«Россия бошқараётган МДҲда қолишнинг маъноси йўқ» – Молдова МДҲдан чиқиш жараёнларини бошлади
Молдова Россия бошчилигидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан (МДҲ) чиқишни расман якунлаш учун зарур ҳуқуқий жараёнларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда душанба куни мамлакат ташқи ишлар вазири Михай Попшой маълум қилди.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ташкил этилган МДҲдан чиқиш ташаббуси Европага интеграция тарафдори бўлган президент Майя Санду сиёсати билан уйғун. У 2030-йиллар охирига қадар Молдовани Европа Иттифоқига аъзо қилишни мақсад қилган. Санду Россиянинг Украинага бостириб киришини кескин қоралаб, Кремлни унинг ҳукуматини заифлаштиришга уринишда айблаб келади.
Украина ва Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Руминия орасида жойлашган, Европанинг энг камбағал давлатларидан бири саналган Молдова 2023 йилдан бери МДҲ доирасидаги барча фаолиятларда иштирок этмай келмоқда.
«Айни пайтда биз МДҲ билан боғлиқ учта асосий келишувни бекор қилиш жараёнидамиз, – деди мамлакат ташыи ишлар вазири Михаил Попшой Radio Moldova радиоси орқали чиқишида. У 1991 йилда ташкилотнинг тузилишига асос бўлган келишувларни назарда тутди. – Ушбу уч келишув бекор қилингач, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам МДҲ аъзоси эмаслигимизни айтиш мумкин бўлади. Амалда биз иштирокни олдинроқ тўхтатганмиз, аммо де-юре ҳали ҳам аъзо ҳисобланамиз».
Майя Санду 2024 йилда қайта президент этиб сайланган, ўтган йили эса унинг «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси парламент сайловларида кўпчилик ўринларни сақлаб қолган.
Сўнгги 150 йил ичида Молдова Россия империяси, Буюк Руминия ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган. Мустақилликка эришган 30 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат ҳукуматлари айрим пайтларда Россия билан яқин муносабатларни қўллаб-қувватлаган, айрим пайтларда эса унга қарши позиция тутган.
Ўтган ҳафта радиога берган интервьюсида Майя Санду, агар ҳозир Руминия билан қайта бирлашиш бўйича референдум ўтказилса, «ҳа» деб овоз беришини айтганди. Бу Молдова раҳбарининг илк бор бундай позицияни очиқ билдириши бўлди.
Молдованинг Россия тарафдори бўлган социалистлар партияси раҳбари, собиқ президент Игорь Додон МДҲдан чиқиш қарорини «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади.
Сиёсий таҳлилчи Виталий Андриевский эса бу қарор Молдованинг собиқ совет давлатлари билан алоқаларни узишини англатмаслигини таъкидлади.
«Бу жараённи охирига етказишимиз керак, – деди у Reuters агентлигига. – Биз муносабатларни икки томонлама асосда ривожлаштирамиз. Аммо Россия бошқараётган МДҲда қолишнинг энди маъноси йўқ».
Манба: reuters.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter