларимиз ҳар 45 кунда тўлдирилиши керак эди. Аммо мана, 90 кун бўлдики, тўлдирилмаяпти. Маҳалламизда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёш болали оилалар кўп. Айниқса қишнинг қировли, совуқ кунларида бу ҳолат уларга жуда қийин кечмоқда. Ёмғир остида боласига каша қайнатаётган ёш келинларимиз бор”, — дейилади мурожаатда.
Фуқароларнинг билдиришича, мавжуд ҳолат ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ва болали оилалар учун айниқса оғир кечмоқда. Улар мазкур муаммога тезкорлик билан эътибор қаратилиши, газ таъминоти ўз вақтида ва узлуксиз йўлга қўйилиши юзасидан мутасадди ташкилотлардан амалий ёрдам кутаётганини маълум қилган.
Масала юзасидан масъул идоралардан тегиши чора ва расмий изоҳ кутиб қоламиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter