Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Психолог огоҳлантиради: Жеффри Эпштейн файлларини кўриш руҳий саломатликка жиддий хавф

Психолог огоҳлантиради: Жеффри Эпштейн файлларини кўриш руҳий саломатликка жиддий хавф

foto: chatgpt

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Жеффри Эпштейн иши билан боғлиқ жуда оғир контентлар тарқалаяпти ва бу асаб тизимингиз учун жуда хавфли.

Викар жароҳати нима?

Психологияда “викар жароҳати” тушунчаси мавжуд, соддароқ айтганда бу бошқаларнинг азоб-уқубатлари ҳақидаги маълумотларни кўриш ёки эшитиш орқали сиз олаётган руҳий жароҳат. Сиз бевосита қурбон бўлмасангиз ҳам, миянгиз худди ўзингиз бошдан кечираётгандек реакция беради. Бу фантазия ёки ҳаддан ортиқ эҳтиёткорлик эмас, кўплаб илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган неврологик жараён.

Бундай контентни томоша қилганда мияда стресс гормонлари ошиб кетади, яъни кортизол ва адреналин. Бунинг натижасида эса уйқу бузилади ва ваҳимали, хавотирли тушлар кўриш бошланади, доимий қўрқув ва безовталик ҳисси пайдо бўлади. Яқинларга, айниқса болаларга ортиқча хавотир билан қараш, одамларга ишончнинг йўқолиши, депрессия белгиларининг пайдо бўлиши, ҳамда “эмпатия чарчоғи” юзага келади.

Билишим керак туйғуси бу психологик тузоқ.

Кўпчилик “ҳамма кўраяптику, мен ҳам ҳақиқатни билишим керак”, деб ўйлайди. Бу психологияда FOMO деб аталувчи ҳодиса. Лекин, бу файлларни кўриш сизнинг ҳаётингизга ҳеч қандай фойда келтирмайди. Сиз уни кўрганингиз билан адолат тезроқ қарор топиб ҳам қолмайди, энг ачинарлиси эса қурбонларга ёрдам ҳам бермайди. Афсуслар бўлсинки, фақатгина психологик саломатлигингиз жиддий зарар кўргани қолади.

 Оқибатлари қандай?

Бундай оғир контентларни кўриш ва қизиқиш таъсири бўйича илмий тадқиқотлар орқали мижозларда нафақат уйқу ва тушларнинг бузилиши ёки безовталик, хавотир, депрессив белгилар кузатилган, балки тасвирларни мия узоқ муддат сақлаши аниқланган. Сиз хоҳласангиз ҳам уни унутолмайсиз, энг ёмони эса улар энг кутилмаган пайтларда, турмуш ўртоғингиз билан тинч суҳбатлашиб ўтирганингизда, болангизни қучоқлаганингизда, тинч дам олаётганингизда хаёлга келаверади.

Биринчи ва энг муҳим қоида: бу файлларни ҳеч қачон очманг. Бу заифлик эмас, аксинча донолик ва ўз психологик саломатлигингизни қадрлаш интизоми. Сиз ўз оилангиз, ишингиз, жамият учун руҳий жиҳатдан соғлом бўлишингиз керак.

Агар аллақачон кўрган бўлсангиз ўзингизни айбламанг.

Яқинларингиз билан гаплашинг (лекин тафсилотларсиз, фақат ҳиссиётларингиз ҳақида гаплашинг). Жисмоний фаоллик билан шуғулланинг, югуриш, спорт залига бориш, табиатда юриш орқали, бу стресс гормонларини камайтиради. Ухлашдан олдин телефонга қараманг, тинчлантирувчи мусиқа тингланг. Агар юқоридаги белгилар давом этаверса мутахассисга мурожаат қилинг, бу уятли нарса эмас.

Ижтимоий тармоқларингизни тозалаш вақти келганини яна бир бор ўйлаб кўринг. Шов-шувли, шокли контент тарқатувчи саҳифаларни, блогерларни ўчиринг. Экран вақтини камайтиринг (кунига 2 соатдан ошмасин). Ишончли, ижобий контентга обуна бўлинг. Болаларингизни ҳам бундай контентларни кўришдан ҳимоя қилинг — бу жуда муҳим.

Уларнинг телефонларида ота-она назорати функциясини фаоллаштиринг. Ёш меъёрига мос иловалар ва браузерларни ўрнатинг. Интернетда хавфсизлик қоидалари ҳақида очиқ гаплашинг. Бу масалада ўзингиз намуна бўлинг, болалар олдида телефонга камроқ қаранг.

Қачон тезда психологик ёрдам керак?

Руҳий бузилишларни ташхислаш учун халқаро стандартга кўра, агар сиз ёки яқинларингиз қуйидаги белгиларни икки ҳафтадан ортиқ сезсангиз, кечиктирманг: уйқу бузилишида, доимий қўрқув, ваҳима хуружида, болаларингиздан ажралиб қолишдан қаттиқ қўрқишда, ҳамма одамларга бирдай ишонсизликда, депрессия белгилари кузатилса, яъни ҳеч нарсага қизиқмаслик, кулгу ва завқнинг келмаслигида, ўз-ўзига зарар етказиш фикрларида, яъни бу ҳолатлар кузатилганида мутахассис ёрдами шарт!

Хуллас, дунёда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Биз бундан тўла халос бўлолмаймиз. Чунки, бу бизнинг назоратимизда эмас, яъни айнан фақат сизнинг назоратингизда эмас. Биз дунёдаги барча ёмонликлар ҳақида билишимиз бизнинг хавфсизлигимизни таъминламайди ва барча ёмонликни кўриш ёки билиш шарт эмас.

Адолатни, инсонийлик ва эзгуликларни қўллаб-қувватлаш учун ўзингизни азоблашингиз, жароҳатлашингиз керак эмас. Ҳақиқий кучингиз руҳий саломатлигингизни сақлаш, ҳаётнинг нурли томонларга эътибор бериш, яқинларингизга ғамхўрлик қилишда...

Мадина Мийтан, психолог

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг