Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

БМТ хартиясининг «Ажал» боби

БМТ хартиясининг «Ажал» боби

БМТ логотипи.

Фото: «Acsor-surveys.com»

Афғонистон, Ироқ, Сурия, Сомали, Ливия деб санайдиган бўлсак, инсонларнинг кўз олдига дарров дунёдаги уруш ва нотинчликларнинг ўчоқларига айланган давлатлар келади. Бир томондан, бу давлатларнинг ҳудудларида жанглар ва ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бўлса, бошқа томондан, у ерларга «тинчлик ўрнатувчи» давлатларнинг армиялари бориб жойлашиб олган. 

Уруш бор экан, албатта, унга барҳам бериш ва у ерда тинчлик ўрнатиш керак. Лекин дунёдаги «уруш ва тинчлик» муносабатларини тушуниб олиш учун «тинчлик ўрнатиш» юзасидан пайдо бўладиган саволларга жавоб топиш керак бўлади. Мазкур мақолада мавзуга оид асосий саволларга қисқача жавоблар беришга ва мавзуни тушунишга ҳаракат қиламиз.

«Тинчлик ўрнатувчи давлатлар» кимлар ?

«Тинчлик ўрнатувчи» давлатлар, табиийки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой ҳамда мана шу давлатлар «белгилаган» бошқа давлатлардир.

«Тинчлик ўрнатувчи давлатлар» уруш бўлаётган давлатларнинг ҳудудларига қандай юридик асосларга кўра қўшин киритишлари мумкин?

БМТ хартиясининг деярли барча боблари тинчликни ва куч ишлатмасликни ёқлайди. Фақат хартиянинг битта боби «тинчлик ўрнатувчи давлатлар»га ўз қўшинларини бошқа давлатнинг ҳудудига олиб киришга «рухсат беради». Бу БМТ хартиясининг 7-боби бўлиб, у «Тинчликка таҳдид, тинчликнинг бузилиши ва тажовуз ҳолатларида қилинадиган ҳаракатлар» деб номланади. Нотўғри талқин қилмаслик ёки шахсий қарашимни аралаштириб юбормаслик учун мазкур бобнинг дастлабки моддаларининг матнини келтираман.

Эслатма: таржима норасмий. Уни ўзим таржима қилганман. Таржимада эхтимолий хатолар бор бўлса, улар атайлаб қилинмаган бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши, хартиянинг оригинал версиялари интернетда мавжуд эканлигини эслатаман.

39-модда. Хавфсизлик кенгаши тинчликка таҳдид, тинчликнинг бузилиши ёки тажовуз ҳолатлари мавжуд эканлигини қайд этади ва ўзининг тавсияларини беради ёки тинчликни ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлаш ёки тиклаш мақсадида 41 ва 42-моддаларга биноан қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида қарор чиқаради.

40-модда. Вазият янада оғирлашиб кетмаслиги учун Хавфсизлик кенгаши, тавсиялар қилмасдан ёки 39-моддага биноан чоралар кўрмасдан олдин, тегишли томонларни зарур ва жоиз деб топилган вақтинчалик чораларга амал қилишга чақириши мумкин. Вақтинчалик чоралар тегишли томонларнинг ҳуқуқларига, талабларига ва эгаллаган позицияларига дахл қилмайди. Вақтинчалик чоралар бажарилмаса, Хавфсизлик кенгаши мазкур муваффақиятсизликни ҳисобга олиб қўяди.

41-модда. Хавфсизлик кенгаши ўз қарорларини бажартириш учун ҳарбий куч ишлатмай туриб қандай чораларни қўллаш зарурлаги ҳақида қарор қабул қилиши ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоларини мазкур чораларни қўллашга чақириши мумкин. Бу чоралар иқтисодий алоқаларни бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйиш, темир йўллар, сув йўллари, ҳаво қатновлари, почта, телеграф, радио алоқалари ва бошқа алоқа воситаларини узиб қўйиш ҳамда дипломатик алоқаларни тўхтатишдан иборат бўлиши мумкин.

42-модда.  Агар Хавфсизик кенгаши 41-моддада кўзда тутилган чораларни номутаносиб деб топса, ёки шундай эканлиги аниқланса, у тинчликни ва халқаро хавфсизликни таъминлаш ёки тиклаш учун зарур деб топган ҳаводан, сув орқали ва ердан туриб куч ишлатиш воситаларини қўллаши мумкин. Бу воситалар кучларни намойиш этиш, қамал чоралари ва БМТ аъзоларининг ҳаво кучлари, денгиз кучлари ва ердаги ҳарбий кучлари томонидан амалга ошириладиган бошқа операцияларни ўз ичига олиши мумкин.»...

БМТ хартиясининг преамбуласи
Фото: «Wikimedia.org»

«7- боб»нинг аҳамияти ва ўзига хосликлари нимада ?

 «7-боб» хартиядаги биронта давлатнинг ҳудудига бостириб киришга ва ҳарбий куч ишлатишга рухсат берувчи ягона бобдир. Албатта, бобнинг номи жарангдор эшитилади ва унинг мақсадлари эзгудай туюлади. Бир томондан шундай. Масалан, иккита давлат ўзаро урушиб, у ерга қудратли давлатлар ҳарбий куч ёрдамида аралашиб, урушни тўхтатишлари керак бўлиб қоладиган бўлса, айнан мана шу моддага таянилади. Лекин бу бобнинг шундай ўзига хосликлари борки, улар мазкур боб асосида ақл бовар қилмас ишларни қилишга имкон яратади.

Бу бобда ишлатилган сўзлар жуда умумий бўлиб, уларни истаганча талқин қилиш ва ўз мақсадларига мослаб олиш мумкин. Вазиятни баҳолаш, уруш ва хавфсизликка таҳдиднинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини белгилаш, қўшин киритиш зарур ёки зарур эмаслиги ҳақида қарор қилиш ва тинчлик ўрнатиш учун қандай кучларни ишлатиш кераклигини ҳал қилиш Хавфсизлик кенгашининг эркин ихтиёрига берилган. Бир сўз билан айтганда, уруш йўқ бўлса ҳам, агар улар «уруш бор» десалар, уруш бор бўлиб кетавериши мумкин.

Бобда уруш, хавфсизликка таҳдид, таҳдидларнинг турлари, кучлар ва ҳоказоларнинг аниқ ва тиниқ таърифлари кўрсатилмаган. Бу ҳам Хавфсизлик кенгашига бутунлай қарор ва ҳаракат эркинлигини тақдим этади.

Бобда «Адолат ўрнатиш», «Инсонпарварлик қоидаларини ҳурмат қилиш», «Маълум чегаралардан ошмаслик» каби иборалар ишлатилмаган ва мажбуриятлар йўқ. Яъни бу бобнинг мақсади адолат ўрнатиш, ҳақиқатни қарор топтириш эмас, айнан ТИНЧЛИК ЎРНАТИШдир. Тинчликни қандай ўрнатишни эса Хавфсизлик кенгашининг ўзи ҳал қилади. 

Бу бобда «Халқаро ҳуқуқ нормалари» ёки бошқа юридик қонунлар устувор дейилмайди. Яъни ягона юридик норма, бу Хавфсизлик кенгаши қабул қилган қарорлар ҳисобланади.

Хавфсизлик кенгашига нисбатан ҳеч қандай чоралар кўрилиши кўзда тутилмаган. Яъни, Хавфсизлик кенгаши нима қилишидан қатъи назар қилган ишлари учун жавоб беришга мажбур эмас. Масалан, АҚШ Ироқда ядро қуроли бор деб уруш бошлаб, битта давлатни вайрон қилса ва унинг алдаганлиги маълум бўлиб қолса, 7-боб АҚШга қарши ҳеч қандай жазо чораларини кўзда тутмайди.

Бу боб халқаро хавфсизликка таҳдидларга қарши курашади, яъни агар хавф уруш ёки муаммо давлат ҳудудининг ичкарисида бўладиган бўлса, бу давлатнинг ички иши ҳисобланади. Шу сабабдан бундай ҳолатларда 7-бобни қўллашнинг иложи бўлмайди.

Хартия қабул қилингандан бери 7-боб кўп марта қўлланганми ?

Хартия қабул қилинганидан (1945 йил) собиқ Совет иттифоқи йўқ бўлганига қадар бу боб кам қўлланган. Чунки икки қутбга бўлинган давлатлар Хавфсизлик кенгашида бир-бирларининг қарорларига «Вето» қўйиб, уни қўллашга бермаганлар. Яъни уларнинг ҳар бири «ўз» таъсиридаги давлатни «ҳимоя» қилганлар. Ўша даврларда, 1950-йиллар бошларидаги Корея урушида, кейинчалик 1977 йилда Жанубий Африкада ва яна бир неча ҳолатларда 7-бобга мурожат қилинган.

Совет иттифоқи парчалангач ва унинг меросхўри бўлмиш Россия заифлашгач, 7-бобнинг қўлланиш ҳолатлари кўпайиб кетган. Дастлаб, Ироқ-Қувайт урушида, кейинчалик Руандада, собиқ Югославия давлатлари ҳудудларида мазкур боб қўлланган.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган портлашдан кейин АҚШ БМТда «Халқаро терроризм» ҳақидаги резолюцияни қабул қилдиришга эришади ва шу асосда Афғонистонга қўшин киритади. 2003 йилда эса, кўпчилик давлатлар ва БМТ қарши бўлишига қарамасдан, АҚШ бу бобни ўзбошимчалик билан Ироққа қарши қўллайди.

Ундан кейинги воқеалар ўзингизга маълум. Бу боб Ливия, Сомали ва ниҳоят, Сурияда қўлланилади.

«Тинчлик» бобими ёки «ажал» бобими?

Албатта, агар соддалик билан ишониладиган бўлса, бобнинг номи ва унинг мақсадлари тинчлик ҳисобланади. Лекин сиёсатда соддалик бўлмайди. Бу боб қудратли давлатларга қўшин киритиш ва ҳарбий куч ишлатишга рухсат берувчи ягона боб бўлганлиги сабабли Хавфсизлик кенгашининг аъзолари бу бобнинг юқорида санаб ўтилган «ўзига хосликлари»дан унумли фойдаланишга интиладилар.

Масалан, 2008 йилда Грузияда ички ҳудудий муаммо бор эди. Лекин Грузия ўз ҳудудидан «ташқарига», яъни Жанубий Осетияга ҳарбий ҳужум қилиб чиқиши билан хавф «халқаро»га айланди ва бу Россияга унинг ҳудудига бостириб кириш ва куч ишлатиш «ҳуқуқи»ни берди. Бу ерда айнан нима бўлди, ким ҳақ ва ким ноҳақ эканлигининг аҳамияти йўқ. Масалан, кўп эҳтимол билан Россия Грузияни гиж-гижлаб, шу ишни қилишга атайлаб мажбур қилган бўлиши мумкин. Асосийси, Россия 7-бобни қўллашга асосни қўлга киритди ва уни қўллади.

Яна бир мисол. 2011 йили Сурияда «Араб баҳори» бошланган пайтларда бу Суриянинг ички муаммоси эди. Бу муаммо Суриянинг ҳудудида эканлигида Башар ал-Асад қанча одамларни отса ва ўлдирса ҳам қудратли давлатлар у ерга кира олмас эдилар. Лекин АҚШ ва манфаатдор тарафлар, Туркиянинг ёрдами билан Суриянинг ҳудудига радикал исломчиларни олиб киришга, у ерда ҳарбий тўқнашувларни келтириб чиқаришга ва ниҳоят муаммони Суриядан Ироққача чиқариб, «халқаро» қилишга эришдилар. Натижа ўзингизга маълум. Ҳозирда деярли барча қудратли давлатлар ўша ерга жойлашиб олганлар.

Янада тушунарли бўлиши учун охирги мисол. 2010 йилда Қирғизистонда юз берган воқеалар асосан Қирғизистоннинг ичкарисида юз берди. У ерда ҳақиқатан ҳам ўзбекларга нисбатан қирғин уюштирилаётган эди ва бу Ўзбекистонда яшовчи аҳолининг эҳтирослари жунбушга келишига сабаб бўлган эди. Ўшанда ҳукуматимиздан Қирғизистонга қўшин киритиш, миллатдошларимизни қутқариш ва қирғин қилаётган газандаларни жазолашни талаб қилиш ҳолатлари бўлган. Лекин Ўзбекистон барча босимларга дош бериб, Ўзбекистондан Қирғизистонга битта аскарнинг қадамини қўйдирмаган ва биронта ўқ оттирмаган эди. Аксинча, қочқинларни ўз ҳудудимизда қабул қилиб, уларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатиш билан машғул бўлган эди. Нимага ўшанда Ўзбекистон муаммога аралашмади ? Миллатдошларини қутқарса бўлар эди-ку! Газандаларни жазолашга ҳам кучи етар эди.

Агар ўшанда Ўзбекистон «аҳмоқлик» қилиб, Қирғизистоннинг ҳудудига битта аскар киритганида ёки битта ўқ оттирганида, Қирғизистоннинг ички муаммоси Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги халқаро муаммога айланар ва 7-бобга тўғри келиб, ҳудудимизга қўшин киритилишига юридик асос пайдо бўлган бўлар эди. Масалан, ҳудудимизга расман кириб, бизга «тинчлик ўрнатиб бериш» имконияти туғилиб қоладиган бўлса, Россия ёки АҚШ бу фурсатдан фойдаланмаган бўлармиди ? Жавобни ёзишим шарт эмас деб ўйлайман...

Хулоса

7-бобга қандай ном бериб, унга қандай буюк мақсадлар белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, унинг ўзига хосликларидан ва ундан ҳозирга қадар фойдаланилган вазиятлардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бу боб ҳозирча «тинчлик боби» эмас, балки «Ажал боби» бўлиб қолмоқда. Бу бобга тушиб қолганларнинг ҳолига вой.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг самарасизлиги ҳақида сўнгги пайтларда кўп гапирилмоқда. Бу бор гап. «Ажал боби» ва унинг хусусиятлари бунга яққол мисол бўлади.

Лекин БМТнинг мавжудлигининг бошқа асосий роли бор. Бу ташкилот бир-бирларини кўришга кўзлари йўқ бўлган, ҳатто душман бўлган давлатларнинг «маданиятли» бўлиб, стол атрофига келишларига ва бир-бирларига айтдиган гапларини айтиб, сўзлашишларига имкон яратмоқда. 

Кичик ва роли муҳим бўлмаган давлатларнинг эса 7-бобга тушиш ёки тушмасликлари, кўпинча, уларнинг ўзларига боғлиқ. Мен дунёдаги ҳеч бир давлат, айниқса, бизнинг жаннатмакон Ўзбекистонимиз ҳеч қачон «Ажал боби»нинг нишонига айланмаслигини тилаб қоламан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг