Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин Тинчлик кенгашига музлатилган активларидан 1 млрд доллар бермоқчи

Путин Тинчлик кенгашига музлатилган активларидан 1 млрд доллар бермоқчи

Россия президенти Владимир Путин Россия АҚШ томонидан музлатиб қўйилган активларидан 1 миллиард долларни Тинчлик кенгашига йўналтириш имкониятини билдирди. Унинг айтишича, бу қадам Россиянинг фаластин халқи билан мавжуд алоҳида муносабатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

«Ҳатто Тинчлик кенгаши таркибида иштирок этиш ва унинг фаолиятига қўшилиш масаласи бўйича қарор қабул қилинишидан олдин ҳам, Россиянинг фаластин халқи билан алоҳида муносабатларини ҳисобга олган ҳолда, биз, менимча, аввалги АҚШ маъмурияти даврида музлатилган Россия активларидан 1 миллиард АҚШ долларини Тинчлик кенгашига йўналтиришимиз мумкин», – деди Путин Россия Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан ўтказилган йиғилишда.

Шунингдек, Россия раҳбари Москва АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси билан тузилаётган Тинчлик кенгашини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини, бу масала аввал ҳам Вашингтон вакиллари билан муҳокама қилинганини таъкидлади.

«Сиз эшитган бўлишингиз мумкин, биз янги тузилма – Тинчлик кенгашига фаластин халқини қўллаб-қувватлаш, Ғазо сектори қайта тикланиши ва умуман Фаластин муаммоларини ҳал этиш учун 1 миллиард доллар йўналтиришга тайёрмиз. Бу маблағлар АҚШда аввалги маъмурият даврида музлатиб қўйилган активларимиз ҳисобидан ажратилиши мумкин», – деди Путин пайшанба куни Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос билан учрашувда.

Унинг қўшимча қилишича, бундай вариантлар илгари ҳам Америка маъмурияти вакиллари билан муҳокама қилинган ва бу мавзуда Москвада навбатдаги учрашув ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, Тинчлик кенгаши АҚШ президенти Дональд Трамп ташаббуси бўлиб, дунё бўйлаб можароларни ҳал этишни, энг аввало Ғазо секторидан бошлашни мақсад қилган. Режага кўра, ушбу тузилмага умрбод раисликни Дональд Трампнинг ўзи амалга оширади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг